Линклар

logo-print

Суриянинг Хомс шаҳрида мактаб ва касалхона олдида содир бўлган икки портлашда камида 39 киши нобуд бўлди. Бу қурбонларнинг 30 нафари 12 ёшгача бўлган болалардир. Бу ҳақда қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилади.

Ассошиейтед Пресс агентлигининг Сурия расмийлари маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича эса, Хомсдаги портлашларда 22 киши ҳалок бўлган.

Маълумотларга кўра, даставвал болалар мактабдан чиқаётган пайтда у ерда ичига бомба ўрнатилган автомобиль портлаган. Орадан бир неча дақиқа ўтгач эса, касалхона олдида иккинчи портлаш содир бўлган. Суриялик ҳуқуқ фаолларига кўра, бу портлаш худкуш шахс томонидан содир этилган.

Портлашлар Хомснинг расмийлар назорати остида бўлган ва асосан алавийлар истиқомат қиладиган мавзеида содир этилган.

Мазкур портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олгани йўқ. Ахборот агентликларининг қайд этишларича, ўтмишда президент Башар Ассад режими билан курашаётган суриялик исёнчилар расмийлар назорати остида бўлган ҳудудларда портлашлар уюштириб турганлар.

Май ойида Сурия армияси Ҳалабдаги мактаб ва қочқинлар лагери жойлашган ерга ҳаводан зарба берганди. Ўшанда 19 киши, шу жумладан, 10 нафар бола нобуд бўлганди.

XS
SM
MD
LG