Линклар

Озодликка косонсойлик муштарийдан рус тилида ёзилган мактуб келди. Ўзбекистонда оқ дўппи ва соқолга қарши олиб борилаётган кампания хусусида мулоҳазалар билдирилган бу мактуб таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мен оқ дўппи ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчийдим. Бунақа аҳмоқона иш икки йил аввал ёзда Наманган вилоятининг Косонсойида ҳам кузатилганди.

Ўшанда маҳаллий милиция ходимлари бозор оралаб юриб, ранги қанақа бўлишидан қатъий назар, тўртбурчак бўлмаган “номиллий дўппилар”ни одамларнинг бошидан юлиб олиш билан шуғулланишганди. Кимнингдир дўпписини юзсизларча юлиб олишган, кимнидир ҳибсхонага олиб кетишган. Афтидан, бу иш одамларни қўрқитиб қўйиш учун қилинган.

Менимча, бу айрим мансабдорлар ёки “кўланкаси майдон” МХХчиларнинг иши бўлса керак, чунки Наманганнинг бошқа шаҳарларида бунга ўхшаш ҳолат кузатилмаган.

Бундай воқеалардан бирига ўзим ҳам гувоҳ бўлгандим: 2012 йил ёз кунларининг бирида Косонсой ҳокимияти биноси олдидан ўтиб кетаётгандим. Ҳокимият олдида оқ кўйлак кийган басавлат эркаклар туришарди. Шу пайт уларнинг олдидан юзини рўмол билан яширган бир аёл ўтиб қолди. Эркаклар унга олақараш қилиб, дарров унинг кўринишини муҳокама қилишга киришишди. Улар аёлларнинг бундай юришига йўл қўйиб бўлмаслиги, бунақа аёлларга нисбатан чора кўриш кераклиги ҳақида гапиришарди. Ўз қулоғим билан аниқ эшитдим бу гапларни.

Яна бир воқеа: бозордаги дўкондан сув олиш учун киргандим. У ерда милиционер дўкон сотувчисига норози оҳангда: “Соқолингизни қисқартиринг”, деб турган экан. Афтидан, унга сотувчи соқолининг узунлиги ёқмаган. Дўкондан чиқиб кетишда милиционер сотувчига: “Бўлимга бир кириб ўтинг”, деди. Бу воқеалар ҳали “миллий бўлмаган дўппилар”га қарши кампания бошланмасидан бўлиб ўтган.

Энди эса мен амалдорлар, давлат хизматчилари ва хиёнаткор имомларга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Оқ дўппи ёки соқол сизга қачондан бери халақит берадиган бўлиб қолди? Сиз буларни нимага асосланган ҳолда тақиқлаяпсиз, бу ҳақда конституциянинг қаерида ёзиб қўйилган?

Модомики, ўз миллийлигингизга қайтишни истар экансиз, у ҳолда паранжи, салла ва соқолни қайтаринг. Ахир булар ҳам бизнинг миллий нарсаларимиз-ку.

Нима учун сиз калта юбка ёки очиқ-сочиқ кийимларга қарши курашиш ўрнига дўппи ва соқолларни тақиқлаяпсиз? Наҳот қизларнинг юбка, кепка, шляпа кийиши ва рўмолсиз юриши миллийлик бўлса??? Мен миллий қадриятларни илгари сураётган барчага мурожаат қилмоқчиман – сизнинг аждодларингиз соқол қўйиб ёки паранжи кийиб юрмаганмиди?

Миллийликка қайтишни истаётган экансиз, балки бу ишни ўзингиздан бошларсиз? Ё сизда галстук тақиб юришингизни оқлайдиган далил борми, ёки бу ҳам миллий кийимми? Энди тушунгандирсиз талаб қилаётган нарсангизнинг нақадар бемаънилигини?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG