Линклар

Президент Каримов яна бир бор Чехияга боришга ҳаракат қилиши мумкин


2014 йил февралида Чехия бош вазири ва бошқа ҳукумат мулозимлари президент Ислом Каримов билан учрашишдан бош тортган эди.

2014 йил февралида Чехия бош вазири ва бошқа ҳукумат мулозимлари президент Ислом Каримов билан учрашишдан бош тортган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов келаси йили Прагага келиши мумкин. Бу ҳақда 6 октябрь куни хабар қилган Prague Post нашри “Ўзбек диктатори Прагага 2015 йилда келади”, дея ёзди.

Ислом Каримовнинг жорий йил бошроғида Прагага режаланган давлат ташрифи фуқаровий жамият норозилиги туфайли номаълум муддатга қолдирилган эди. 2014 йил февраль ойида Ўзбекистон мухолифати ва халқаро ҳуқуқ ташкилотларининг танқидлари ортидан Чехия бош вазири ва бошқа ҳукумат мулозимлари президент Каримов билан учрашишдан бош тортган эди.

Чехия президенти маъмуриятининг ташқи ишлар масалалри бўйича бўлими раҳбари Ҳинек Кмоничек, Озодлик билан суҳбатда, бу хабарни тасдиқлаб, ҳозирда Ўзбекистон томони билан ташрифга доир тайёргарлик масалаларини муҳокама қилинаётганини билдирди.

- Жорий йилда қолдирилган ташриф 2015 йилда амалга ошишига умид қилмоқдамиз. Ўзбекистонда тахминан март ойида президент сайлови ўтказилиши боис, ташрифнинг аниқ санаси ҳозирча белгилангани йўқ. Яъни сайловдан олдинми ёки сайловдан кейин ким ғолиб бўлса ўша келадими аниқ эмас. Лекин Ўзбекистон президентининг Чехияга кечиктирилган ташрифи режага мувофиқ 2015 йил давомида амалга ошишини биламиз,- деди Кмоничек.

Ўзбекистонни 25 йилдан бери бошқариб келадиган Каримов 2015 йилга белгиланган сайловда қатнашишини эълон қилгани йўқ. Ўзбекистон конституциясида бир киши икки мартадан ортиқ президентликка номзодини қўя олмаслиги белгиланганига қарамасдан, Каримов президент сайловида уч марта қатнашган ва расмий натижаларга кўра ғолиб деб эълон қилинган. Бу сафар ҳам сайловда қатнашадиган бўлса, Каримовнинг ғалаба қилишига ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ.

Чехия расмийлари аввалги ташрифнинг қолдирилганини “иш графикларининг бир-бирига мос келмагани” билан изоҳлаган эди. Ўзбекистон томони президент Каримовнинг Чехияга ташрифи қолдирилганини умуман изоҳламаган.

XS
SM
MD
LG