Линклар

Ўзбекистонда яқин орада “Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига зарарли таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоялаш тўғрисида” қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасини “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ишчи гуруҳи муҳокама қилганини 12.uz хабар қилди.

Тилга олинган фракция аъзоси Раъно Гаимованинг айтганларига таяниб сайтнинг ёзишича:

ахборот-коммуникация воситаларнинг ҳаётга кириб келиши;

Интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган баъзи информацияларнинг нохолис ва ҳақиқатга зид эканлиги;

ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатаётган зарарли информацион ҳуружлар ва

мафкуравий хавфларнинг кўпайиб кетгани каби омиллар янги қонун заруратини белгилаб берган.

Сайт хабари бизни “Адолат”нинг расмий сайтига бошлади. Қўшимча информация топармиканмиз, деб ўйладикда, ахир!

Масалан, адолатчилар “болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатадиган информациядан ҳимоялаш” йўлида қандай чораларни таклиф этаётганига қизиқдик.

Афсуски, излаганимизни тополмадик: 12.uzнинг хабари партия матбуот релизининг такрори бўлиб чиқди.

Партия матбуот хизмати хабарномасидаги мана бу гап чанқоғимизни бироз қондириши мумкин: “...оммавий ахборот воситаларида шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботига йўл қўймасликнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган”.

Лекин ўша “механизмлар” нимадан иборат эканлиги тўғрисида информация йўқ.

Балки бундай информация ҳозирча зарарли бўлса керакки, индамаяптилар.

Эътибор беринг, адолатчилар болаларни информациядан ҳимояламоқчилар.

Воқеа-ҳодисадан эмас, информациядан.

Воқеа – "овоз", Информация – "акс садо".

Яъни Воқеа бирламчи, Информация иккиламчидир.

Воқеа бўлмаса, Информация ҳам йўқ.

Шуниси қизиқки, Информация йўқ экан, гўёки Воқеа ҳам йўқдай туюлаверади.

Масалан, шу кунларда пахта теримига мактаб болалари чиқарилмаяпти. Лекин мактабларда ҳар бир синф учун биттадан ўқитувчи қолдирилиб, қолган муаллимлар пахтага ҳайдалган.

Бу ҳақда гапирилмаса, яъни зарарли информация берилмаса, бас, – олам гулистон – бу йилги пахта бола меҳнатисиз терилди – ижобий информация пайдо бўлади!

Сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик йўлидаги бу ҳаракат “болаларнинг жисмоний ва маънавий ривожига”, ўзимиздан қўшамиз – интеллектуал ривожига – салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида ўзбек депутатлари, хусусан адолатчи депутатларнинг боши қотмайди.

Мана яна бир неча зарарли информация:

“Чироқчи ҳокими пахта сиëсати иддаоси билан камбағалнинг тўйини бузди”;

“Пахтага мажбуран чиқарилган шифокорларнинг ойлиги ҳам қирқилмоқда”;

“Боёвут ҳокими пахтага чиқмаган тадбиркорларни жазолашни буюрди”;

Мана бу эса, энг “свежийси”, бугунгиси: “Пахтага чиққан коллеж талабалари ўрнига мактаб ўқувчилари ўқияпти”

Гап шу ерга етганда, адолатчилар, балки, мени “қулоқдан тортганликда”, айблар. Улар, балки, “биз болаларни Интернетдаги уятсиз материаллардан сақламоқчимиз”, дерлар.

Тўғри, болаларни уларнинг ёшига номуносиб контентдан сақлаш керак.

Тўғри, уят суратлар боланинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун зарарли.

Лекин, бу "Адолат"нинг ишими? Унда ота-она нима қилади?!

Бир нарсани ўйлаб, бошқа нарсани гапириш, иккиюзламачилик қилиш боланинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун зарарли эмасми?

Нафақат боланинг, балки бутун жамиятнинг маънавияти учун таҳликали эмасми?

Лекин, адолатчилар фикрича, менинг ташвишим ортиқча ташвишдир: воқеа бўлавериши мумкин, у ҳақда информация бўлмаса, бас – олам гулистон!

Чунки информация зарардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG