Линклар

Минор масжидидаги ҳайит намозига таклифнома билан кирилади


Минор масжиди хонақоҳи (Сурат UzDaily.uz сайтидан олинди)

Минор масжиди хонақоҳи (Сурат UzDaily.uz сайтидан олинди)

Тошкентнинг Юнусобод туманида қурилган Минор масжидида биринчи марта намоз Қурбон ҳайити куни ўқилади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийсига кўра, масжид биносида, илк сафларда фақат таклифнома берилган кишилар намоз ўқийди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун янги ишга тушган Минор масжидига келадиган ёши улуғ нуроний отахонларга таклифнома берилган.

Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, масжид хонақоҳида қариялар қийналмай намоз ўқишларини таъминлаш учун таклифнома жорий қилинган:

- Биринчи кундан нуроний отахонлар орқада қолиб, қийналиб қолишмасин, ёши улуғ, табаррук ёшдаги кишиларга таклифнома берилсин, хурсанд бўлиб дуолар қилиб кетишсин, деб таклифнома ташкил қилинган,- деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Озодликка кейинги икки кун ичида "Минор масжидига фақат таклифнома берилган одамлар киритилармиш" деган бир қанча хабар келди. Шайх Абдулазиз Мансур бунинг нотўғри ва ҳеч қандай асосга эга эмаслигини айтиб, бундай қилиш Ислом динига ҳам тўғри келмаслигини таъкидлади:

- Ундай бўлиши мумкин эмас. Биринчидан, масжидга одамларни таклифнома билан киритиш шариатимизга тўғри келмайди. Иккинчидан, таклифномани ҳаммага етказиб бўладими? Улуғларни олдинги сафларга ўтказиш табаррук ёшдагиларнинг ҳурмати. Масжидга қанча кўп одам келса, ўзимиз ҳам раҳбарият ҳам шунча хурсанд бўламиз,- деди Шайх Абдулазиз Мансур.

Диний идора расмийсига кўра, Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун Минор масжидига келадиган отахонларга таклифнома бериш ва бино ичкарисидан жой ажратиш Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита маслаҳати билан бўлган.

Шайх Абдулазиз Мансур Минор масжидига Раҳматуллоҳ Сайфуддинов имом этиб тайинланганини қўшимча қилди:

- Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Камолон деган масжидда имом бўлиб ишлаётган эдилар. Ўқиган, маълумотли, дипломли. Ҳар ҳолда у жойни янада обод қилади. Ўзининг Камолон масжидини ҳам жуда обод қилиб қўйган, - деди суҳбатдош.

Минор масжидини қуриш ишлари 2013 йил декабрь ойида бошланган. Ўшанда масжид асли ўзбекистонлик бўлган Россия олигархи Алишер Усмоновнинг маблағи ҳисобига қурилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Июнь ойида Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати Минор масжиди қурилишига Усмонов ҳомийлик қилаётганини инкор қилган.

Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда Минор масжиди Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маблағига бунёд этилганини айтди:

- Бизга маълум, президентнинг қарорида ҳам чиққан, бу масжид давлат бюджети билан Диний идоранинг маблағи ҳисобига дейилган. Биз бундан бошқа нарсани билмаймиз. Биз қурилиш ишларига аралашмадик. Алишер Усмоновнинг ҳам, бошқанинг ҳам бунга даҳли йўқ ҳозирча, - деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Шайх Абдулазиз Мансур Минор масжидини қуриш учун қанча маблағ сарфлангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини, масжид фаолият бошлаганидан кейин бу ва бошқа тафсилотлар эълон қилинишига умид билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG