Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

Путин ва Порошенко Украина шарқида тинчлик ўрнатишни муҳокама қилди


Украина Президенти П.Порошенко ва Россия Президенти В.Путин.
Украина Президенти П.Порошенко ва Россия Президенти В.Путин.

Россия Президенти Владимир Путин украиналик ҳамкасби Петро Порошенко билан Украина шарқида тинчлик ўрнатиш масаласини телефон орқали муҳокама қилди. Кремль эълон қилган баёнотда икки давлат раҳбарлари 16-17 октябрь кунлари Милан шаҳрида бўладиган саммитда Россиянинг Украинага газ етказиб бериши масаласини муҳокама қилишга ҳам келишиб олгани маълум қилинган.

Киев Украинанинг газ учун Россияга бўлган қарзини вақтида тўлай олмагани сабабли Газпром ширкати июнь ойида Украинага газ етказиб беришни тўхтатган.

Газ бўйича келиб чиққан тортишув ва Украина шарқида ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар Европа Иттифоқи давлатларини жиддий ташвишга солди.

Боиси Европа давлатлари газга бўлган эҳтиёжининг учдан бир қисмини Россиянинг гази ҳисобига қондиради. Россия газининг қарийб ярми Украина ҳудуди орқали Европага етказилади.

15 октябрь куни Кремл эълон қилган баёнотда Путин ва Порошенко суҳбатининг тафсилоти маълум қилинмаган.

Россия ва Украина президентлари ўртасида 5 сентябрь куни бўлиб ўтган охирги телефон сўзлашувдан сўнг Киев ва айирмачилар ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув имзолаган эди.

Шунга қарамай, келишув имзоланганидан сўнг Украина шарқида деярли ҳар куни содир бўлаётган отишмаларда 330 киши нобуд бўлди.

Украина ва НАТО расмийлари Россияни айирмачиларни дастаклаш учун Украина шарқига қўшин жўнатганликда айблаган. Кремл бу айбловни рад қилиб келмоқда.

Украинадаги можаролар давомида шу кунгача 3660 киши ҳалок бўлган.

Украина бўҳрони Москванинг Ғарб билан муносабатларини “Совуқ Уруш даври”дагидек пас даражага тушишига сабаб бўлди.

14 октябрь куни Парижда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида бўлиб ўтган уч соатлик учрашувда ҳам асосан Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Россия Ташқи ишлар вазири Украина шарқида тинчлик ўрнатиш фақат урушаётган томонларга боғлиқ эканини урғулади.

- Биз, жаноб Керри ва мен, урушаётган томонларнинг вакиллари эмасмиз. Мен аввал айтиб ўтганимдек, Украина бўҳрони фақат урушаётган томонлар ўртасида бевосита музокаралар олиб бориш ва келишувга эришиши орқали ҳал этилиши мумкин, дея баён қилди Сергей Лавров.

15 октябрь куни Россиядаги маҳаллий нашрларда чоп этилган мақолаларда Бош вазир Дмитрий Медведев Украина бўҳрони туфайли Қўшма Штатлар Россияга жорий қилган санкциялар ўз кучида қолар экан Россия-АҚШ муносабатларини қайта тиклаш “мутлақ имконсиз” эканини урғулаган.

Медведев Украинадаги бўҳрон сабабли чегара ҳудудига жойлаштирилган қўшинларни ортга қайтариш ҳақидаги президент Владимир Путиннинг буйруғи ички масала экани ва буни Вашингтонга ёнбосиш сифатида талқин этилмаслиги кераклигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG