Линклар

logo-print

Киевга қочган ФСБ зобити: Мен Путин режимига қарши жанг қилгани келдим

  • Садриддин Ашур

Илья Богданов Украинанинг 5-телеканалида

Илья Богданов Украинанинг 5-телеканалида

Украинанинг кўнгиллилар батальонига ёзилган Россия Федерал хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари катта лейтенанти Илья Богданов июль ойида Киевга қочиб келган. Богданов ўз тажрибалари ёрдамида фуқаролик урушини тўхтатиш учун келганини айтади.

Илья Богданов Россия ФСБсининг Хабаровск чегара институтини тугатган. Доғистон ва Приморье ўлкасида хизмат қилган.

Киевда ўтказилган матбуот анжуманида ФСБ зобити Россия телеканаллари “чириб бораётган” мамлакат проблемаларини ёритмай, балки Украина ҳақида “суткасига 24 соатдан алжираверганидан” сўнг Украинага қочиб келганини айтди.

“Мен бир мақсадда, аксилтеррор амалиётларида қатнашиш учун бу ерга келдим”, деди зобит.

Богданов айирмачилар томонида дўстлари ҳам жанг қилаётганини айтиб ўтди:

“Биргина Владивостокнинг ўзидан менинг бир қанча танишларим жанг қилгани кетган. Улардан билишимча, у ерда 70 фоиз келгиндилар ва 30 фоиз маҳаллий алкашлар жанг қилмоқда. Мен Путин режимини ҳимоя қилаётган Россия фуқаролари билан урушишга тайёрман. Агар Россияда революция бўлса, мен ҳам қайтаман”, деди Илья Богданов Киевда ўтказилган матбуот анжуманида.

Илья ҳозир аксилтеррор амалиётлари олиб борилаётган ҳудуддаги кўнгилли батальонлардан бирида хизмат қилмоқда.

Озодлик радиосига берган интервьюсида у Украинада кечаётган тақдири ҳақида гапириб берди.

- Сиз уч ойдан буён Украинадасиз. Ўз қарорингиздан пушаймон эмасмисиз, бу шошқалоқлик бўлмадими?

- Мутлақо йўқ, мен Украинага келганимдан хурсандман. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, деб ҳисоблайман. Мен Рашада (Россияда демоқчи - муҳаррир) қололмасдим.

- Россиядан келган сиздан бошқа кўнгиллилар ҳам борми, улардан ким биландир мулоқотда бўлдингизми, улар нима дейишяпти?

- Албатта гаплашдим. Бу ерда рус диаспораси анча катта. Хусусан “Азов” батальонидаги руслар билан жуда яхши муносабатдаман. Одамлар, асосан, қалб даъватига биноан режимга қарши жанг қилгани келишган. Ҳалол ва яхши одамлар, бундайларни Рашада ҳар жойда ҳам учратавермайсан.

- Сиз каби рус кўнгиллиларига украинлар, батальондаги қуролдошларингиз қандай муносабатда бўляпти? Эҳтиёткорлик биланми ёки дарҳол давраларига қабул қилишдими?

- Яхши, меҳрибонлик билан муносабатда бўлишяпти. Сен ечолмаган муаммони ҳал қилишга доим тайёр турган кўнгиллилар ташкилоти борлиги мени жуда қувонтирди. Украинанинг қайси шаҳрига келсанг сени овқатлантиради, ичиради, пул беришади. Ҳамма нарса жуда тез ҳал қилинади, бу жуда яхши.

- Илья, сиз рус миллатчиси. Сиз нима учун Россия томонида эмас, балки Россияга қарши жанг қилишга қарор қилдингиз?

- Мен Россияга қарши эмас, балки барча демократик қадриятларни ер билан яксон қилган Путин режимига қарши курашяпман. Ва ҳозир Россия яна тубсиз жарга қулаб кетмоқда. Бунинг олдини олиш керак.

- Сиз “приморье партизанлари” билан дўст бўлган экансиз, шу тўғрими?

- “Приморье партизанлари” менинг дўстларим. Қамоқда ўтирган Саша Ковтун... гўёки исломни қабул қилган экан, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор, шекилли. Андрей Сухорада ва бошқаларни ҳам танийман.

- ФСБда сиз каби дунёқарашда бўлган одамларни ҳам учратдингизми ёки фақат сиз оқ қарғамидингиз?

- Албатта учратганман. У ерда миллатчи-социалистлар, миллатчилар, режимдан рози бўлмаганлар, коммунистик қарашдаги одамлар ҳам бор.

- Путин режимига қарши кайфиятда турган одамлар ҳам борми?

- Ҳа, бор. Албатта, улар ҳар бурчакда туриб олиб бу ҳақда бақиришмайди, лекин бундайлар бор. Ҳатто ҳеч қандай аниқ сиёсий позицияси бўлмаган, шахсий дунёқараши йўқ, лекин режимга қарши бўлган одамлар ҳам бор. Лекин улар учун ем еб турган охурлари, ўзларининг ишончидан ҳам қадрлироқдир.

- Сизни Литвиненко каби йўқ қилишларидан қўрқмайсизми? ФСБ унга қарши ишлаётган ходимларини ҳеч қачон кечирмаса керак. Сизга таҳдидлар бўляптими?

- Ҳозирча таҳдид бўлгани йўқ. Лекин Россиядаги дўстларимни ёзишича Украина тарафида жанг қилаётган русларнинг ҳаммасини қайтариб жазолашни ваъда қилган. Мен тақдирнинг ҳамма синовларига тайёрман. Вова тоғанинг олдига боришдан кўра, сўнгги дақиқада ўзимни граната билан портлатганим маъқул.

- Украина Хавфсизлик хизмати сизни қўриқлаяпти экан, шу ростми?

- Мени умуман қўриқлашаётгани йўқ, фақат бошида менинг шпион эмаслигимни аниқлаш мақсадида роса текширишди.

- Россиядаги қариндошларингизни безовта қилишмаяптими?

- Билишимча менга нисбатан “ватанга хиёнат” моддаси бўйича жиноят иши очишган. Уйга келишган, ҳарбий прокуратурага, синглимни эса ФСБга чақиришган. Подмосковьедаги холамникига боришган. Ҳозир жуда қаттиқ олишмаяпти, шунчаки сўраб туришибди, - деди Украинага қочиб келган Россия ФСБ сининг чегара қўшинлари катта лейтенанти Илья Богданов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG