Линклар

Бишкек шаҳар туманлараро суди Қирғизистон ҳукуматининг иссиқлик ва электр энергияси нархини 30 фоиздан 80 фоизгача ошириш тўғрисидаги қарорини “Халқ билан маслаҳатлашилмай чиқарилган қарор” деб баҳолаб, унинг ижросини бекор қилди.

Фуқаролик жамияти фаоллари Нурбек Тўктакунов ва Манасбек Султонов Қирғизистон ҳукумати жамоатчилик билан етарли даражада муҳокама қилмай туриб иссиқлик ва электр энергияси нархларини оширгани юзасидан судга шикоят аризаси киритган эди.

Ҳукуматнинг 1 июлда қабул қилган қарорида иссиқлик энергияси ва иссиқ сув нархи 30 фоизга оширилган эди. 1 сентябрдан эса уч фазали электр энергияси истеъмолчилари учун нарх қарийиб 80 фоизга қимматлаган.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги нархларнинг кўтарилишини тармоқ 7 миллиард қирғиз сўми миқдорида камомадга эгалиги ва нархлар кўтарилмаса энергетика тармоғи таназзулга учраши билан изоҳлаган эди.

29 сентябрда томонларнинг иддаоларини ўрганиб чиққан Бишкек шаҳар туманлараро суди фуқаролик жамияти фаолларининг ҳукумат “халқ билан маслаҳатлашмай туриб нархларни кўтарди” , деган ёндашувини асосли деб топди ҳамда ҳукуматнинг нархларни кўтариш тўғрисидаги қарорини бекор қилди.

Энергетика ва саноат вазири Ўсмўнбек Артиқбаев суднинг бу қароридан қониқмаганини ҳамда юқори суд инстанциясига мурожаат қилишини айтди:

- Барча масалалар муҳокама қилинган. Парламентда ҳам, жамоатчилик орасида ҳам вилоятларга бориб, қишлоқларга бориб жамоатчилик тингловларини ўткизганмиз. Бу тадбирларнинг барчаси протоколлаштирилган, -деди вазир.

Айни пайтда қирғизистонлик экспертлар суднинг бу қарорини қўллаб-қувватлашмоқда. Уларнинг айтишларича, Қирғизистонда аҳоли учун муҳим бўлган қонунлар ва нарх-навонинг кўтарилиши юзасидан қарорлар фақат кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинган ҳолатдагина қабул қилиниши аниқ таъкидланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, энергетика соҳаси бўйича эксперт Николай Кравцов ҳукумат электр ва иссиқлик учун нархларни қонунларни бузмаган ҳолда оширилишига эришиши зарур, деб ҳисоблайди:

-Суднинг қарори жуда тўғри. Ҳукумат қонун доирасидан чиқмаган ҳолда нархларни оширишнинг вариантларини ўйланиши керак. Қирғизистон қонунчилигида нархларни ошириш масаласи халқ билан мухокама қилинган ҳолдагина ҳал этилиши ёзилган. Ҳукумат эса муҳокама ўрнига жамоатчилик тингловларини ўткизган. Бу масала халқ билан муҳокама қилинмаган бўлса, қонун талаблари бузилган бўлса, у ҳолда нархларни ошириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деди эксперт Николай Кравцов.

Бишкек шаҳар туманлараро судининг қарори 30 кун ичида кучга киради. Мана шу давр мобайнида аҳоли иссиқ сув, электр ва иссиқлик энергияси учун оширилган баҳода ҳақ тўлашга мажбур бўлади.

Агар ҳукумат туманлараро суд ҳукмидан норозилик билдириб, юқори суд инстанцияларига мурожаат қилса, бу жараён бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG