Линклар

Германия бирлашганига 25 йил тўлди


Михаил Горбачев¸ Ҳелмут Кол ва Жорж Буш монументлари

Михаил Горбачев¸ Ҳелмут Кол ва Жорж Буш монументлари

3 октябрь куни Германияда Берлин девори қулаганининг 25 йиллиги байрам қилинди. Бундан 25 йил олдин ГДР билан ФРГ бирлашиб, Германия ҳудудида коммунистик тизимга нуқта қўйганди. Шундан буён собиқ социалистик мамлакат ҳисобланган ГДР аҳолиси фаровонлик ва эркинликдан баҳраманд бўлиб яшамоқда.

Ўтган ҳафта Германияда ўтказилган ижтимоий сўровда қатнашган немисларниг 90 фоизи ўз турмушидан мамнун эканлигини билдирди.

Бир пайтлар ГДРдаги хавфсизлик хизмати - Штазининг мутлақ назорати остида ҳатти- ҳаракати чекланган ҳолда яшаган собиқ ГДР фуқаролари 25 йилдан бери эркин яшаëтганидан мамнунлигини изҳор қилишмоқда.

Ҳар йили 3 октябрь куни Германиянинг бирлашган куни нишонланади.

Бу байрам икки давлат ўртасидаги деворга қарши ГДР ичида туриб курашганлар учун айниқса қадрли.

Суҳбатдошим берлинлик Эккеҳард Маас ана шундайлардан бири.

У ГДРдаги диссидентлар курашидан ҳикоя қилувчи "Девор кўланкасида" китобининг муаллифи.

Ўтган асрнинг 70- йилларида Маас ўз ҳамфикрлари билан демократия ғояларини тарғиб қилиш мақсадида концертлар ўтказган эди.

Концертлар ертўлада ўтказилгани учун Эккеҳард Маасга ГДР махсус хизмати, Штази жосуслари "Ертўла" деган лақаб қўйишди. Штази архивларида "Ертўла" яъни Эккеҳард Маас фаолияти ҳақида 14 томлик материал йиғилган. 14 томлик бу материал билан ҳозирда ҳамма танишиши мумкин.

Девор қандай йиқилди

Эккеҳард Маас Берлин девори қулаганида 35 ëшда эди.

У ўша кунни шундай эслайди:

- Мен девордан бор йўғи 200 метр берида яшар эдим. Кечқурун бирдан югуриб кетаëтган оломон овози эшитилди. Бу менга ғалати туюлди. Чунки туннинг бу қисмида одамларнинг югурганини эшитиш нотабиий эди. Кўчага чиқсам девор қулабди. Одамлар дарëси Ғарб томонга қараб оқар эди. Шунча орзу қилганимиз, бу кун ниҳоят етиб келган эди, - дейди Маас.

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун АҚШ собиқ президенти Жорж Бушга қўйилган ҳайкал

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун АҚШ собиқ президенти Жорж Бушга қўйилган ҳайкал

Суҳбатдошимга, сиз ўша пайтда, яъни ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Берлин девори қулашига, Совет Иттифоқининг тарқаб кетишига кўзинггиз етганмиди, деб савол берганимда унинг жавоби мана бундай бўлди:

- Биласизми, уйимдаги ошхонада мусиқачи ва рассом дўстларим билан тонготар мунозаралар олиб бораëтганимдаëқ мен учун ГДР ва умуман социализм ғояси ўлиб бўлган эди. Албатта ўшанда Ғарб билан бизнинг орамиздаги девор жуда қалин ва юксак эди. Аммо қашшоқ ГДР фақат Совет Иттифоқи садақаси билан кунини кўра олмай қолди. У ГФРдан моддий кўмак сўраб қўлини чўзди. ГФР маълум шартлар асосида молиявий ëрдам ваъда қилди. Бу шартлардан бири ГДР фуқароларининг Ғарбий Германияга сафар қилишга ижозат берилишига оид эди.

ГДР қисман бу шартни бажарди. ГФРдаги яқин қариндошлари оламдан ўтганда ГДРликларга дафн маросимига боришга рухсат берилди.

Ғарбий Германияга борган одамлар у ерда фаровон турмушни, обод кўчаларни, ҳашаматли автомобилларни, ранг- баранг ва қувноқ ҳаëтни кўришди. Улар қайтиб келганларида коммунизм ғояларига ишонмай қўйишди. Девор ўша пайтдаëқ дарз кетиб бўлган эди,- деди суҳбатдош.

Эккеҳард Маас ва бошқа немис диссидентлари

Эккеҳард Маас ва бошқа немис диссидентлари

Девор йиқилганидан бери 25 йил ўтди. Шарқий Германияликлар ҳам фаровон капитализм неъматларидан баҳраманд бўлишди. Бу неъматлар эса турлича бўлиб чиқди. ГДРнинг камсуқум фуқароларига, фоҳишахоналар, уюшган жиноятчилик ва ишсизлик муаммолари билан учрашиш ҳам насиб қилди. Ҳозир Германиянинг шарқу-ғарбида девор қулаганидан таассуф қилаëтганлар ҳам оз эмас. Собиқ ГДРликлар ўзларининг осойишта ҳаëтини қўмсашса, ғарбий- германияликлар ўша пайтдаги арзон нарх-навони соғинишади. Шарқий Германия иқтисодини тиклашга кетаëтган улкан маблағнинг бир қисми ГФР фуқароларидан махсус солиқ тарзида олинмоқда.

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун ГФР собиқ канцлери Гелмут Колга қўйилган ҳайкал

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун ГФР собиқ канцлери Гелмут Колга қўйилган ҳайкал

Сухбатдошимиз Эккеҳард Маас эса ўтмишни соғинаëтганлар сони кўп эмаслигини айтади:

- Тўғри, биз ҳозир сиëсий босимдан қутулиб иқтисодий босимга дуч келганимизни англаяпмиз. Аммо ўтмишни соғинаëтганлар сони кўп эмас. Шарқий немислар фаровон ҳаëтни хоҳлашган эди ва бунга эришишди. Жуда кўп шарқий немислар олдин тасаввурига ҳам сиғдира олмаган моддий тўкин-сочинлик соҳиби бўлишди. Айни пайтда аҳолининг муҳтож қисми учун ижтимоий кафолат ҳам бор. Одамларнинг жуда катта кўпчилиги девор қулаганидан барибир хурсанд,- дейди суҳбатдош.

Немисларнинг фош бўлган СНБси

Германияда Штази архивлари бундан 24 йил аввал очилиб¸ ҳар бир немис фуқароси ўзи борасида йиғилган материаллар билан танишиш имконига эга бўлди.

1992 йилда шарқий германиялик диссидент Эккеҳард Масс ўзи устидан тўпланган 26 томлик материалларни уйига олиб бориш учун юк машинаси ëллашга тўғри келганини таъкидлади:

- Мактубларимиз очиб ўқилаëтгани¸ телефондаги суҳбатларимиз тингланаëтганини тахмин қилардик¸ аммо жосуслар бизнинг энг яқин дўстларимиз ичида эканлигига ақлимиз етмасди. Штази чақимчиларининг оиламиз ичига кириб олиб, шаxсий муносабатларимизгача аралашиши мумкинлигини ақлимизга сиғдира олмасдик, - дейди суҳбатдош.

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун СССР президенти Михаил Горбачевга қўйилган ҳайкал

Берлин деворини йиқитишда қўшган ҳиссаси учун СССР президенти Михаил Горбачевга қўйилган ҳайкал

Эккеҳард Масс 80-йилларда ГДРда юзага чиққан демократик ҳаракатлар¸ сиëсий партиялар¸ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаолларининг асосий қисми Штази жосуслари эканлигидан ҳайратга тушганини айтади:

- Штази чақимчилари барча сиëсий партиялар раҳбариятига суқилиб кириб олишганди. 13 кишидан иборат Панков тинчлик ҳаракатининг 7 аъзоси Штази чақимчиси бўлиб чиқди. Бу даҳшат эмасми?, - дейди суҳбатдош.

Суҳбат давомида Эккеҳард Маас бу даҳшатнинг ўтмишга айланганидан мамнунлигини билдирди.

Арxив маълумотларида собиқ ГДР Давлат хавфсизлиги вазирлигида жаъми 218 минг киши ишлагани қайд қилинган.

**************************************************************************

Ушбу мақола муаллифи Шуҳрат Бобожон бундан 25 йил аввал Шарқий Берлинда шахсий рассомлик кўргазмаси билан қатнашаётган эди.

Ўша пайтдаги хотиралар ëзилган лавҳани ҳам мақолага илова қилсак:

Гуд бай Коммунизм

1988 йилнинг ëзида илк маротаба шарқий Берлиннинг Шўнефелд қўналғасига қўндим.

Горбачёв ҳурриятидан ларзага келган Москвадан кейин Шўнефелд ўта сокин ва кўримсиз туюлди менга. Нафақат аэропортда балки бутун ГДРда улкан бир маҳзунлик бор эди.

Мен ўшанда девор ëнидаги Шўнҳаузалле (Гўзал кўчалар ҳиëбони) кўчасида турдим. Девор орқасидан кўриниб турган теракларга ҳавас қилгандим.

Бу тераклар Ғарбдаги эркин муҳитда ўсаëтган тераклар эди.

Ғарбий ва Шарқий Берлин ўртасидаги девор 1961 йилда Германия Демократик Республикаси томонидан Совет Иттифоқи кўмагида қурилган эди.

ГДР мулозимларига кўра, девор социалистик Берлинни ғарбий Берлиннинг ëмон таъсиридан тўсиш мақсадида тикланган.

Аслида девор шарқий-германиялик немисларнинг ғарбга қочишига йўл қўймаслик мақсадида қурилган эди.

Берлин девори совуқ урушнинг яққол тимсолига айланган эди.

Совет Иттифоқида Михаил Горбачëв томонидан бошланган демократик ислоҳот бу деворнинг қулашига олиб келди.

1989 йилда ГДРга сафар қилган СССР Президенти Михаил Горбачёв немис халқининг озодлик ва демократияга муштоқлигини ўз кўзи билан кўрди.

"Йўқолсин Штази! Девор йиқилсин! Бизга озодлик керак!"- деб ҳайқиришган эди ўшанда Горбачёв олдига чиққан шарқий-германияликлар.

"Ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи белгилайди",- деди уларга жавобан Михаил Горбачëв.

Халқ ҳам Горбачëвнинг шу гапига маҳтал бўлиб турган экан шекилли, 28 йил тикка турган деворни ва унга қўшиб 40 йил давр сурган ГДР давлатининг ҳам оëғини осмондан келтиришди.

Деворнинг қулаши нафақат коммунизм инқирозининг, балки икки Германия бирлашишининг ҳам тимсоли бўлди.

Берлин марказида бугун деворни йиқитган уч қахрамон¸ Михаил Горбачёв¸ Жорж Буш ва Ҳелмут Колга ҳайкал қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG