Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2015 йилда Чехияга ташрифи кутилмоқда. Буни тасдиқлаган Чехия президенти мамурияти вакили президент Милош Земан халқаро ҳамжамият танқидларга қарамай, дунё диктаторларидан бири кўриладиган Ислом Каримовни Прагага таклиф этиш қароридан воз кечмаганини билдирди.

Чехия президенти маъмуриятининг ташқи алоқалар бўйича бўлими раҳбари Хинек Кмоничек Озодлик билан суҳбатда Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи келаси йилда амалга ошиши мумкинлигини айтди.

- Жорий йилда қолдирилган ташриф 2015 йилда амалга ошишига умид қилмоқдамиз. Ўзбекистонда, тахминан март ойида президент сайлови ўтказилиши боис, ташрифнинг аниқ санаси ҳозирча белгилангани йўқ. Яъни, сайловдан олдинми ёки кейин бўладими, ким ғолиб бўлса ўша келадими - ҳали ҳеч ким билмайди. Лекин Ўзбекистон президентининг Чехияга кечиктирилган ташрифи режага мувофиқ 2015 йил давомида амалга ошишини биламиз,- деди Кмоничек.

Ҳозирча Ўзбекистон президенти девони Ислом Каримовнинг Чехияга ташриф таклифини қабул қилгани, қабул қилган бўлса, сафар қачон амалга ошиши мумкинлиги ҳақида бирор маълумот бермади.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов шу йил февраль ойида Прагага давлат ташрифи билан келиши кутилаётган эди.

Ташриф кунига бир ҳафта қолганда Ўзбекистон раҳбарининг Чехияга сафари номаълум муддатга кечиктирилгани маълум қилинди.

Айрим чехиялик вазирлар Каримов билан учраша олмаслиги мазкур ташрифнинг қолдирилишига сабаб бўлгани айтилади.

Чехия томони ташриф Ўзбекистон томони сўровига кўра, қолдирилганини билдирганди.

Жаноб Кмоничекка кўра, февраль ойидаги ташриф қолдирилгани боис Ўзбекистон ва Чехия ўртасида икки томонлама шартномалар имзоланмай қолган.

- Ўзбекистон билан умумий қиймати 15 миллиард чех кронаси (қарийб 700 миллион АҚШ доллари) турадиган шартнома имзолаш кутилаётганди. Лекин ташриф қолдирилди. Бўлажак ташриф давомида ана шу шартномалар имзоланади. Ҳозир Россия санкциялари ортидан Қозоғистон қатори Ўзбекистонга ҳам бизга муқобил бозор сифатида қараяпмиз. Бу масала ҳам Ўзбекистон раҳбари билан мухокама этилиши керак бўлган мавзулардан биридир, - деди Кмоничек.

Дунёдаги энг қаттол диктаторлардан, деб кўриладиган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прагага кутилаётган ташрифи сабаб Чехия президенти Милош Земан халқаро ташкилотлар танқиди остида қолган эди.

Жами 31 та ташкилот, жумладан Чехиядаги икки нуфузли гуруҳ мамлакат президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқ фаоллари жаноб Земандан ўзбекистонлик ҳамкасби билан музокаларда сиёсий махбусларни озод қилишни, инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашни талаб қилиши кераклигини таъкидлашган эди.

- Биз очиқ жамият ўлароқ ўзбеклар сайлаган президент билан ҳар қандай мавзуни муҳокама этишга очиқмиз, - дейди Хинек Кмоничек.

Айни пайтда Прага-Тошкент ҳаво йўналиши бекор бўлмоқда. Czech Airlines авиакомпанияси 24 октябрдан бошлаб, Ўзбекистонга самолёт қатновини тўхтатишини билдирган.

Келажакда бу йўналиш қайта очилиши мумкинми, деган саволга жаноб Кмоничек шундай жавоб берди:

- Прага-Тошкент йўналиши фахримиз эди. Биласиз, Чехия ҳаво йўлари иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Шу боис, бу йўналишнинг келажакда қайта очилиши ширкатга боғлиқ. Биз эса ўз навбатида бунинг учун қўлимиздан келганини қиламиз, - деди Чехия президенти маъмуриятининг ташқи алоқалар бўйича бўлими раҳбари Хинек Кмоничек.

Кутилаётган ташриф Ўзбекистон раҳбарининг Чехия Республикасига иккинчи ташрифи бўлиши мумкин. Ислом Каримов илк бор Чехияга 1997 йил январь ойида сафар қилган.

2001 йилда Прагада ҳибсга олинган Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишдан Чехия ҳукуматининг бош тортиши икки мамлакат ўртасига совуқчилик солган эди.

Чехиянинг ўша пайтдаги Президенти Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан муносабатлардаги иқтисодий манфаатларни четга суриб, Муҳаммад Солиҳни Прага қасрида қабул қилган.

Агар келаси йил Каримовнинг Прагага сафари амалга ошса, у айни қасрда Милош Земан тарафидан қабул қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG