Линклар

Икки нафар қрим татари ўтган ҳафта номаълум шахслар тарафидан машинада олиб қочиб кетилди. Бу Россия аннексиясини тан олмаётган қримлик татарларга қарши қатағон тўлқинининг бир қисми ўлароқ кўрилмоқда.

27 сентябрь куни оқ рангли машина Симферопол Белогорск автомобил йўли чеккасида турган икки қрим татари ёнига келиб тўхтайди.

Воқеа гувоҳларига кўра, машинадан тушган номаълум шахслар 18 ёшли Ислом Жепаров ва 23 ёшли Жавдод Исломовни қўлини қайириб, машинага босиб номаълум томонга олиб кетишади.

Ўшандан бери уларнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

- Кечаги ҳодиса жуда мудхиш бир ходисадир. Бу даҳшат. Агар бу ёш йигитларга қандайдир эътироз бўлса, ҳукуматнинг расмий органлари бор, полиция бор, ўша ерга чақиртириб ҳал қилишлари мумкин эди, - дейди Қрим татарлари мажлисининг Белогорск шаҳри бўйича раҳбари.

Симферополдан 40 километр шимоли шарқда жойлашган Белогорскда 29 сентябрь куни 150дан зиёд қрим татари пешин номозига йиғилиб, ҳукумат расмийларидан икки йигитнинг олиб қочиб кетилиши юзасидан тергов ўтказишни талаб қилди.

- Бу қрим татарларига қилинаётган ҳужумдир. Бизнинг ягона айбимиз қрим татарлари эканимиз, мусулмон эканимиз. Мен бу ерда бошқа сабабни кўрмаяпман. Улар бизни қўрқитиб, бурчакка олишмоқчи, - деди намозда қатнашганлардан бири.

Россия Тергов қўмитасининг Қримдаги бўлими ўша куниёқ икки қрим татарининг бедарак йўқлиши юзасидан текширув бошлаганини маълум қилди.

Белагорскда икки қрим татар йигитининг олиб қочиб кетилиши Россия аннексиясини тан олмаётган қрим татарларига қарши қатағон тўлқинининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Май ойида тўрт қрим татар фаоли Леонид Крож, Тимур Шаймардонов, Васили Черних ва Сейран Зейниддиновлар ҳам изсиз йўқолган эди.

Қариндошларига кўра, улар Россия хавфсизлик кучлари тарафидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.

Украинанинг Россия тарафидан аннексия қилинган ярим ороли –Қримнинг раҳбарияти йўқолган қрим татарлари тақдири борасидаги саволларни жавобсиз қолдириб келмоқда.

Россия қримни босиб олиши ортидан президент Владимир Путин ўтган аср ўрталарида Сталин қатағони қурбони бўлган қрим татарлари муаммоларига эътибор қаратилишини ваъда қилган эди.

Лекин Қрим аннексия қилинганидан ойлар ўтиб қрим татарларига нисбатан таъқиб ва қатағонлар кўлами кун сайин ортиб бораётгани айтилмоқда.

Қримлик фаолларга кўра, Россия аннексияси ортидан қрим татарлари ҳибсга олиниб, қийноққа солинмоқда ва ўлдирилмоқда.

Шунингдек, масжидларга рейдлар, қрим татар етакчиларига жиноий ишлар очилиш ҳолатлари ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Қрим татарларининг фахрий етакчиси, Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилевга ўз ватани бўлмиш Қримга киришига рухсат берилмаётир.

Жамилевга ўз ватанига кириш май ойидан тақиқлаб қўйилди.

Унинг Қримда хибсга олинган ўғли Қайсар Россияга олиб кетилди.

Қайсар Жамилев ўтган йилнинг май ойида дўстини отиб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинганди.

Россия март ойида Қримни аннексия қилганидан сўнг бу юзадан тергов қайта бошланган.

Жамилевнинг ўғли ҳозир жиноят кодексининг одам ўлдириш дохил учта банди бўйича айбланмоқда.

Ўтган ой Қрим татарларининг вакиллик органи бўлмиш мажлис полиция ва юзига ниқоб тортган қуроллилар рейдларига нишон бўлди.

Ўтган ой қрим татар вакилларининг Нью-Йоркда ўтган БМТнинг миллатлар анжуманига боришига тўсқинлик қилинди.

Анжуманга отланган қрим-татар фаоли Нодир Бекиров уни 18 сентябрь куни номаълум шахслар Симферополдан Жонқўйгача таъқиб қилганини айтган.

Бакировга кўра, ниқобли одамлар у кетаётган таксини тўхтатиб, паспортини куч билан тортиб олишган.

Жорий йил март ойида Россия Украинадаги майдон инқилоби ортидан Қримни аннексия қилган эди.

Украина президенти Петро Порошенко Қримни Россия ишғолидан озод этиш ўзининг устивор вазифаси эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG