Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:02

Обама "Исломий Давлат"га қарши стратегияни муҳокама қилади


АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Сурия ва Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига қарши кураш стратегиясини муҳокама қилиш учун 14 октябрь куни йигирмага яқин давлат ҳарбий қўмондонлари билан учрашади. Айни пайтда, Ироқ расмийлари “Исломий Давлат” жангарилари Анбар вилоятидаги ҳарбий лагерни ишғол қилганини билдирди. Жиҳодчилар Суриянинг қуршовдаги Кобани шаҳри марказида жойлашган маданий марказни ҳам босиб олишга муваффақ бўлган.

АҚШ Президенти Барак Обама иштирокида Вашингтон ташқарисида жойлашган Эндрюс ҳаво базасида бўладиган йиғилишга АҚШ қўшинлари Бош штаби раҳбари, генерал Мартин Демпсей раислик қилади.

Мазкур йиғилиш “Исломий Давлат” жангарилари Ироқнинг Анбар вилоятида ва Суриянинг Туркия чегарасига яқин жойлашган Кобани шаҳрини ишғол қилиш учун маваффақиятли ҳужумларни амалга оширган пайтда бўлиб ўтмоқда.

АҚШдаги учрашувда Туркия вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Суриядаги жангариларга қарши АҚШ етакчилигида ҳаводан уюштирилаётган ҳужумларда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги ва бошқа араб давлатларининг учқичлари ҳам қатнашмоқда.

Вашингтон ташқарисидаги учрашувда Австралия, Баҳрайн, Белгия, Германия, Дания, Ироқ, Испания, Италия, Иордания, Кувайт, Канада, Ливан, Миср, Нидерландия, Франция, Янги Зелландия ва Қатар вакиллари иштирок этади.

13 октябрь куни Ироқ ҳарбийлари “Исломий Давлат” жангарилари Анбар вилоятидаги Ироқ қўшинларига тегишли зирҳли машиналар ва танкларни ўғирлаб ёқиб юборганидан сўнг ҳарбийлар лагерини ташлаб кетишга мажбур бўлганини билдирди.

Жангарилар Хит шаҳридан саккиз километр нарида жойлашган лагерни 2 октябрь куни босиб олгани айтилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, Хит шаҳри атрофидаги тўқнашувлар сабабли қарийб 180 минг аҳоли уйларини ташлаб бошқа жойларга қочишга мажбур бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, Анбар вилоятидаги ҳарбий лагерни эгаллаб олиш орқали “Исломий Давлат” гуруҳи Бағдодга ҳужум бошлаш учун зарур бўлган таъминотни йўлга қўйиш имкониятига эга бўлган.

13 октябрь куни Ироққа сафари чоғида Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд АҚШ, Британия ва бошқа давлатлар учқичлари август ойидан бери “Исломий Давлат” жангариларига қарши уюштираётган ҳаво зарбалари уларни енгиш учун етарли эмаслигини таъкидлади.

Ҳаммонд Ироқ хавфсизлик кучлари “қуруқликда оғир ишларни амалга ошириши кераклиги”ни урғулади.

Хабарларга кўра, жангарилар қуршовдаги Кобани шаҳрининг марказий қисмида олдинга силжишга муваффақ бўлган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилотига жиҳодчилар 13 октябрь куни Кобанини мудофаа қилаётган курдларини сиқиб чиқариб шаҳарнинг маданий марказини ишғол қилишга муваффақ бўлганини билдирди.

Айни пайтда АҚШ етакчилигидаги коалиция учқичлари Кобани атрофидаги жангариларга ҳаводан зарбалар беришда давом этмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Вашингтон ва Анқара “Исломий Давлат” гуруҳига қарши ҳужумда Туркиянинг Инчирлик ҳаво базасидан фойдаланиш хусусида келишувга эришгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

- Терроризмга қарши кураш бўйича давом этаётган ҳамкорлик масаласидан ташқари Инчирлик ҳаво базаси ҳақида ҳеч қандай янгилик йўқ. Биз “тайёргарлик ва таъминот” учун жой ажратиш имкониятини муҳокама қиляпмиз. Бироқ ҳали қарор қабул қилганимиз йўқ. Суриядаги “Исломий Давлат” жангариларига қарши чоралар кўриш, жумладан, учиш ман қилинган ва буфер зонаси ташкил этиш бўйича АҚШ расмийлари билан сўзлашувлар келаси кунларда ҳам давом этади, дея баён қилди Туркия Ташқи ишлар вазири.

12 октябрь куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс коалиция учқичлари Сурия ва Ироқдаги жанггариларга ҳужум уюштиришда Туркиядаги базалардан фойдаланишга Туркия рухсат берганини билдирган эди.

Бироқ эртасига Туркия Ташқи ишлар вазири бу ва бошқа масалалар муҳокамаси давом этаётганини урғулади.

XS
SM
MD
LG