Линклар

Туркия Исломий давлатга қарши якка урушга кирмоқчи эмас


Туркия қўшинлари Сурия сарҳадида чегара чизиғининг нариги томонида бораëтган урушга ҳозирча томошабин бўлиб турибди.

Туркия қўшинлари Сурия сарҳадида чегара чизиғининг нариги томонида бораëтган урушга ҳозирча томошабин бўлиб турибди.

- Туркиядан Исломий давлатга қарши бир ўзи жангга киришни кутиш¸ нореалдир¸ деди Анқара дипломатлари раҳбари жумладан.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари НАТО аъзоси бўлган Туркия раҳбариятини Сурия-Туркия чегарасидаги Кобани шаҳрини ишғол қилишга уринаëтган Исломий давлатга қарши қуруқликдан ҳужумга ўтишга кўндиришга уринмоқда.

НАТО аъзолари Туркиянинг бундай амалиëт учун қўйган шартларини қабул қилмагани ортидан Анқара ҳам фақат ҳаво ҳужумларига ëрдам бериш билан чекланишини билдирди.

Ташқи ишлар вазири айни пайтда ҳаво ҳужумларининг Исломий давлатни тўхтатиш учун етарли эмаслиги ва шу боис қуруқлик ҳужумлари бошлаш режаси ҳам кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.

Чавушўғли Анқара Суриянинг Туркияга туташ шимолий минтақаларида буфер зона ва учиш тақиқланган ҳудуд ташкил этилиши ғоясини қўллашини билдирди.

Аммо НАТО Бош котиби на буфер зона¸ ва на учиш тақиқланган ҳудуд ташкил этиш ҳарбий альянс томонидан муҳокама этилмаëтганини билдирди.

Туркиянинг Исломий давлатга қарши қуруқли ҳужумлари бошлаш учун қўяëтган талаблари ичида нафақат террор гуруҳи¸ балки улар қарши курашаëтган Башар Асад режимини ҳам бирдек йўқ қилиш¸шу мақсадда Асадга қарши урушаëтган мўътадил гуруҳларга қурол бериш ғоялари ҳам бор.

Туркия шартларига муносабат берган Россия ҳукумати Сурия билан Туркия ўртасида буфер зона ташкил қилиш режаси БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқлансагина¸ амалга оширилиши лозимлигини билдирди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Россия вето ҳаққига эга ва ўз иттифоқчиси бўлган Асад режимини ҳимоя қилиш учун бундай ваколатдан фойдаланиши мумкин.

Айни пайтда АҚШ ва коалиция ҳаво кучлари Кобанини қамалга олган Исломий давлат кучларига қарши зарба берганига қарамай¸ жанггарилар Кобанидаги полиция бўлимини қўлга олган ва ҳозирда шаҳарнинг учдан бир қисми устидан назорат ўрнатган.

Сўнгги 24 соат давомида Исломий давлат истеҳкомлари ва артиллерия кучларига қарши 13 марта ҳужум уюштирилганини билдирган АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Кобани шаҳрининг ҳозирча курд гуруҳлари назоратида эканини билдирди.

Анқара ҳукуматини Кобани шаҳрининг Исломий давлат қўлига ўтмаслиги учун қуруқлик амалиëтлари бошлашга кўндириш мақсадида Туркияга келган АҚШ расмий делегацияси ҳам НАТО Бош котиби ҳамроҳлигида музокараларни давом эттирмоқда.

Аммо кейинги 40 йил давомида ўз ҳудудида қуролли курд гуруҳлари билан қонли уруш олиб борган Туркия ҳукуматининг Сурия ҳудудида курд давлати тузиш ғоясида бўлган гуруҳларнинг Исломий давлатга қарши урушига ëрдам бериш эҳтимоли ҳозирча узоқлигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG