Линклар

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида пахта тераётган фермерларга 4 октябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ва таниқли ёш ҳофиз Шохжаҳон Жўраевлар концерт берди. Маълум бўлишича, концертда фаол 50 теримчи қутланган ва улар учун совғалар тадбиркорлар, маҳаллий ташкилотлардан ундирилган.

Озодликка Қорақалпоғистондан боғланган манба 4 октябрь куни Элликқалъа туманидаги пахтакорларга Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ва таниқли ёш ҳофиз Шохжаҳон Жўраевлар концерт бергани ҳақида ёзди.

Манбага кўра, туман маркази ва пахта даласида ўтган концерт дастури чоғида 50га яқин фаол теримчи ва ташкилотчи қутланган ҳамда уларга улашилган совға-саломлар маҳаллий тадбиркорлардан ундирилган:

"Assalomu alaykum! Kecha Ellikqal'a tumani Tuproqqal'a MFY dagi "Ellikqal'a ostonasi" fermer xöjaligida bir qator taniqli sanatkorlarning paxta hasharchilari uchun konsert dasturi bölib ötdi.Konsert 3 soatcha davom etgan va tadbir söngida fermer xöjaligidagi ishchilarga sovg'alar topshirildi. Dökonchining "uyi kuydi"! Tadbirda ishchilarga tarqatilgan sovg'alar bozordagi dökondorlardan tekinga olingan. Paxta yig'im terimiga majburiy "hissa" qöshtirish uchun. Shu tadbirni özidayoq 50dan ortiq sovga'a topshirildi", деб ёзди исми сир қолишини сўраган элликқалъалик манба.

Кейинги кунларда бирин-кетин режани бажараётган фермер хўжаликлари ва туманларда қутловлар кўпайгани, совға-саломлар якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ташкилотлардан мажбурий равишда ундирилаётгани ҳақида Озодликка кўплаб хабарлар келмоқда.

Элликқалъа тумани мисолида маълум бўлишича, Қурбон ҳайити олдидан республика санъаткорларига режани бажариш арафасида бўлган туманларга сафар уюштириш топиширилган.

"Бош вазир Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 4 октябрь куни Элликқалъага Озодбек Назарбеков билан Шохжаҳон Жўраевлар келди. Қурбон ҳайити билан табриклаб, кайфиятини кўтариб келсанглар, бу район ҳам режани бажариб олади, деб юборишганда. Мана бугун (6 октябрь - таҳр.) Элликқалъа почти планни бажарди, Худо хоҳласа", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда туман ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси.

Бу мулозимдан олинган маълумотга кўра, маҳаллий санъаткорлар туманда иккита концерт берган ва иккисида ҳам ўнлаб фаолга мукофот, совғалар топширилган.

Мулозим совға ва мукофот пуллари хусусий ва давлатга қаршли ташкилотларнинг тўлиқ ҳомийлигида тўпланганини тан олди, аммо якка тартибдаги тадбиркорлардан совға ундирилгани ҳақидаги иддаоларга аниқ жавоб бермади:

"Тумандаги пахта завод, МТП (Машина-трактор парки - таҳр.), анча-мунча илғор фермерлар ўзларимиз совғаларни ажратдик. Кўп пахта терганларга совғалар улашдик. Кейин "Камолот" ташкилоти, асосан, совғаларни уюштирадида ҳозир. Шу маҳаллий тадбиркорлар билан улар ишлайди. Масалан, биз фалон фермер тўлди, деб айтамиз, кейин "Камолот" совғаларни йиғиб келиб берадида", деди туман ҳокимияти расмийси.

Маълум бўлишича, ҳозир "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят ва туман ҳокимликлари қошидаги бўлимлари пахтакорлар учун концерт дастурлари ва қутлов маросимларининг асосий ташкилотчиси бўлиб қолмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлардан совға йиғиш кампаниясига эса ҳокимият мулозимлари бош-қош бўлаётгани айтилди.

Озодликка йўлланган мактубда номи тилга олинган "Элликқалъа остонаси" фермер хўжалигида бўлган концерт томошабинларидан бири ишчилару теримчилар концерту совғалардан мамнун қолганини айтди:

"Туман марказидаги культурний центрда бўлди битта концерт, кейин планни бажарган Нуриддин аканинг хўжалигида яна битта бўлди.("Элликқалъа остонаси" фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Матназаров назарда тутилмоқда - таҳр.) 250-300 кило пахта терган аёллар бор экан - уларга DVD телевизорлар беришди. Кейин гилам, сервислар олишди. Концерт зўр бўлди лекин, ҳамма хурсанд бўлди", деди исми сир қолиши ва овозини ёзиб олмаслигимизни сўраган ишчи.

4-5 октябрь кунлари республиканинг турли вилоятларидаги пахта далаларида концерт берган санъаткорлар кўп бўлди.

Жумладан, Фарҳод ва Ширин дуэти Самарқанд вилоятида пахтакорларга қўшиқ айтгани, эстрада хонандаси Манзура Хоразм вилоятида концерт бергани, "Афруз" гуруҳи Сирдарё вилоятида текин концерт қўйгани ҳақида Instagram тармоғидаги саҳифасида фотохабар қолдирди.

2014 йилги пахта йиғим-терими копаниясида санъаткорларнинг ўтган йиллардагидан анча фаол экани ва муҳими, бу фаоллик фаол тарғиб қилинаётгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG