Линклар

"Газпром" яқин келажакда Ўзбекистондан газ олишни тўхтатиб қўйиши мумкин


Ўзбек газига оид янгилик Россия-Украина муносабатларига бориб тақалади.

Ўзбек газига оид янгилик Россия-Украина муносабатларига бориб тақалади.

Россиянинг “Газпром”и яқин келажакда Ўзбекистон ва Туркманистондан газ сотиб олишдан мутлақо воз кечиши мумкин. Мазкур гигант концерн мутасаддилари Россия ахборот воситаларида пайдо бўлган бу хабарни рад этаётган бир пайтда, кузатувчилар Украина бўҳрони туфайли "Газпром" Европага газ узатиш ҳажмини кескин қисқатирганини эътироф қилмоқда.

“Газпром” ўзбек газини сотиб олишни тўхтатиш ниятида эмас”

Россиянинг “Ведомости” нашри Интерфакс ахборот агентлигига таяниб ўзбек газининг асосий харидори бўлган “Газпром” яқин келажакда туркман ва ўзбек газини сотиб олишдан мутлақо воз кечиши мумкинлигини хабар қилди.

“”Газпром”даги манба компания яқин келажакда Туркманистон ва Ўзбекистон газини сотиб олишдан тўла воз кечиш ниятида, аммо буни амалга ошириш учун бу контрактларни ҳимоя қилиб турувчи давлатлараро келишувлар бекор қилиниши зарур. Бу келишувларни бекор қилиш бўйича иш ҳам олиб борилмоқда”, деб ёзди ўз манбасига таянган “Ведомости”.

Айни пайтда “Газпром”бошқаруви аъзоси, ширкатнинг Газ, газ конденсати ва нефт қазиб олиш департаменти раҳбари Всеволод Черепанов IV Петербург халқаро газ форумида “кейинги йилга балансни режалаштиришда компания Марказий Осиё газини сотиб олишдан воз кечгани йўқ”, дея баёнот берди.

Россия нашри Ўзбекистоннинг асосий қазилма бойлиги саналган газни сотиб олиш тўхтатилиши тўғрисида бошқа маълумот бермади.

Озодлик сўровига “Газпром”нинг ташқи муносабатлар Департаменти раҳбари Ольга Морева бу "миш-миш экани"ни таъкидлаб, концерннинг бунга бўлган расмий муносабатини билдирди.

- Интерфакс гўё қандайдир манбага таяниб бу хабарни чиқарибди. Ҳақиқатан, Черепанов бу ҳақда гапираётиб, бундай вазиятни инкор этмаган эди. Ҳозирча сотиб олинаётган газ ҳажми камайтирилиши тўғрисида бирор расмий хабаримиз йўқ. Қандайдир манбанинг нимадир дегани – бу жиддий гап эмас, деди Ольга Морева.

“Газпром” матбуот вакиласининг бу сўзларини Ўзбекистонда газни қазиб олиш ва геологик қидирув ишлари билан шуғулланувчи “Газпром зарубежнефтегаз” компанияси расмий вакили Иван Гоголев ҳам Озодликка тасдиқлаб берди.

- Биз Ўзбекистонда қидирув, қазиш, бурғулаш ишлари билан шуғулланиб келамиз ва, билишимча, бизда бирор муаммо йўқ. Ҳатто янги лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда, дейди ширкатнинг Ўзбекистонда ўз ишини ҳатто қисқартирилиши тўғрисида хабари йўқлигини билдирган Иван Гоголев.

Европа Россия газ қарамлигидан қутулмоқчи

“Газпром” сўнгги йилларда Европага газ экспортини камайтираётгани кузатилмоқда.

Таъкидлаш жойизки, сентябрь бошларидан Украина иқтисодий эҳтиёжини қоплаш учун газнинг асосий қисмини Словакия, Польша ва Венгриядан реверс тарзида ола бошлади. Бу ҳол эса Россия ҳукуматининг очиқчасига норозилигига сабаб бўлди. Бунинг ортидан, президент Владимир Путин Европа Иттифоқи давлатларини газнинг Украинага реверс узатилишини тўхтатишни талаб қилиб чиқди.

Россия гази узатилиши тўхтатилишидан хавотирга тушган Украина 1,67 млрд. доллар миқдорида маблағни ўтказганини маълум қилган бўлсада, “Газпром” Украинадан пул ўтказмалари келиб тушганини тасдиқламади.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти Леонид Гусев Украина бўҳрони, Россия билан ЕИ ўртасида сўнгги пайтларда авж олиб бораётган совуқчилик ва сиёсий саҳнадаги ўзгаришлар Россияни Марказий Осиё давлатлари билан олдин имзоланган келишувларига ҳам ўзгартиш киритишга ундаётганини гапиради.

Озодлик билан суҳбатда Леонид Гусев олдин ўзбек ва туркман газининг асосий қисми айнан Украинага жўнатилиб келинганини айтади.

- Менимча, ҳақиқатан бу гап-сўзларнинг пайдо бўлиши энг аввало Украинадаги вазият билан боғлиқ. Илгари туркман ва ўзбек гази Россия гази билан аралаштирилиб, Украинага етказиб турилган. Охирги ойларда Украинага Россиядан газ узатиш кескин камайтирилди: адашмасам, Украинанинг газ учун 5 млрд. доллар қарзи бор. Агарда Европага рус гази узатилиши ҳажми қисқарса, хулоса қилаверингки, ўзбек ва туркман гази сотиб олиниши ҳам камайтирилади. Бу масала юзасидан “Газпром” раҳбариятининг расмий хабари яқин орада чиқса керак, деб ўйлайман, дейди таҳлилчи.

Леонид Гусев, бошқа томондан, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондан сотиб олинаётган газ ҳажми ошиб бораётганига ҳам эътиборимизни қаратди.

Мутахассиснинг фикрича, иқтисодиёти гуркираб ўсаётган Хитойнинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон газига бўлган эҳтиёжи ошиб бормоқда.

- Хитой 5 йил олдин – 2009 йилда – барчага маълум бўлган Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтиб борувчи газ қувурини тортди. Менинг маълумотларим бўйича, улар яна бир тармоқни ишга туширмоқчи, чунки ички ва ташқи инқирозларга қарамасдан бу мамлакатнинг углеводородларга бўлган эҳтиёжи йил сайин ошмоқда. Билишимча, Хитой Қозоғистоннинг шарқий қисмидан Шинжонга газ қувури тортиш ҳақида музокара олиб бормоқда. Бундан ташқари, Хитойга ўтган иккита нефт қувури борлигини унутманг. Шу сабабли ҳам охирги йилларда Хитойнинг Марказий Осиё давлатларида фаоллашгани сезилиб қолди, деди Марказий Осиё масалалари бўйича эксперт Леонид Гусев.

Ўзбекистоннинг нефть ва газ заҳиралари ҳамда бир йил мобайнида қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбек гази статистикаси

Расмий маълумотларга кўра¸ Ўзбекистоннинг 4-5 триллион метр куб ҳажмида газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард метр куб метр газ қазиб олинаётгани айтилади. Ўзбекистонда йилига 63-65 миллиард кубометр газ ўзлаштирилади ва шундан 50 миллиард кубометри¸ ҳукумат иддаосича, ички эҳтиëжга сарфланади.

2003 йилдан бери ўзбек газини сотиб олаëтган "Газпром" 2013 йилда Ўзбекистондан 7,5 миллиард кубометр газ олган.

Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга аввалдан газ сотиб келган, яқинда эса Хитойга ҳам катта ҳажмда газ етказиб бермоқда.

Маълум бўлишича, келаси 2 йилда “Марказий Осиё-Хитой” газ қувурининг "С" тармоғи тўлиқ ишга тушади ва бу қувур орқали Хитойга йилига 55 миллиард куб метр ўзбек, туркман ва қозоқ гази узатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG