Линклар

logo-print

Блог. Президент далада қурилган кўшкда 15 кишилик халқ билан гаплашди

  • Сарвар Усмон

12 ўймагул устунли кўшк.

Кўшк олдидаги саҳнга қизил ғишт ётқизилган.

Саҳн олдидан ўтувчи ариқ бўйи бетону тош билан бежирим пухталанган.

Ариққа чархпалак ўрнатилган.

Чархпалак кўшкка ҳамранг.

Реал тасвир бу.

Бу тасвирни ўқиркан, уни тасаввурингизда пайдо бўлган боғ - жонон олмалар ғарқ пишган боғ ўртасида кўрманг.

12 ўймагул устунли кўшк пахта даласида қурилган.

Бир чаноқ ҳам пахтаси терилмаган оппоқ далада қурилган.

Кўшкда Президент ўтирибди.

Президент олдида – халқ.

Кичкинагина – 15-16 кишилик халқ.

Президентнинг фуқаро билан мулоқотини ҳозирча овозсиз кўрамиз.

Кулиб гапираяпти Президент – кайфияти яхши.

Атрофга - 6 октябрь бўлишига қарамай ҳануз бир чаноғи ҳам терилмаган пахтага қарамаяпти.

“Барака топгурлар, нима учун пахта терилмай ётибди, ахир бу матаҳ очилганидан бери ёмғирлар ёғди, сифати бузилдику?!” демаяпти.

Демаяпти. Чунки Президент асосий иш билан банд – Халқ билан гаплашаяпти.

Кичкинагина – 15-16 кишилик халқ билан.

Кулиб гапираяпти Президент – кайфияти яхши.

Атрофга - Ўзи ўтирган кўшкка – ҳар бир ўймагул устуни камида уч миллион сўм турадиган кўшкка қарамаяпти.

“Барака топгурлар, пахта даласига шунча пул сарфлашга бало борми?!” демаяпти.

Демаяпти. Чунки Президент асосий иш билан банд – Халқ билан гаплашаяпти.

Кичкинагина – 15-16 кишилик халқ билан.

ЎзТВнинг репортажида кўрганим бу тасвир бошқа бир тасвирни –қурбонликка аталган, лекин негадир суюқоёқ хотиндай ясатилган қўйни эслатди.

Эслатганини айтаяпман, холос.

Ҳеч кимни қўйга ўхшатганим йўқ.

На Президентни.

На кичкинагина – 15-16 кишилик халқни.

На доясини кутаётган тўлғоқдаги хотиндай теримчисини кутаётган пахта даласини.

Ва на 12 ўймагул устунли кўшкни.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG