Линклар

logo-print

Тошкент вилоятида коллеж ўқувчиларини суратга олган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевани ўқитувчилар тутиб олиб, милицияга топширди. Пскент тумани ИИБ ходимлари Урлаева олиб улгурган суратларни йўқ қилишга уринди, аммо топа олмади. Натижада, флешкани сочига яширган фаол пахтада юрган ўқувчи ва ишчилар суратини матбуотга етказди.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги тиббиёт муассасалари ходимларидан тушган шикоят асосида 11 октябрь куни вилоятнинг Бўка ва Пскент туманларига борганини айтди.

- У ерда тиббиёт ходимларини кўрдим, суратга бемалол олдим. Улар бир ойдан буён дам олишсиз, кунига 10-12 соатлаб пахта тераётган экан. Сўнг Пскент туманида пахта тераётган касб-ҳунар коллежларидан бирининг 3-курсида ўқийдиган талабаларни учратдим. Коллеж ўқувчиларининг ёшини сўраб, улар орасида вояга етмаганлар бор-йўқлигини билишга уриндим. Шунда коллеж ўқитувчилари болаларни суратга олишимга, улар билан гаплашишимга тўсқинлик қила бошлади. Кейин мени куч билан пахта даласидан олиб чиқиб, машинага ўтказдилар. Суратлар юкланган флешкани беришимни талаб қилишди. Мен флешкани бермаганимдан сўнг коллеж ўқитувчилари Пскент туманидаги 225-милиция участкасига олиб бориб, мени милицияга топширишди, - дея ҳикоя қилди Елена Урлаева.

Бу орада Елена Урлаева ўзбекистонлик журналист Виктор Кримзаловга телефон қилишга улгурган ва воқеадан хабардор қилган.

Ўша куни ҳуқуқ фаоли Пскент ички ишлар бўлимида бир ярим соатдан ортиқроқ ушлаб турилди. Фаол туман ИИБ бошлиғи муовини Мурод Баҳодиров унинг телефони, фотоаппаратини олиб қўйганини айтмоқда.

- Негадир тиббиёт ходимлари келиб, танамда кўкарган жойлар бор-йўқлигини текширишди. Ваҳоланки, уларга шикоят қилмаган эдим. Ундан ташқари, икки марта ечинтириб, расмлар юкланган флешкани қидирдилар, лекин топа олмадилар. Шунда уларга Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини кўрсатдим. Аммо, милиция буни етарли асос сифатида қабул қилмади, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

Бир неча соатдан сўнг қўйиб юборилган Елена Урлаева Тошкентга қайтди ва асраб қолган суратларини ОАВ орқали тарқатишга муваффақ бўлди.

- Ҳозир менда Бўка туманидаги 4-мактабнинг ўқитувчиларидан келган шикоят ҳам бор. Улардан пахта теримига ёлланадиган мардикорлар учун 500 минг сўмдан пул олишган. Ундан ташқари, бу ўқитувчиларни ишдан сўнг ва дам олиш кунлари пахтага олиб чиқишаётган экан. Бу ҳақда ҳам шикоят аризасини тайёрладик. Худди шундай Жиззах вилоятида тиббиёт ходимлари 12 соатлаб пахта тераяпти. Бу ҳолатни ҳам мониторинг қилиб, тез орада шикоят аризасини тайёрлаймиз, - деди Елена Урлаева.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ҳар йил пахта теримини мониторинг қилиб боради. Бу йил ҳам пахта мавсуми бошланганидан буён Урлаева бир неча бор пахта далаларидан суратлар юборди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG