Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Судхўрликка жазо борми?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида пулни қарзга бериш ва олиш тартиб қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Кейинги пайтларда пулни қарзга бериш ва олиш ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатлар Озодликка кўплаб бўлаяпти.

Жумладан, тошкентлик Нигора исмли аёл “Фоизга қарз бериш жиноят эмасми?”, дея сўради. Жиззахлик Карим ака судхўрлик, яъни фойда эвазига қарзга пул беришга қандай жазо борлигига қизиқди. Шунингдек, муштарийлар қарзга пул бериб, “куйиб қолмаслик” учун нима қилиш лозимлиги борасида сўрашди. “Қарз олди-бердиси билан қонунан шуғулланиш йўллари борми?”, “Судхўрлик ортидан даромад топган шахс солиққа тортиладими?” каби саволлар ҳам муштарийлардан кўплаб келди.

Ушбу саволларга жавоб излаш жараёнида Ўзбекистон қонунларини титиб, қарз олди-бердисига монелик қиладиган бирор жиҳатни топмадик.

“Фуқаролик кодекси”нинг 41-боби, “Қарз” бўлимида жисмоний шахслар ўртасидаги қарз-олди бердисининг қонуний кўринишлари қайд қилинган. Бу ерда судхўрлик - фоизга қарз беришга ҳам рухсат этилганини кўриш мумкин. Демак, мамлакат қонунларида судхўрликка қарши ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган яъни фоизга пул бериш жиноят эмас.

Амалдаги тартибга кўра, агар қарзга берилаётган пул суммаси минимал ойлик иш ҳақининг ўн баробаридан кам бўлса, томонлар ўртасида оғзаки шартнома тузилиши мумкин.

Бугунги кунда энг кам иш ҳақи 107 минг 635 сўмни ташкил қилади. Демак 1 миллион 763 минг 500 сўмдан кам суммадаги пулни қарзга бермоқчи ёки олмоқчи бўлсангиз олди-бердини нотариал тасдиқлатиш шарт эмас. (Бундай ҳолатда юзага келган низо борасида мақола давомида ўқийсиз). Бундай ҳолатда ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя қилади. Агар қарз суммаси бундан кўп бўлса, томонлар ўртасида қарз шартномаси тузилиб, нотариал тасдиқлатиш лозим бўлади.

Қарз шартномасини нотариал тасдиқлатиш мажбурий бўлмай, фақат томонлар хоҳишига боғлиқ. Бу тарафлардан бирининг (аксарият ҳолларда, қарз берувчининг) талаби билан амалга оширилиши мумкин.

Шартнома нотариал тасдиқлангани учун тўланадиган давлат божи юқори бўлиб, уни тўлаш мажбурияти қарздор зиммасига юкланади.

Қарз шартномасини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида давлат божи белгиланган. Дейлик, 15 миллион сўм қарзга берилаётган бўлса, 150 минг сўм давлат божи тўлаш лозим. Бироқ қарз шартномасининг суммаси кам бўлса, тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақи (107 минг 635 сўм)нинг 20 фоизи (21 минг 527 сўм)дан кам бўлмаслиги керак.

Нотариал ҳа­ра­катларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, қарз шартномаси хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин. Унда қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилиши усуллари кўрсатилади.

Қарз олувчи қарзга олинган пулни бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пул миқдорига баравар қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул қайтарилган пайтдан бошлаб узилган ҳисобланади.

Қарз шартномаси бўйича фоизлар

“Фуқаролик кодекси”нинг 734-моддасига кўра, фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланиши лозим. Қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Солиқ инспекцияси ходимларидан олинган маълумотга кўра, фоизга пул қарз берган фуқаро топган даромадининг 8,5 фоизи миқдорида солиқ тўлаши шарт ҳисобланади.

Қарз олди-бердиси билан боғлиқ низолар

Қарз олувчи олинган пулни белгиланган вақтда қайтариб бера олмаса ва томонлар ўртасида низо юзага келса, фуқаролар ўртасида тузиладиган қарз шартномасининг суммаси минимал ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ (1 миллион 763 минг 500 сўм)ни ташкил этганда суд фақат ёзма ҳужжатларни инобатга олади. Бундай вазиятда гувоҳларнинг кўрсатмаси инобатга олинмайди.

Минимал ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам суммага тузилган қарз шартномаси бўйича эса, суд гувоҳларнинг кўрсатмасини инобатга олиши мумкин.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG