Линклар

Украина президенти Люстрация ҳақидаги қонунга қўл қўйди


Порошенко Люстрация ҳақидаги қонунга 9 октябрь куни қўл қўйди.

Порошенко Люстрация ҳақидаги қонунга 9 октябрь куни қўл қўйди.

Украина парламенти томонидан 16 сентябрь куни қабул қилинган Люстрация ҳақидаги қонун бугун президент Петро Порошенко имзо чеккач¸ кучга кирди.

Давлат тизимларини коррупциядан тозалашга қаратилган янги қонунга мувофиқ эндиликда Украинанинг россияпараст президенти Виктор Янукович ҳокимияти даврида ишлаган бир миллион нафарга яқин давлат хизматчиси фаолияти текширувдан ўтказилади.

Мазкур қонун асосида шунингдек Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар ва Россия тизимларига алоқадор давлат хизматчиларининг ишдан четлатилиши кутилмоқда.

Ўз даромади ва мулклари манбасини очиқлай олмаган давлат ходимларининг¸ Люстрация ҳақидаги қонунга кўра¸ 10 йил давомида давлат тизимларида ишлаши тақиқланади.

Президент Порошенко¸ халқнинг ҳокимиятга нисбатан ишончини қайта тиклаш учун шундай қонун қабул қилишга эҳтиëж мавжудлигини таъкидлади.

Ички ишлар вазири Арсен Асаков¸ қонун президент томонидан имзоланиши билан тозалашни ўз вазирлигидан бошлашини эълон қилди.

Февраль ойида Януковични ҳокимиятдан кетишга мажбур қилган оммавий норозилик намойиши қатнашчилари қўйган асосий талаблардан бири айнан шундай қонунни қабул қилиш эди.

XS
SM
MD
LG