Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Қирғизистонда гейларга қарши қонун муҳокама қилинмоқда


Қирғизистон парламентида гомосексуал алоқаларни тарғиб қилишга қарши қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳасида бесоқолбозликни тарғиб этганлар ёки бесоқолбозлик ҳақида ижобий фикрларни билдирганлар бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланган.

Парламентда тайёрланган қонун лойиҳасида гей клубларни очиш, жинсий озчилик вакилларининг намойишларини ўтказиш, бир жинсдаги одамларнинг жинсий муносабатларини тарғибот қилиш тақиқланади.

Бу каби ҳаракатларни содир этган шахслар эса олти ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки жарима тўлашга ҳукм этилиши мумкин.

Мазкур лойиҳа парламентда тасдиқланса, Жиноят Кодексига, Маъмурий Кодексга, Тинч намойишлар ўтказиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга ўзгартишлар киритиш керак бўлади.

Қонун муаллифларидан бири, депутат Қурманбек Дийканбаев мазкур қонун миллий қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилганини айтди:

-Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1990 йилда гомосексуализмни касалликлар рўйхатидан чиқарган. Қонун лойиҳасида бундай одамларнинг ҳуқуқлари бузилмаган. Биз фақат бу кўринишни тарғиб-ташвиқ қилишни тақиқлаяпмиз холос. Бошқа давлатларда гейларни давлат лавозимларига тайинлаш, улардан донор қатори қон олиш тақиқланган. Бизнинг қонун лойиҳамизда эса бундай моддалар йўқ, -деди депутат.

Қирғизистон парламентининг бир қатор депутатлари мазкур қонун лойиҳасига қарши фикр билдирдилар. Уларга кўра, лойиҳа Қирғизистон Конституциясига зид келади. Депутатлар фикрича, гомосексуаллар борасидаги қонун қабул қилинса, жинсий озчиликларни камситиш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш каби ҳолатлар авж олиши мумкин.

Парламент раисининг ўринбосари Асия Сасиқбаева эса қонун лойиҳаси Қирғизистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятлари, жумладан, халқаро конвенцияларга зид эканини таъкидлади.

Бироқ парламент депутати Турсунбой Бакир бу фикрга қаршилик билдирди:

-Ҳурматли ҳамкасбим Асия Сасиқбаева, сизнинг мусулмонлар орасида ҳам гейлар бор деган гапингизга қўшилмайман. Агар одам гей ёки лесбиянка бўлса, у мусулмон эмас. Жамиятимизни бу иллатдан тозалашимиз учун биз Конституциянинг 20-моддасидан фойдаланишимиз керак. Бу моддада давлат хавфсизлиги ва жамият аҳлоқ-одобини ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқларини чекловчи қонунлар қабул қилиш мумкинлиги айтилган, -деди Турсунбой Бакир.

Мазкур лойиҳа парламент томонидан тасдиқланса гомосексуаллар ҳақида маълумот берган оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ҳам жазога тортила бошланади.

Бишкекдаги гомосексуаллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Лабрис” ташкилоти расмийлари парламентда гейларга қарши қонун лоийҳасининг муҳокама қилиниши юзасидан БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилишини билдирди.

“Лабрис” ташкилоти бу қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига гейларни хўрлаш, уларни қўрқитиб пул ундиришга кенг йўл очиб беради, деб ҳисоблайди.

“Бундан ташқари, қонунда жинсий озчиликлар ҳақида маълумот беришнинг тақиқланиши ортидан ўзининг гей эканини англаган, аммо бу борада тушунчага эга бўлмаган ўсмир ёшлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари кўпайиши мумкин”, дейилади “Лабрис” ташкилоти баёнотида.

XS
SM
MD
LG