Линклар

logo-print

Фаластинга жиҳодга отланган тожикистонлик ватанига экстрадиция қилинди


Спитаменлик Комил Раҳматов.

Спитаменлик Комил Раҳматов.

Фаластинга жиҳодга кетаётган пайтда Қирғизистон чегарасида тутиб қолинган Комил Раҳматов Тожикистонга қайтариб юборилди. Маълумотларга кўра, “муқаддас уруш”га чоғланган тожикистонликка нисбатан ватанида жиноий иш қўзғатилган.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманидан бўлган Комил Раҳматов айни пайтда Хўжанд шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Сўғд вилоят ИИБнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси вакиллари маълум қилганлар. Озодлик манбаларига кўра, у Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан Хўжанд шаҳрига олиб келинган.

45 ёшли Комил Раҳматов шу йилнинг 11 сентябрь куни қирғизистонлик милиция ходимлари томонидан Ўш халқаро аэропортида ушланганди.

Ҳозирда Раҳматовга нисбатан бошқа мамлакатлар ҳудудидаги қуролли зиддиятда иштирок этганлик учун жазолаш кўзда тутилган модда бўйича жиноят иши очилган. Тожикистон Жиноят кодексидаги бу янги модда бўйича айбланмиш шахс, айби исботланган тақдирда, 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Сўғд вилоят ИИБ вакилининг Озодликка маълум қилишича, Комил Раҳматов Туркия орқали Фаластинга кетиб, у ерда жиҳодда иштирок этиш ниятини яширмаган. У ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ўз ақидасидан келиб чиққан ҳолда яҳудий давлатига қарши курашаётган жанггариларга бориб қўшилишга қарор қилганини айтган. Самолётга чипта олиш учун Раҳматов ҳатто сигирини сотишга қарор қилган.

Бу Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жанггоҳларга чиқиб кетаётган тожикистонликларни тутиб қолиши бўйича иккинчи ҳолатдир. Шу йил сентябрь ойида исфаралик Насиба Фаттоева ва унинг икки фарзанди тожик-қирғиз чегарасидан ўтказилмаганди. Кейинчалик унинг Сурияда “Исломий давлат” жанггарилари сафида жанг қилаётган эрининг олдига кетмоқчи бўлгани аниқланган.

Насиба Фаттоева яшаган Чорқишлоқдан Суриядаги урушда 20 киши иштирок этаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, Суриядаги урушда Сўғд вилоятининг Исфара, Спитамен ва Панжикент туманларидан бўлган фуқаролар иштирок этмоқда. Уларнинг аксариятини Россияга тирикчилик қилиш учун кетган мардикорлар ташкил қилади.

Спитаменлик икки мардикор – Одил Пўлодов ва Комил Шукуров ҳам Россияда ишлаб юрган пайтда тарғибот туфайли Сурияга кетиб қолганларини айтадилар. Бироқ Туркия орқали Сурияга ўтган бу кишилар икки ҳафта мобайнида у ерда бўлаётган воқеаларни ўз кўзлари билан кўриб, мулоҳаза қилиб кўргач, уйга қайтишга қарор қилганлар.

Одил Пўлодовнинг акаси Турдиали Озодликнинг тожик хизматига шу воқеадан кейин иниси Россияга бошқа бормасликка қарор қилганини, эндиликда уйда фермерлик билан шуғулланаётганини айтган.

Сўғд вилоят прокуратураси Суриядан ихтиёрий равишда қайтган фуқароларга ўз уйларида хотиржам яшаш кафолатини бермоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG