Линклар

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати “ИД" билан бир сафдалигини эълон қилди


Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Усмон Ғозий.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Усмон Ғозий.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати "Исломий Давлат"ни қўллаб қувватлаши ва у билан бир сафда эканлигини маълум қилди. Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Усмон Ғозий тарафидан 13 сентябр куни имзоланган ва 26 сентябр куни эълон қилинган баëнотда “Ироқ ва Шомда Исломий Халифалик эълон қилингани хабари” ҳаракат аъзоларини “хурсанд ва хушнуд” қилгани таъкидланади. Баëнот муаллифлари бутун дунё мусулмонларини “Исломий Хилофатнинг тикланиши” билан табриклаб, бошқаларнинг ҳам бу гуруҳни қўллаб-қувватлашга чақиради.

Баёнот “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан Исломий Давлат учун қўллаб-қувватлаш ва насиҳатномаси”, дея номланган.

Усмон Ғозий баёноти эълон қилинган hilofatnews.com веб саҳифаси 2013 йилда Туркияда очилиб, АҚШда рўйхатдан ўтган.

Хилофот шамоли

Барча ҳаракат аъзолари номидан ўзларининг Исломий Халифат билан бир сафда эканини эълон қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳозирги раҳбари Усмон Ғозий 2009 йилда ўлдирилган салафи Тоҳир Йўлдошнинг “Хилофат шаббодалари эсмоқда, карвондан орқада қолманглар¸ деб башорат қилган кунлар” келганидан хурсандлигини баëнот давомида таъкидлайди.

Нишон ўзгардими?

Бундан бир йил олдин Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакили Сурияда президент Башар Асадга қарши жанговар ҳаракатларга қўшилмаслигини билдирган эди.

Ҳаракатнинг расмий сўзчиси Яҳё Ҳикматий Озодликка юборилган аудио жавобида Суриядаги жангларга аралашиш "АҚШ найрангига учишни англатиши"ни айтган эди:

“АҚШ ҳар доимгидек мужоҳидлар қўли билан ўз рақибларини йўқотмоқчи. Кейин эса қурбонлар бериб, заҳматлар чеккан мусулмонларни зинҳор ҳукуматга келтирмоқчи эмас. Бундан ташқари, Афғонистон жиҳодини ҳам шу билан сусайтирмоқчи. Биз бу кофирларнинг қўлида фигура бўлмаймиз. Бизда жиҳодий амалиëтларни Сурияда давом эттириш, деган гап йўқ. Ўзбекистон Исломий ҳаракати минтақадаги курашини давом эттирмоқда”, дейилган эди ЎИҲ йўллаган аудиожавобда.

Орадан бир йил ўтиб, Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган “Исломий давлат” гуруҳи Ўзбекистон Исломий ҳаракати қўлловига нойил бўлди.

Баëнотда бунинг сабаби “Ислом ва куфр ўртасида давом этиб келаётган бу мужодалада ўз иймоний мажбуриятлари” билан изоҳланади.

Чўкаëтган одамнинг ҳасга ëпишиши

ЎИҲ тарқатган “насиҳатнома”да Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан чегарадош, қабилалар назоратидаги Вазиристон минтақасида олиб бораётган йирик ҳарбий амалиётлари ҳаракат жангариларини оғир аҳволда қолдиргани борасида ишорат бор:

“Вазиристон дунёдан узиб қўйилгани, кўплаб мужоҳидлар жанг қилишдан бош тортиб, минтақани бўшатиб қўйишгани ва жангнинг бошида турган жамоатлари ҳам ҳамма томондан қамалга олингани” ҳақидаги маълумотлар баëнотдан ўрин олган.

Ўзбекистон учун таҳдид кучайди

ЎИҲ ҳақидаги китоб муаллифи¸ покистонлик журналист Аҳмад Рашиднинг Озодликка айтишича¸ бу ҳолат кучсизланган ҳаракатнинг пилиги кўтарилиб, Марказий Осиë учун янгидан таҳдид манбаига айланганидан далолат:

- Воқеаларнинг бундай ривожи Марказий Осиё учун жуда катта таҳдид яратмоқда. "Исломий Давлат" гуруҳи жуда яхши молияланган, аъло даражада қуролланган ва дунёда танилган террорчи гуруҳдир. Албатта ЎИҲнинг бу даҳшатли гуруҳга қўшилиши унинг Марказий Осиё халқи олдида нуфузини туширади. ЎИҲ бир қадар сиёсийлашган ва "Исломий давлат" гуруҳига ўхшаб ўта радикал ҳаракатлар қилмаган эди. Бу баёнот назаримда ЎИҲ аъзоларининг ҳаммаси Ироқ-Сурияга кетишини англатмайди. Аммо энди минтақада қоладиган гуруҳ аъзолари "Исломий давлат" гуруҳидан қўшимча қувват олади ва бу гуруҳнинг ишларини шу минтақада амалга оширади¸- дейди суҳбатдош.

ЎИҲ бадавлат бошпаноҳ изламоқда

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1997 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга байъат берган холда фаолият олиб борган.

Навбатдаги баëнотдан тушунилишича¸ “14 йиллик тинимсиз жиҳодий фаолиятлари натижасида Америка шармандаларча Афғонистонни тарк этиб қочишга шошаëтгани” ЎИХнинг Афғонистондаги вазифаси тугалланганига ишорат.

ЎИҲ "Исломий давлат" паноҳига ўтиши сабаби бу гуруҳининг иқтисодий жиҳатдан қудратли экани билан изоҳланмоқда.

"Исломий давлат"га мадҳия

Баëнотда Ироқ ва Шомда тузилган "Исломий Халифалик"нинг тўртта афзаллиги саналади:

"Исломий Давлат" нинг “Россия, Америка ва бошқа ҳукумат билан сиёсий ҳамкорлик” қилмагани биринчи ижобий хусусият сифатида саналади.

"ИД"нинг мавжуд ҳудуд ва чегараларини мутлақо тан олмасдан Фаластин, Макка ва Мадинани ўз ичига олиш режаси эса иккинчи афзаллик сифатида мақталади.

Баëнотда “Исломий Давлат лашкарлари ватанпарастлик ва миллатчилик даъволаридан пок” эканлиги ва уларни араб, чечен, ўзбек, тожик, қирғизни, рус, инглиз тилида гаплашадиган интернационал таркибига тасанно айтилади.

"ИД"нинг ЎИҲ олқишига сазовор бўлган яна бир жиҳати мана бу мисраларда ифода қилинган.

“Ўғриларнинг қўллари кесилмоқда, насоролардан жизя олинмоқда, Иблисга ибодат қиладиган язидийя тоифаси қириб ташланмоқда, журналист қиёфасидаги куфр жосусларининг бошлари узилмоқда”

ЎИҲдан "ИД" учун "мастер класс"

Ўзини жиҳод амалиëти бўйича билимдон устоз ҳисоблаган ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозий янги тузилган "ИД"га насиҳат қилишни ҳам унутмаган.

ЎИҲ раҳбари Ироқ ва Шом ерида фаолият олиб бораётган барча жиҳодий жамоатлар¸ “Жабҳатун Нусрат”, “Ансорул Ислом” ташкилотларини "Исломий Давлат" билан бир сафда бўлишга чақиради.

Шу билан бирга ЎИҲ раҳбари "ИД"ни “Жиҳод ибодатига дунё, мансаб, мол-дунё муҳаббати аралашиб қолишидан” ҳаргиз эҳтиёт бўлишга чақиради.

ЎИҲ раҳбариятининг насиҳатларидан бири қатл процедурасига оид.

ЎИҲ тавсиясига кўра¸ қатл шошма-шошарлик билан эмас, балки “шу ишнинг ўз аҳллари бўлмиш тақводор уламолар” фатвосига кўра амалга оширилиши лозим.

ЎИҲ ҳақида

1993 йили Ўзбекистондан қочган Тоҳир Йўлдош 1996 йили Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини тузди.

ЎИҲ 1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида қўним топади ва ўша ердан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ҳужум уюштиради.

Бу ҳужумларни биз уюштирдик, деб тан олган эди Тоҳир Йўлдош ўзи тайëрлаган тарғибот фильми воситасида.

2009 йили 27 август куни Тоҳир Йўлдош Вазиристонда пилотсиз бошқариладиган АҚШ учқичи отган ракета ҳужумида яраланиб, сал ўтмай касалхонада жон таслим қилади.

2012 йилда эса, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам худди шу тарзда ҳалок этилганди.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий раҳбарлик қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG