Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:35

Ўзбек пахтасига "йўқ" деган йирик ширкатлар сони 153тага етди


Тошкентда 14-15 октябрь кунлари Халқаро пахта ярмаркасининг очилиши арафасида дунёнинг етакчи ширкатлари Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотга қўшилмоқда.

Target, Walmart, C&A, Marks&Spencer, IKEA, H&M ширкатлари қатори Британиянинг Tesco йирик чакана тармоғи ҳам ўз маҳсулотларида мажбурий меҳнат маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини ишлатишдан воз кечди ва Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши кампанияга қўшилди.

-Tesco биринчилардан бўлиб 2007 йилда ўзбек пахтасидан воз кечган эди, ҳозир эса биз Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши кампанияга қўшилаётганимиздан жуда фахрланамиз, - дейди Tesco ширкатининг таъминот ишлари бўйича раҳбари Жайлс Болтон.

Қароргоҳи Сан Францискода жойлашган болалар меҳнатига қарши курашувчи “RSN -Responsible Sourcing Network” ташкилотига кўра, ҳозирга қадар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши петицияни имзолаган ширкатлар сони 153тани ташкил этмоқда.

– Токи Ўзбекистон ҳукумати пахта секторида болалар меҳнати ва катталар мажбурий меҳнатидан воз кечмас экан Ўзбекистон пахтасини ўз маҳсулотларимизда ишлатмаймиз, - дея билдиришмоқда петицияга имзо қўйган ширкатлар.

Ҳозирга қадар юздан зиёд ширкат ўз маҳсулотларида ўзбек пахтасидан фойдаланмай қўйган. Хорижий ширкатларнинг бойкоти ортидан Ўзбекистонда ёш болаларни, мактаб ўқувчиларини пахтага чиқариш тўхтатилгандай бўлди. Ўзбекистон расмийлари мамлакатда 18 ёшгача бўлганлар пахта чиқарилмаслиги ҳақида билдирган.

Ўзбекистонда бу йил ёш болалар, мактаб ўқувчилари пахта термига чиқарилмаётган эса-да, улар ўрнига шифокорлар, ҳамширалар, ўқитувчилар, талабалар пахта теришга мажбурланмоқда.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган Вашингтондаги “Cotton Campaign” гуруҳига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда давлат корхоналарининг бир миллиондан ортиқ ходимлари ва талабалар пахтага чиқарилган.

Гуруҳ фаоли Мэттю Фишер Дали шифокорларнинг ўз хоҳишларига зид тарзда пахта теримига жалб этилишини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолайди:

- Ўзбекистонда йиллардан бери ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджет идоралари ходимлари ишдан ҳайдалишлари ҳақидаги таҳдидлар билан пахта теришга мажбурланади. Бунинг устига ойликлари кесилмоқда. Бу замонавий қулликнинг бир кўринишидир, - дейди Мэттю Фишер Дали.

Бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган “Cotton Campaign” аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG