Линклар

Россия матбуотига муқобил “Настоящее время” теледастури эфирга чиқди


Озод Европа/Озодлик радиоси ҳамда Америка Овози ҳамкорликда “Настоящее время” теледастурини тайёрлай бошлади. 2014 йил 14 октябрь куни илк сони эфирга берилган рус тилидаги янгиликлар дастури Россияга чегарадош давлатларга рус матбуоти четлаб ўтаётган реал воқеъликка оид объектив ахборотни етказишни мақсад қилган.

Настоящее время” теледастури собиқ совет ўлкалари - Грузия, Эстония, Латвия, Литва, Молдова, Украинадаги жамоат ҳамда хусусий телекомпаниялар, Интернет-порталлари орқали намойиш қилинади.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги ҳамда Америка Овозининг Вашингтондаги мухбирлари тайёрлайдиган 30 дақиқалик теледастур ҳар куни эфирга берилади ва унда янгиликлар, интервью, оригинал репортажлар ҳамда сиёсий сатира жанридаги лавҳалар жонли тарзда эфирга узатилади.

Лойиҳа Россиянинг давлат томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситалари четлаб ўтаётган, кўз юмаётган реал воқеъликка оид объектив маълумотларни томошабинларга етказиш мақсадида тузилган.

“Мазкур лойиҳа орқали АҚШнинг халқаро оммавий ахборот воситалари Украина ва собиқ Совет Иттифоқининг бошқа минтақаларида босқинчилик ва зўравонликларга туртки бўлаётган, ўйламай олиб борилаётган беодоб ахборот кампаниясига муқобил холис ахборотни узатишни мақсад қилди. Бу лойиҳа ёлғонни эмас, балки фактларни, холис, синалган журналистик материални тақдим этади”, деб баёнот берди Озод Европа/Озодлик радиоси ва Америка Овози фаолиятини мувофиқлаштувчи АҚШнинг Халқаро эшиттиришлар кенгаши раиси Жефф Шелл.

“Настоящее время” теледастурини Европа давлатлари ва АҚШда лойиҳага ҳамкорлик қилаётган жамоат ва хусусий телеканалларидан ташқари YоuTube ва қатор Интернет порталлар, шунингдек ижтимоий тармоқларда томоша қилиш мумкин.

2015 йилдан бошлаб “Настоящее время” телевизион дастурини кенгайтириш, уни сунъий йўлдош ҳамда медиа бозоридаги муқобил манбалар орқали тарқатишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Озод Европа/Озодлик Радиоси

Озод Европа/Озодлик Радиоси – АҚШ Конгресси томонидан молиялаштирилган мустақил нодавлат нотижорат хабар агентлигидир. Озод Европа/Озодлик Радиоси дастурлари радио, телевидение ва мобил платформалар орқали 21 давлатга, жумладан, Марказий Осиё, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа, Кавказ ва Россияга 28 тилдаги хабарларни етказади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG