Линклар

logo-print

“Исломий Давлат” Сурия-Туркия чегарасидаги муҳим нуқтани эгаллади


“Исломий Давлат” гуруҳи жанггариларининг Кобани шаҳрига ҳужуми, 2014 йил 3 октябрь.

“Исломий Давлат” гуруҳи жанггариларининг Кобани шаҳрига ҳужуми, 2014 йил 3 октябрь.

“Исломий Давлат” гуруҳи жанггарилари Суриянинг Туркия чегарасига яқин жойлашган Кобани шаҳри яқинидаги стратегик тепаликнинг бир қисмини ишғол қилди. АҚШ етакчилигидаги коалиция учқичларининг ҳаво ҳужумлари жанггарилар ҳужумини тўхтата олмади. Курд лидерлари АҚШ етакчилигидаги коалиция ва Туркия ҳукуматини Кобани жанггарилар қўлига ўтишининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаётганликда айблади.

Сурия ва Ироқнинг катта қисмини босиб олган “Исломий Давлат” гуруҳи жанггарилари Сурия-Туркия чегарасидаги Кобани шаҳрига яқин стратегик тепаликнинг бир қисмини якшанба куни ишғол қилди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилотига кўра, Курд халқи ҳимоячилари ва тепаликнинг шаҳарга қараган шимолий томонини назорат қилаётган суриялик исёнчиларга қарши тун бўйи давом этган шиддатли отишмалардан сўнг жиҳодчи жанггарилар 5 октябрь куни Миште Нур тепалигининг жанубий қисмини ишғол қилган.

АҚШ учқичлари ҳаводан зарбалар бераётгани “Исломий Давлат” гуруҳи жанггариларини стратегик тепаликнинг бир қисмини эгаллаб олишига тўсқинлик қила олмади.

5 октябрь куни жанггарилар Кобани шаҳрини ракета, минамёт ва танклардан ўққа тутишни давом эттирди. Ғарб ахборот агентликларига кўра, чегаранинг Туркия томонида Кобани шаҳри узра қора тутун осмонга кўтарилаётгани кузатилган.

Ҳужумлар сабабли Кобани шаҳрида яшовчи аҳолидан тахминан 180 минг киши чегарани кесиб Туркия ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлган.

“Исломий Давлат” жанггарилари аксар аҳолиси курдлар, шунингдек, туркман, араб ва арманлар ҳам яшайдиган Кобани шаҳрини босиб олиш учун сентябрь ойи ўртасидан бери ҳужум қилмоқда.

Коалиция учқичларининг ҳаводан уюштирган ҳужумига қарамай, сўнгги кунларда жанггарилар Кобанига яқинлашишга муваффақ бўлган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маълумотига кўра, якшанбага ўтар кечаси коалиция учқичлари Кобани атрофидаги жанггарилар позицияларини бомбардимон қилган.

Ҳаво ҳужумлари ва шаҳарни мудофаа қилаётган курдлар билан шиддатли отишмалар пайтида жиҳодчи гуруҳнинг 16 аъзоси, шаҳарни мудофаа қилаётган курдлардан 11 киши ўлган.

Хабарларга кўра, “Исломий Давлат” жанггарилари Кобани шаҳрини уч томондан қуршовга олган.

Шаҳар фақат шимол, яъни, Туркия чегараси томонидан тўсиб қўйилмаган. Ўз навбатида бу курд жангчиларига таъминот ва мадад кучлари етиб келадиган ягона йўл бўлиб қолмоқда.

Суриядаги жанглар пайтида Туркия ҳудудига минамётдан янглиш отилган снаряд Суруч шаҳридаги уйга тушиб портлагини оқибатида икки киши жароҳат олди.

Буни Санлиурфа вилояти ҳокими Иззат Кичик айтганига таяниб Блумберг агентлигига хабар қилди.

Курдларга хайрихоҳ Фират агентлиги курд жангчилари Мистенур тепалигини қайта назоратига олиш учун жанглар олиб бораётганини билдирди.

Курд лидерлари АҚШ етакчилигидаги коалиция ва Туркия ҳукуматини Кобани шаҳри жанггарилар қўлига ўтинининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаётганликда айблади.

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, коалиция учқичлари жума ва шанба кунлари “Исломий Давлат”га қарашли нишонларга ҳаводан 14 марта зарба берган.

Қўмондонлик эълон қилган баёнотда ҳужум натижасида Кобани яқинидаги ҳарбий машиналар, артиллерия позициялари ва бинолар яксон қилингани билдирилган.

Айни пайтда Покистонлик толиблар “Исломий Давлат” гуруҳи сафларида жанг қилиш учун мужоҳидлар жўнатишга ваъда берди.

2007 йилда Ал-Қоида билан расман иттифоқ тузган Таҳрики-Толибон Покистон ташкилоти матбуот котиби Шаҳидулла Шаҳид Франс Пресс агентлигига ўз ташкилоти минтақага 1000дан 1500 нафаргача жанггари жўнатганини айтди.

Шаҳидулла Шаҳид Таҳрики-Толибон Покистон ташкилоти “Исломий Давлат” сафларига мужоҳидлар жўнатишни ва гуруҳни дастаклашда давом этишини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG