Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:27

Донецк аэропорти уруш марказига айланди


Донецк аэропортининг бугунги аҳволи.
Донецк аэропортининг бугунги аҳволи.

Россияпараст айирмачилар ва Украина ҳукумат кучлари ўзаро сулҳ шартларига Украина шарқидаги аксар ҳудудда амал қилмоқдалар. Аммо куну тун айирмачилар ҳужуми остида қолиб¸ ҳозирда ҳақиқий уруш манзараси тасвирига айланган Донецк аэропорти бундан мустасно.

Россияпараст қуролли гуруҳларнинг аэропортга қилаëтган тинимсиз хуружларини қайтаришга уринаëтган ҳукумат ҳарбийлари ҳам сепаратчилар ўз қароргоҳига айлантирган турар-жой ҳудудларига қарши жавоб ҳужумлари уюштирмоқда.

Донецк марказидан атиги 10 километр масофада жойлашган аэропорт биноси ҳозирга қадар вайронага айланиб улгурган – учқичлар учиб-қўнишини назорат қилувчи диспетчерлик минораси қулаб¸ учиш йўлаклари снаряд портлашларидан ўйилиб кетган.

Аэропорт бўлмай қолганига қарамай¸ бу объектнинг рамзий ва стратегик аҳамияти боис¸ ҳар иккала томон ҳам жангларни тўхтатиш фикридан йироқ кўринади.

- Айирмачилар ўзлари эълон қилган мустақил республика рамзини сақлаб қолишга уринмоқда. Мустақил республика бўлишнинг унсурларидан бири эса¸ қолган дунë билан алоқа қилиш имконини берувчи аэропортдир¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Игор Сутягин.

Айни пайтда¸ таҳлилчиларга кўра¸ Донецк аэропорти ҳарбий аҳамиятга ҳам эга:

- Бевосита ҳарбий қимматга келсак¸ учиш йўлаклари тинимсиз ҳужумлардан сўнг деярли ишдан чиқиб бўлган. Лекин бу йўлакларни тезгина таъмирлаб¸ яна мудофаа заҳиралари олиб келувчи учқичлар учун муҳим коридорга айлантириш мумкин¸ дейди Лондондаги хавфсизлик тадқиқотлари маркази ходими Дуглас Барриер.

Айрим кузатувчилар¸ россияпараст айирмачиларнинг Донецк аэропортини қўлга олиш учун жон олиб жон бераëтгани ортида бошқа сабаблар ҳам борлигини тахмин қилмоқда.

Улар фикрича¸ айирмачилар Украина ҳукумат кучлари билан тўқнашувларда ишлатиш учун қирувчи учқичлар келишига қўналға ҳозирлашга уринмоқда.

Бундай учқичларнинг Донецк аэропортига келиш-келмаслиги ҳақида қарор бериш эса¸ тўлиғича Кремль ихтиëрида¸ дейишмоқда айрим таҳлилчилар.

Уларга кўра¸ Путин ҳукумати Украина шарқини ажратиб олишга уринаëтган қуролли гуруҳлар ихтиëрига қирувчи учқичлар беришни эҳтимолдан соқит қилмаëтир.

Таҳлилчилар фаразича¸ Кремль яқин ўтмиш тажрибасидан келиб чиқиб¸ Украина ичида Абхазия¸ Жанубий Осетия¸ Днестрбўйида қилгани каби музлатилган можаро манбаини яратишни режалаëтган бўлиши мумкин.

Номига Украина таркибий қисми сифатида қолиб¸ амалда Россия протекторатига айланадиган Донецк халқ республикаси каби ҳудудни сақлаб қолиш учун Россияга ҳарбий инфраструктура¸ хусусан¸ катта аэропорт керак¸ деган фикрда Донецк аэропорти аҳамиятини шарҳлаëтган айрим кузатувчилар.

Айни пайтда БМТ 5 сенябрь куни Украина ҳукумати ва россияпараст айирмачилар ўртасида сулҳ битими имзоланганидан бери шарқий ҳудудларда камида 331 одамнинг ўлдирилганини маълум қилди.

Апрель ойида Украина шарқида бошланган қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳозирга қадар¸ БМТ ҳисоб-китобича¸ 3660 нафар одам ўлган¸ 8756 нафари жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG