Линклар

Ўзбекистонда чегара қўшинларига кўмаклашувчи отрядлар тузилади


Ўзбекистон ҳукумати ўтган ҳафтада Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Низомга кўра, кўмак отрядлари Ўзбекистон давлат чегарасини ишончли қўриқлашда ҳамда чегара ва чегараолди ҳудудида амалга оширилаётган ва режаланаётган ноқонуний ишларни аниқлашда чегара қўшинларига амалий ёрдам бериш учун тузилмоқда.

Кўмак отрядлари ўз фаолиятини қонунийлик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик ва ватанпарварлик асосида бепул амалга ошириши қайд этилган.

Кўмак отрядларининг асосий вазифаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳодисалари ва бунга тайёргарлик; божхона назоратини айланиб ўтган ҳолда мамлакатга заҳарли, радиоактив моддалар, портлаш мосламалари, қурол-аслаҳа, наркотик ва психотроп моддалар, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материалларни олиб ўтишга тайёргарлик ва олиб ўтиш; миллий, ирқий ва диний адоват қўзғовчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш; товар ёки қимматбаҳо буюмларни давлат чегараси ва божхона назорати айланиб ўтган ҳолда олиб ўтиш; амалдаги давлат тизимини ғайриконституциявий йўл билан ўзгартириш, ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки қонуний равишда сайланган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатиш ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини бузишга очиқ чақириқлар; Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эллик фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси чегара зонасида бўлиб тартибининг бузилиши, афюн, наша ва шу каби бошқа гиёҳванд моддаларни экиш ва етиштириш, содир этган жинояти учун қидирувга берилган ва эҳтимолки, чегараолди ҳудудида яшириниб юрган шахсларнинг яширинган жойлари ҳақида ва бошқа хатти-ҳаракатлар хусусида чегара қўшинлари ҳарбийларини хабардор қилишдан иборатдир.

Бу ишда ўзини кўрсатган отряд командирлари ва аъзолари, низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси томонидан давлат мукофотига кўрсатилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG