Линклар

Қурбонликка сўйиладиган жониворлар турли безаклар билан безатилгани, ясантирилгани, шохига дўппи қўндириб, ҳазил-мазах қилингани акс этган суратлар Ҳайит кунлари ижтимоий тармоқларда кенг ёйилди. Бу суратлар ортидан муштарийларда туғилган саволларга жавоб берган шайх Абдулазиз Мансур сўйиладиган жониворларни безамаслик, қийнамаслик ва хўрламаслик зарурлигини уқдирди.

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган аксар суратларда қурбонликка сотилаётган қўйларнинг ясантирилгани, шохларига оқ-қизил ленталар боғлангани, гул ва чечаклар билан безатилгани акс этган.

Бу суратлар муҳокамасида муштарийлар “Қурбонликка танланган жониворларни ясантириш урфи Исломга мосми?” деган оддийгина саволни ўртага ташламоқда.

Яна баъзи суратларда қассоб қурбонликка сўйилаётган жониворнинг бўғзига тортилаётган пичоқни амалнинг қоқ ярмида тўхтатиб қўйиб, суратга тушаётгани акс этган.(Бу суратлар руҳиятга салбий таъсир қилиши мумкинлиги боис чоп этилмади - таҳр.) Бундай сурат муҳокамасида: “Бу ҳолда сўйилган қурбонлик қабулми?” деган савол бот-бот тилга олинмоқда.

Озодлик шундай суратлару саволларни жамлади ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга юзланди:

- Қурбонликка аталган жониворларга қадимда белги қўйилганига оид ҳолатлар бор. Бирор лента ёки бўёқ билан белгилаб: "Мана шу қўйни мен қурбонликка атадим, сиз боқиб тураверинг, Ҳайит куни сўямиз", деб белгилаш одати бўлган. Лекин унақа ҳар хил безаклар билан безатиш, ясантиришга буюрилмаган, динимизда йўқ бунақа нарсалар, - деб жавоб берди шайх Абдулазиз Мансур илк саволга жавобан.

Қурбонликка аталган қўйнинг бошига дўппи қўндириб, мутойиба қилиш ёки чала-ярим бўғизлаган ҳолда қассоблик қилаётганларнинг суратга тушиш урфи ҳақида эса шайх ҳазратлари шундай муносабат билдирди:

- Қурбонликка сўйиладиган қўй касал бўлмаслиги, соғлом бўлиши ва ҳоказо талаблар бор, буни ҳамма билади. Бундан ташқари, сўйишга ҳам талаблар бор. Ҳайвоннинг томоғида 4 нарса кесилиши керак, мисол учун қизил ўнгач, қон томирлари ва буларни ҳам қассоблик қиладиганлар жуда яхши билишади. Агар шу талаблар бажарилмаса, у сўйилган мол ёки қўй гўшти ҳалол бўлмай қолади, - деб огоҳлантирди шайх ҳазратлари.

Муштарийлардан бирининг: "Сўйиладиган қўйга пичоқни кўрсатмаслик керак, деган талаб бор гапми ёки бидъат?" деган саволига жавобан Абдулазиз Мансур:

- Ҳа, бундай талаб китобларда бор. Сўйиладиган жониворнинг олдида пичоқни қайрамаслик керак, яъни қўрқитмаслик керак. Сўйилганда эса ҳайвонни қийнамасдан, тезроқ сўйиш керак, деган талаблар китобларда бор, - деб жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG