Линклар

Тошкент вилоятида бир кунда уч прокурор ишдан олинди


Ўзбекистон прокурорлари қонун ижроси устидан назорат қилиш ишидан ташқари пахта учун ҳам масъулдир.

Ўзбекистон прокурорлари қонун ижроси устидан назорат қилиш ишидан ташқари пахта учун ҳам масъулдир.

Тошкент вилоятида бир кунда учта туман прокурори ишдан олинди. Ҳозирча на прокуратура расмий сайти ва на маҳаллий нашрларда акс этган бу кадр ўзгариши ортидаги бош сабаб, Озодлик манбалари таъкидича, пахта билан боғлиқ. Шу кунларда вилоят ва туман прокурорлари пахта йиғим-терим кампаниясига масъул этиб тайинлангани кузатилмоқда.

Тошкент вилоятининг Қибрай тумани прокурори Алишер Абдусаломов 10 октябрь куни ишдан олинди.

Озодликнинг ҳуқуқ тизимларига яқин манбаси фаразича, Абдусаломовнинг ишдан олиниши пахта билан боғлиқ :

“Прокурорлар ҳам пахта терими бошлангандан бери тинчлик билмайди. Пахтага ҳашарчиларни йиғиш, уларни жўнатишни назорат қилиш ишлари учун прокурорлар жавоб беради. Прокурорлар кечалари билан уйига келмай, пахта штабларида ётиб қолади. Балки¸ табиатан камтарин бўлган Алишер Абдусаломов етарлича қаттиққўллик қилмай¸ халқни ëппасига ҳайдамагандир”, деб тахмин қилди Озодлик манбаси.

Қибрай тумани прокуратураси Алишер Абдусаломовнинг ишда йўқлигини тасдиқлар экан, телефон орқали бошқа маълумот берилмаслигини айтди.

Алишер Абдусаломов Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раисининг ўғли ва Ўзбекистон Марказий банки раисининг куёвидир.

10 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани прокурори Умид Муҳаммедов ҳам ишдан олинди.

Оҳангарон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Умид Муҳаммедовнинг ишдан олиниши ҳам пахта сиёсати билан боғлиқ эканини таъкидлади:

“Тафсилотларини билмайману, лекин пахта билан боғлиқ деб айтишди”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳокимлик мулозими.

Озодлик Тошкент вилояти прокуратураси билан боғланиб, прокурорларнинг нима сабабдан ишдан олингани ҳақида сўради. Ўзини таништирмаган прокуратура мулозими прокурорларнинг ишдан олинганини тасдиқлар экан, саволларга жавоб олиш учун расмий мактуб билан мурожаат қилиш кераклигини айтди.

Озодлик олган хабарга кўра, Тошкент вилоятининг яна бир тумани прокурори ишдан олинган. Лекин ҳозирча ишдан бўшатилган учинчи прокурор қайси туманда ишлаганини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги қонунида прокурорларнинг қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилишига оид бирор банд йўқ. Аксинча, қонунда прокуратура ҳокимликлар ва мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилишини назорат қилувчи орган экани таъкидланади.

Бироқ Ўзбекистонда сўнгги йилларда вилоят ва туман прокурорлари ҳам кундалик хизмат ва вазифалари қолиб, куну тун қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилгани, хусусан, пахта йиғим-терими кампаниясига масъул этиб тайинланиши кузатилмоқда.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари прокурорларнинг фермер хўжаликларида экин майдонлари неча сантиметр чуқурликда шудгор қилинганини шахсан бориб ўлчагани, чигитнинг вақтида экилишини назорат қилиш учун кунлаб далада юргани, ғўза чопиғи, ягана ва теримини ўз вақтида ўтказилишини таъминлашга жавобгар шахс этиб тайинланганига оид лавҳаларини намойиш қилгани кузатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG