Линклар

Тафтиш навбати Тошкентдаги хусусий ўқув марказларига келди


Абитуриентлар аксар ҳолларда хусусий ўқув курсларида ўқиб, тест синовларига тайёрланишади.

Абитуриентлар аксар ҳолларда хусусий ўқув курсларида ўқиб, тест синовларига тайёрланишади.

Сўнгги бир неча кун ичида Тошкентдаги бир қатор хусусий ўқув марказлари Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси инспекторларининг текширувларига нишон бўлди. Ўзбекистонлик кузатувчилар хусусий ўқув марказларидаги текширувларни ҳукуматнинг таълим сохасини тўлиқ ўз назоратига олишга уринаётгани белгиси сифатида кўрмоқда.

30 сентябрь куни ўтказилган текширувлар чоғида Тошкентдаги “Profi-Education”, “High Five”, “Express English”, “Study Expert” ва “IELTS House” каби ўқув марказларида cолиқ инспекцияси ходимлари бир қатор қонунбузарликларни аниқлаган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган солиқ тизимидаги манбага кўра, жумладан, солиқ инспекторлари ўқув марказларида педагог бўлмаган ўқитувчилар дарс бериб келганини аниқлаган. Шунингдек, текширув пайтида ўқув марказларида солиқдан қочиш учун ўқитувчиларга маош "конверт"да тўланиб, бухгалтерия ҳисобларига киритилмагани аниқланган.

Текширувлар чоғида Тошкентда лицензиясиз фаолият юритиб келган ўқув марказлари ҳам аниқлангани айтилмоқда.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси расмийлари мазкур холатлар бўйича қонун доирасида чоралар кўрилади, демоқда.

- Солиқ инспекторларимиз аниқлаган мазкур холат бўйича суд қарор беради, - деди Озодлик боғланган Давлат Солиқ қўмитаси расмийси.

Озодлик мухбири текширувлар ўтказилган ўқув марказларига ҳам қўнғироқ қилиб кўрди.

Тошкентдаги абитуриентларни ўқишга киришга тайёрловчи “Profi-Education” раҳбарларидан бири текширувларга қарамай ўқув маркази фаолиятини давом эттираётганини айтди.

– Ҳаммаси жойида, фаолият давом этяпти. Душанба кунидан тайёрлов курслари бошланади. Бизники нодавлат маркази, Ўзбекистон Давлат тест марказидан лицензиямиз ҳам бор. Биринчи октябрдан биринчи августга қадар абитуриентларни тайёрлаймиз. Ўқитувчиларимизнинг ҳаммаси малакали, дипломли. Уларнинг рўйхати, қайси билим юртини тугатгани ҳаммаси сайтимизда бор, - деди Profi-Education” раҳбарларидан бири.

Солиқ инспекторлари текширувларига нишон бўлган бошқа хусусий ўқув марказлари текширувлар ҳақида изоҳ беришмади.

Тошкентдаги хусусий ўқув курсларидан бирида инглиз тилидан дарс берадиган Илхом Собировга кўра, бу каби текширувлар биринчи марта бўлаётгани йўқ:

- Ҳар бир ўқув маркази Давлат тест марказидан лицензия олиб фаолият юритади. Шу лицензия талаби бўйича ўқув марказлари фақат малакали ўқитувчиларни ёллаши керак. Айримлари ўқитувчиларга арзон пул тўлаб, дипломига қарамайди. Бунақа марказлар жуда кўпайиб кетган. Яна бир масала бу марказларда нималар ўқитилади. Олий ва махсус таълим вазирлиги ҳам шуларни назорат қилиш учун текширувлар ўтказиб туради. Талабга жавоб бермайдиганлари лицензиядан махрум қилинади, - деди тошкентлик инглиз тили ўқитувчиси.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда бир қанча хусусий ўқув марказлари фаолияти тугатилди.

Сўнгги икки йил ичида мамлакатда икки мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда таълим бериш билан шуғулланиб келгани ҳам аниқланган.

Тошкент шаҳрида хорижий тиллар, тикувчилик, ҳамширалик, сартарошлик, компьютер ўргатиш, абитуриентларни тайёрлаш билан махсус лицензиясиз фаолият кўрсатиб келган 700га яқин ўқув маркази аниқланган, кўпчилигининг фаолияти тугатилган.

Ўзбекистонлик ўқитувчи Бахтиёр Караматов фикрича, Ўзбекистондаги хусусий ўқув марказларидаги текширувлар ҳукуматнинг таълим сохасини тўлиқ ўз назоратига олишга уринаётгани белгисидир.

- Ўқиш сифати ҳақида гапирсак, давлатнинг мактабларидагига қараганда хусусий мактабларда ўқиш сифатлику. Буни ота-оналар билишади. Сифатсиз бўлса, шунча пул тўлаб ўқитмайдику. Менимча ҳукумат хусусий ўқув марказларини ривожланишига йўл очиб бериши керак, - дейди Караматов.

Бугунги кунда нодавлат таълим муассасаларига лицензия бериш ва уларни назорат қилиш билан Давлат тест маркази шуғулланади.

Давлат тест марказининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, таълим фаолияти билан лицензия олмасдан фаолият кўрсатиш тақиқланган.

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, уйида ўтириб абитуриентларни ўқишга тайёрловчи репетиторлар ҳам лицензия олиши шарт.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG