Линклар

logo-print

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси багаж ташиш қоидаларига ўзгартиш киритди. Эндиликда багажда олиб кетилаётган радио ва телеаппаратура ҳамда видео қурилмалар қийматининг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш лозим бўлади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси орқали учадиган йўловчилар эндиликда ўзи билан олиб кетаётган радио ва телеаппаратура ҳамда видео қурилмалар нархини кўрсатиши шарт қилиб қўйилди.

Бу ҳақда Миллий авивакампания расмий сайтида 5 октябрь куни эълон қилинган хабарга кўра, айни пайтда йўловчилардан аппаратуралар қийматининг 10 фоизи миқдорида қўшимча йиғим ҳам ундирилади.

Агар йўловчи ўз багажида рўйхатга олиниб қайд этилган аппаратура қийматини кўрсатиш ёки қўшимча 10 фоиз ҳақни тўлашдан бош тортса, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" аппаратуранинг синмаслиги ва йўқолиб қолмаслиги учун кафолат бермаслигини таъкидлайди.

Миллий авиакомпаниянинг расмий хабарида янги ўзгаришлар нима мақсадда қабул қилингани очиқланмаган.

Шунингдек, 1 октябрдан амалга киритилган янги тартиб ҳақида нима учун 5 кун кечикиб эълон қилинганига ҳам аниқлик киритилмаган.

Бунинг сабабларини "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг Озодлик мухбири боғланган ходимлари ҳам тушинтириб бера олмади.

Маълум бўлишича, 6 октябрь куни ҳам мамлакатдаги бирорта аэропортга янги ўзгаришлар борасидаги расмий ҳужжат берилмаган.

Жумладан, “Тошкент” халқаро аэропортининг божхона хизмати ходимасига кўра, янги ўзгариш ҳақида ҳали ҳукумат қарори уларга етиб келмаган:

- Ҳали постанавление келмади. Янги ўзгариш бўйича хабаримиз йўқ. Бизга бу борадаги хат ҳали етиб келмади. Келсин кейин маълумот берамиз. Ҳозир бу борада маълумот бера олмаяпмиз. Сайтда чиқди. Лекин бизга печать босилган, қўл қўйилган ҳужжат ҳали етиб келгани йўқ, - деди “Тошкент” халқаро аэропорти божхона хизматининг ўзини таништирмаган ходимаси.

29 сентябрдан кучга кирган бошқа тартибга кўра, Ўзбекистондан учиб кетаётган йўловчиларнинг қўл юкидаги радио ва телеаппаратура, аудио ва видеотехника, компьютерлари, планшетлари ва мобил телефонлари текширилиши шарт қилиб белгиланди.

Norma.uz сайтида эълон қилинган ҳужжатда ёзилишича, эндиликда йўловчи МХХ ходимига ўзининг электрон ускуналарининг қандай ишлаётгани ва аккумулятор ҳамда батареялар қўйиладиган жойларни кўрсатиши шарт.

Мабодо электрон усукуналар умуман ишламаса, қандай чора қўлланилиши расмий ҳужжатда очиқланмаган.

Айрим хорижий давлатларда бундай ҳолатда электрон ускуналар олиб қўйиб, қайтариб берилмаслиги кузатилади.

Ўзбекистон аэропортларида жорий қилинган янги тартиб бир қанча хорижий давлатлар, жумладан, АҚШда яқиндан буён амалда қўлланиб келинади.

Янги жорий қилинган тартибга кўра, МХХ ходимларига йўловчининг электрон ускуналаридаги шахсий ахборотларни текшириш ва улар билан танишиш тақиқланади.

Агар электрон ускуналарда тақиқланган модда ва ашёлар бўлса, текшириш тўхтатилиб, йўловчининг учиши тақиқланади.

Шунингдек, электрон ускуналарни текширтиришдан бош тортган йўловчи самолётга қўйилмайди.

Озодлик манбаларига кўра¸ жорий йил бошидан Ўзбекистон аэропортларидан кириб-чиқувчиларнинг компютер¸ планшет¸ мобил телефон ва флэшкаларини назорат қилиш кучайтирилган тартибда амалга ошириб келинмоқда.

МХХ ходимлари йўловчиларнинг исломий¸ мухолиф ва мустақил Интернет нашрларига қизиқишини ўрганиб¸ айрим ҳолларда¸ бундай сайтлар муштарийларига чора кўрмоқда.

Озодлик суҳбатдошларидан бирининг таъкидича¸ Россиядан Ўзбекистонга кираëтганлар махсус мосламалар ëрдамида текширилмоқда¸ улар ëнидаги электрон ахборот воситаларидаги материаллар ва улар хотираси синчковлик билан ўрганилмоқда.

Жорий йилнинг 1 февралидан Ўзбекистон аэропортларидан учиб кетадиган йўловчиларга ҳаво кемаси саҳнида қўл юки таркибида барча турдаги суюқликлар, аэрозоллар ва гелларни олиб кетиш тақиқланди.

Суюқликлар йўловчиларнинг рўйхатдан ўтказилган багажига жойлаштирилиши лозим.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясига кўра, истисно тариқасида болалар овқати ва парвоз вақтида мунтазам талаб этиладиган дори воситалари олиб кетишга рухсат этилади.

Болалар овқати ва дори воситалари шаффоф, зич ёпиладиган, ҳажми 1 литрдан кўп бўлмаган пластик пакетларга жойлаштирилган бўлиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG