Линклар

logo-print

Тожик мухолифатининг норозилик намойишига ҳеч ким чиқмади


"24 гуруҳи" тожикистонликларни норозилик намойишини ана шу ердан, Исмоил Сомоний майдонидан бошлашга чақирган эди.

"24 гуруҳи" тожикистонликларни норозилик намойишини ана шу ердан, Исмоил Сомоний майдонидан бошлашга чақирган эди.

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлар иттифоқи”(“24 гуруҳи”) томонидан Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 10 октябрь куни ўтказилиши эълон қилинган норозилик намойиши бўлмади. Тожикистон хавфсизлик кучлари жума куни эрта тонгдан пойтахтнинг одам тўпланиши мумкин бўлган майдон ва кўчаларни қаттиқ назоратга олди. Олий ўқув юрти талабалари соат 15 гача аудиторияларидан чиқарилмай ушлаб турилди.

"24 гуруҳи"ни қўллаб ҳеч ким намойишга чиқмади

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлар иттифоқи”(“24 гуруҳи”)нинг 10 октябрь куни тушдан кейин Душанбе шаҳрида норозилик намойишлари ўтказилиши ҳақидаги хабари пойтахт аҳолисини таҳликага солиб қўйди.

8 октябрдан бошлаб пойтахтда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилди. Озодлик мухбирлари жума куни тонгдан, Душанбе кўчаларида ва майдонларда милиция ходимларининг янада кўпайганлигини қайд қилди.

Озодлик мухбирларига кўра, жума куни шаҳар кўчаларида транспорт қатнови бошқа кунларга нисбатан анча камайгани кузатилган.

Бироқ, озиқ-овқат дўконлари ва бозорлар гавжум бўлгани кузатилди.

Кузатувчиларга кўра, фуқаролик урушини бошдан кечирган тожикистонликлар ҳар эҳтимолга қарши ун ва бошқа озиқ-овқат молларини кўпроқ харид қилган.

Тожикистон Тиббиёт институтининг Соҳиба исмли талабасига кўра, баъзи курсларда жума куни дарс бўлмаган, лекин улар аудиториялардан чиқарилмаган:

“Бир кун олдин деканимиз кимки 10 октябрь куни дарсда бўлмаса ўқишдан ҳайдалади, деб огоҳлантирган эди. Бугун биринчи парадан кейин дарс бўлмади. Лекин ўқитувчилар аудиториядан чиқмасликни буюрди. Шундай қилиб соат 15гача қимирламай ўтирдик”, деди талаба.

“Пойтахтни кузатув камералари назорат қилди”

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида 9 октябрь куни эълон қилган “Кузатув камералари жамоат тартибини назорат қилади” мақоласида проспект, майдон ва кўчаларда хизмат ўташга кўп сонли милиция ходимлари жалб қилингани ва бутун Душанбе бўйлаб кузатув камералари ўрнатилгани” ҳақида ёзилади.

ИИВнинг бу мақоласи Душанбе шаҳрида митинг ва норозилик намойишлари ўтказилиши ҳақидаги чақириқлар Интернетдаги ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг пайдо бўлди.

Тожикистон ИИВ “24 гуруҳи”нинг бу чақириқларини тилга олмасдан, камералар кузатуви ёмон ниятли провакаторларнинг “ифлос мақсадларни амалга оширишга халақит қилади” деб таъкидлайди.

Айни пайтда шаҳар бўйлаб 855 видеокамера ўрнатилгани айтилади.

“24 гуруҳи” қонундан ташқари деб эълон қилинди

Тожикистон Олий суди 9 октябрь куни ўзини “24 гуруҳи” деб атаган мухолифат ташкилотини экстремистик гуруҳ деб топди ва унинг фаолиятини тақиқлади.

Маҳкаманинг бу қарори “24 гуруҳи” Интернет орқали тожикистонликларни 10 октябрь куни Душанбеда норозилик намойишига чиқишга ундаëтган бир пайтда чиқарилди.

Айни пайтда “24 гуруҳи” ўзларини янги ном – “Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” деб номлагани айтилади.

Ислом уйғониш партияси намойишга қўшилмасликка даъват қилди

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаши 8 октябрь куни навбатдан ташқари ўтказган мажлисида тожик халқига мурожаат йўллаб, норозилик митинг ва намойишларда иштирок этмасликка даъват этди:

“Биз партиямиз аъзоларини, тарафдорларини ва ТИУП позициясини қўллаб қувватловчиларни ғайриқонуний тадбирларда иштирок этмаслик ва провокацияли вазиятлардан узоқ туришга даъват этамиз. Ғайриқонуний тадбирларда партия раҳбарияти билан кенгашмай туриб иштирок этиш партия сиёсатига қарши ҳаракат сифатида қабул қилинади ва бунинг учун партия сафидан ҳайдалиш мумкин”, дейилади”, ТИУП мурожаатида.

“24 гуруҳи”нинг жаҳон жамоатчилигига мурожаати

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” деган янги ном билан аталган “24 гуруҳи” тарафдорлари 8 октябрь куни жаҳон жамоатчилиги, БМТ ва ЕХҲТга йўллаган мурожаатида 10 октябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилиши режаланаётган норозилик намойишининг сабабларини очиқлаган.

Мурожаатда Тожикистон президентининг мамлакатни хароб бир аҳволга келтиргани, қашшоқлик боис икки миллиондан ортиқ тожикистонликнинг меҳнат муҳожиратига чиқиб кетгани, мухолифат фаолларининг қамоққа ташлангани ва ҳукуматни президентнинг яқин қариндошлари эгаллагани айтилар экан, “Тожикистонда ижтимоий адолат, демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган давлат барпо қилиш учун кураш бошлангани” эълон қилинади.

“Янги Тожикистон” мухолиф кучлари иттифоқи” 10 октябрь куни Душанбеда ўтказиладиган норозиликлардан келиб чиқадиган салбий оқибатлар Эмомали Раҳмон ҳукумати зиммасида бўлишини таъкидлаган.

"24 гуруҳи" ортида ким турибди?

Тожикистондаги ёнилғи ва бошқа бир қанча моллар бизнесига эга бўлган Умарали Қувватов ва Шарофиддин Гадоев "Фароз" ва "Тожирон" фирмалари соҳиби бўлган. Бу икки тадбиркор 2012 йилда Тожикистонни тарк этганидан сўнг "24 гуруҳи"ни таъсис қилган.

Қувватов ва Гадоевнинг иддао қилишича, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг куёвларидан бири Шамсуллоҳ Соҳибов уларнинг бизнесини тортиб олган.

Умарали Қувватов ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатида тожикистонликларни 10 октябрь куни норозилик намойишига чиқишга ва президент истеъфосини талаб қилишга даъват этган эди.

Айни пайтда Тожикистонда юздан ортиқ Интернет сайтлари, Facebook, YouTube ижтимоий тармоқлари тўсиб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG