Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:59

Британия Бош вазири Афғонистонга ёрдам беришни ваъда қилди


Британия Бош вазири Д.Камерон (ч) ва Афғонистон Президенти А.Ғани, Кобул ш., 2014 йил 3 октябрь.
Британия Бош вазири Д.Камерон (ч) ва Афғонистон Президенти А.Ғани, Кобул ш., 2014 йил 3 октябрь.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон 3 октябрь куни аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга борди. Кобулда Афғонистоннинг янги президенти билан учрашган Камерон Британия 2017 йилгача Афғонистонга ҳар йили 287 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам беришни ваъда қилди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон 3 октябрь куни Кобулда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан учрашди.

Камерон Ашраф Ғани Афғонистон президенти сифатида қасамёд қилганидан бери бу мамлакатга ташриф буюрган биринчи дунё лидери бўлди.

Афғонистон президенти билан музокарадан кейин Кобулда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Дэвид Камерон афғонистонликлар “хавфсизроқ, барқарор ва фаровон” жамият қуришида Британия уларга ёрдам беришини ваъда қилди.

Камерон Афғонистоннинг янги миллий бирлик ҳукуматини халқни бирлаштириш орқали “коррупциядан ҳоли, Афғонистон бўйлаб яхши бошқарувни йўлга қўйишга” чақирди.

29 сентябрь куни ўтказилган тантанали маросимда Ашраф Ғани президент, унинг сиёсий рақиби Абдулла Абдулла Бош вазир сифатида қасамёд қилди.

Камерон Ғани ва Абдуллани миллий манфаатни “шахсий манфаат”дан юқори қўйишга чақирди.

Британия Бош вазири Афғонистон ҳарбийлари билан елкама-елка туриб жанг қилган пайтда ўлган барча хорижий аскарлар, жумладан, британиялик аскарлар хотирасини ёд этди.

Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар пайтида 453 нафар британиялик аскар ўлган.

Британия АҚШдан кейин Афғонистонга энг кўп қўшин киритган иккинчи мамлакат ҳисобланади.

13 йил олдин Афғонистонга киритилган Британиянинг жанговор қўшинлари жорий йил охиригача бу мамлакатдан олаб чиқилиши режаланган.

Шу ҳафтада Ашраф Ғани АҚШ билан икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолади. Келишувда халқаро кучлар 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин қарийб 10 минг нафар америкалик ҳарбий Афғонистонда қолиши назарда тутилган.

Шу каби бошқа шартнома яқин кунларда НАТО билан ҳам имзоланиши кутиляпти.

Бу келишув Британия, Германия, Италия ва туркиялик беш минггача аскарининг 2014 йилдан кейин Афғонистонда қолишига қонуний асос бўлади.

Британия Афғонистоннинг асосий донорларидан бири ҳисобланади. Камерон ўз мамлакати 2017 йилгача Афғонистонга ҳар йили 287 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам беришини ваъда қилди.

Британия Бош вазири ўзи ва Ашраф Ғани ноябрь ойида Лондонда Афғонистон келажаги бўйича халқаро анжуманга мезбонлик қилишини билдирди.

Афғонистонга келишидан олдин Камерон Қибрисдаги британиялик ҳарбий учувчилар билан учрашди. Қибрисдаги базадан ҳавога кўтарилган Британия учқичлари Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи жанггариларига ҳаводан ҳужум қилиш амалиётларида қатнашмоқда.

2 октябрь куни Қибриснинг Акротири базасида британиялик ҳарбийлар билан учрашган Камерон террорчи экстремистларни мағлуб этиш ишлари дунё бўйлаб давом этаётганини урғулади.

- Мен бу вазиятни ўзгартиришига ишонаман. Бу вақт талаб қилади. Чунки урушаётган аскарлар Британия ёки Америка аскарлари эмас. Улар Ироқ аскарлари ва бу вақт талаб қилади, дея баён қилди Дэвид Камерон.

XS
SM
MD
LG