Линклар

Президент Каримовни кимсасиз Андижон кутиб олди


Сурат 2014 йил 6 октябрь куни Каримов Андижонга ташриф буюрган пайтда олинган.

Сурат 2014 йил 6 октябрь куни Каримов Андижонга ташриф буюрган пайтда олинган.

Ислом Каримовнинг Андижон вилоятига 6 октябрь кунги амалий сафари вилоят марказининг асосий кўчаларидаги кундалик ҳаётни бир кунга издан чиқарди: дўкон ва ресторанлар, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ва дорихоналар ёпилди. Президент кортежи ўтиши олдидан кўчалар, ҳатто милиция ходимларидан ҳам тозаланди.

Андижонлик манбадан олинган бу маълумотга унинг ўзидан олинган ҳамда маҳаллий ахборот воситаларининг Президент сафари тўғрисидаги репортажларига илова қилинган суратлар ҳам далилдир: Президент бориб кўрган объектлар фототасвирларида биронта ҳам одам кўринмайди.

Ислом Каримовнинг Андижонга сафари тўғрисидаги расмий хабарлар пропагандистик ялтироқ сўзлардан тозаланса, Ўзбекистон раҳбари 6 октябрь куни Андижонда мана бу ишларни қилгани маълум бўлади:

Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар, вилоят фаоллари билан суҳбатлашди;

Олтинкўл туманидаги “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой массивини бориб кўрди;

янги уй соҳибларидан бири – Отабек Қобулов хонадонида бўлди;

Андижон шаҳридаги Истиқлол кўчаси ва бу ерда қад ростлаган замонавий бинолар билан танишди.

Расмий хабарларда мана бу маълумотлар ҳам келтирилди:

“2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида шу йилнинг январь-сентябрь ойларида умумий қиймати 253 миллиард сўмлик 2 минг 815 лойиҳа амалга оширилди ва 24 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди”.

“Жорий йилда вилоятда 80 минг гектардан ошиқ майдонда ғалла экилиб, 500 минг тоннага яқин ҳосил олинди. Бугунги кунда 93 минг 400 гектар майдонда етиштирилган пахта йиғиб-териб олинмоқда”.

“Бу йил вилоятнинг 31 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 977 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги массивларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўллар қурилди”.

ЎзАнинг бу маълумотлар келтирилган хабарида биронта ҳам танқидий фикр йўқ. Демак, Андижон шаҳар ҳокими ҳам, вилоят ҳокими ҳам яқин орада ишдан олинмайди, деб ўйлаш мумкин.

Биз Каримовнинг Андижон сафари тўғрисидаги расмий хабарларда тилга олинмаган жиҳатларни ўрганиш учун олтинкўллик бир неча кишига мурожаат қилдик. Гап Президентнинг ташрифига оид эканлигини эшитибоқ алоқани узиб қўйди.

Шуниси қизиқки, бир умр давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаб келган таниқли бир оқсоқол ҳам ўз Президентининг Андижонга ташрифидан олган таассуротларини ўртоқлашишни истамади. “Мен сиёсатга аралашмай қўйганман”, деди оқсоқол.

Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов Каримовнинг ташрифига доир дастлабки умумий саволимизга жавобан шаҳарда Президентнинг хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар фавқулодда бўлганига эътиборимизни қаратди:

- Йўллар, ҳаттоки, пиёдалар учун ҳам берк бўлди баъзи жойларда. Шоҳ кўчаларда, масалан, Бобур шоҳ кўчасида биронта ҳам одам қолдирилмади. Ҳатто милиция ходимлари ҳам қолдирилмади Президент ўтадиган пайтда.

- Милиция ходимлари ҳам қолдирилмаган бўлса, Президентнинг хавфсизлигини ким таъминлади?

- Мутлақо ҳеч ким қолмаган бўлса кўчада, ким таҳдид солиши мумкин, деб жавоб берди саволга савол билан Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Унинг сўзларига андижонлик бир тингловчимиз жўнатган фотосуратлар далил бўла олади. WhatsApp орқали етиб келган бошқа суратларда ҳам Андижон ва унинг атрофидаги кўчаларда транспорт ҳаракати тўхтатилгани, одамлар ўқиш ва ишга пиёда кетаётгани акс этган.

Яна бир андижонликдан иккитагина саволимизга қисқа жавоблар ола билдик:

- Президент Каримовнинг кеча Андижонда бўлганидан хабарингиз бўлдими?

- Бугун эшитдим.

- Каримов билан учрашиб қолсангиз, нимани сўраган бўлардингиз?

- Сўрайдиган нарсам йўқ. Тинчлик бўлаяпти, шунинг ўзи катта бахт эмасми?

Бу сўзларни айтар экан, бу андижонлик, шунчаки, ўзбекнинг доимий тилагидан келиб чиқдими ёки бундан 9 йил аввал, 2005 йил нинг майида юз берган фожеани назарда тутдими – буни аниқлашга улгурмадик – алоқани узиб қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG