Линклар

Душанбе 10 октябрни таҳлика билан кутмоқда


Душанбега кириш милиция постларидан бири

Душанбега кириш милиция постларидан бири

Ижтимоий тармоқларда 10 октябрь куни тушдан кейин Душанбе шаҳрида оммавий норозилик намойишлари ўтказилиши ҳақида хабар тарқатилганидан сўнг, пойтахтда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Хабарларга қараганда, ўзларини Тожикистон ҳукуматига мухолиф бўлган кучларни бирлаштирган “24 гуруҳи” президент ва ҳукумат истеъфосини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказишни режалаган.

Душанбеда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

8 октябрь куни кечқурундан бошлаб пойтахтга олиб кирадиган барча йўллардаги постлар ОМОН ва бронетехникалар билан кучайтирилди.

Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Саид Жўрахонзоданинг 9 октябрь куни Озодлик радиосига айтишича, постларнинг кучайтирилиши хавфсизлик ва жамоат тартибини қўриқлашга қаратилган.

Генерал хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши “24 гуруҳи” аъзоси Умарали Қувватов ва тарафдорларининг Душанбе шаҳрида норозилик митинги ўтказилишига оид чақириқлари билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Пойтахтга кириш постларида милиция ходимлари фуқаролар ва машиналарни тўхтатиб, ҳужжат текшираётганини одамлар айтмоқда.

Ваҳдат туманидан бўлган ҳайдовчи Собир Раҳматовнинг айтишича, сўнгги икки кунда постларда қуролланган милиция ходимлари кўпайган ва БТРлар пайдо бўлган.

“Пойтахтни кузатув камералари назорат қилади”

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида 9 октябрь куни эълон қилган “Кузатув камералари жамоат тартибини назорат қилади” мақоласида проспект, майдон ва кўчаларда хизмат ўташга кўп сонли милиция ходимлари жалб қилингани ва бутун Душанбе бўйлаб кузатув камералари ўрнатилгани” ҳақида ёзилади.

ИИВнинг бу мақоласи Душанбе шаҳрида митинг ва норозилик намойишлари ўтказилиши ҳақидаги чақириқлар Интернетдаги ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг пайдо бўлди.

Тожикистон ИИВ “24 гуруҳи”нинг бу чақириқларини тилга олмасдан, камералар кузатуви ёмон ниятли провакаторларнинг “ифлос мақсадларни амалга оширишга халақит қилади” деб таъкидлайди.

Айни пайтда шаҳар бўйлаб 855 видеокамера ўрнатилгани айтилади.

“24 гуруҳи” қонундан ташқари деб эълон қилинди

Тожикистон Олий суди 9 октябрь куни ўзини “24 гуруҳи” деб атаган мухолифат ташкилотини экстремистик гуруҳ деб топди ва унинг фаолиятини тақиқлади.

Маҳкаманинг бу қарори “24 гуруҳи” Интернет орқали тожикистонликларни 10 октябрь куни Душанбеда норозилик намойишига чиқишга ундаëтган бир пайтда чиқарилди.

Олий суд ҳаками Саломат Ҳакимова маҳкама ҳукмига кўра¸ 24 гуруҳининг Интернет саҳифаси ва улар тарқатаëтган нашрлар ҳам тақиқланганини билдирди.

Айни пайтда “24 гуруҳи” ўзларини янги ном – “Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” деб номлагани айтилади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси “24 гуруҳи” даъват қилаётган намойишга қўшилмасликка даъват қилди

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаши 8 октябрь куни навбатдан ташқари ўтказган мажлисида тожик халқига мурожаат йўллаб, бу норозилик митинг ва намойишларида иштирок этмасликка даъват этди:

“Биз партиямиз аъзоларини, тарафдорларини ва ТИУП позициясини қўллаб қувватловчиларни ғайриқонуний тадбирларда иштирок этмаслик ва провокацияли вазиятлардан узоқ туришга даъват этамиз. Ғайриқонуний тадбирларда партия раҳбарияти билан кенгашмай туриб иштирок этиш партия сиёсатига қарши ҳаракат сифатида қабул қилинади ва бунинг учун партия сафидан ҳайдалиш мумкин”, дейилади”, ТИУП мурожаатида.

“24 гуруҳи”нинг жаҳон жамоатчилигига мурожаати

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” деган янги ном билан аталган “24 гуруҳи” тарафдорлари 8 октябрь куни жаҳон жамоатчилиги, БМТ ва ЕХҲТга йўллаган мурожаатида 10 октябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилиши режаланаётган норозилик намойишининг сабабларини очиқлаган.

Мурожаатда Тожикистон президентининг мамлакатни хароб бир аҳволга келтиргани, қашшоқлик боис икки миллиондан ортиқ тожикистонликнинг меҳнат муҳожиратига чиқиб кетгани , мухолифат фаолларининг қамоққа ташлангани ва ҳукуматни президентнинг яқин қариндошлари эгаллагани айтилар экан, “Тожикистонда ижтимоий адолат, демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган давлат барпо қилиш учун кураш бошлангани” эълон қилинади.

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” 10 октябрь куни Душанбеда ўтказиладиган норозиликлардан келиб чиқадиган салбий оқибатлар Эмомали Раҳмон ҳукумати зиммасида бўлишини таъкидлаган.

9 октябрь куни Душанбедаги барча олий ўқув юртларининг деканлари мажлис ўтказиб, 10 октябрь куни дарсдан қолмаслигини, акс ҳолда қайта тиклаш имконидан маҳрум қилинган ҳолда ўқишдан ҳайдалиши ҳақида талабаларни огоҳлантирган.

"24 гуруҳи" ортида ким турибди?

Тожикистондаги ёнилғи ва бошқа бир қанча моллар бизнесига эга бўлган Умарали Қувватов ва Шарофиддин Гадоев "Фароз" ва "Тожирон" фирмалари соҳиби бўлган. Бу икки тадбирокр 2012 йилда Тожикистонни тарк этганидан сўнг "24 гуруҳи"ни таъсис қилган.

Қувватов ва Гадоевнинг иддао қилишича, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг куёвларидан бири Шамсуллоҳ Соҳибов уларнинг бизнесини тортиб олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG