Линклар

Озодлик радиосининг илмий-маърифий дастури – OzodWiki ёзги таътилдан қайтиб, 2014- ўқув йилининг 2- семестрини бошламоқда. Иккинчи ярим йилликнинг биринчи эшиттириши учун Ўзбекча Википедиянинг шу кунда инсониятга хавф солиб турган Эбола касаллиги тўғрисидаги мақоласини танладик.

- Жаҳон ҳамжамияти Эбола касаллиги тарқалишининг олдини олишга улгурмаяпти, декабрь ойига бориб бу касалликка ҳафтасига 10 минг киши чалинади, деб баёнот берди 15 октябрь куни БМТ вакили.

Эбола эпидемиясининг олдини олиш миссияси раҳбари Энтони Бэнбери БМТ Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқиши чоғида касаллик вируси тарқалиши суръати тиббиёт ходимлари кўраётган чоралар суръатидан тезроқ эканлиги тўғрисида баёнот берди.

Вазиятнинг таҳликали эканлигига яна бир ишора:

АҚШ Президенти Барак Обама сешанба куни “Эбола эпидемиясини жиловлаш учун халқаро ҳамжамият етарли чора кўрмаётгани” тўғрисида баёнот берди.

15 октябргача дунё бўйлаб 8914 киши Эболага чалингани қайд этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозларига қараганда, касалликка чалинганлар сони жорий ҳафта охирида 9000 кишига етади.

Мана бу эса, ўтган ҳафта охири – 11 октябрда Озодлик тарқатган хабар:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Эбола вирусидан ҳалок бўлганлар сони 4033га етган.

Ҳаммаси бўлиб дунёда Эболани юқтирган 8399та бемор қайд этилган.

Вирус Либерияда 2316, Сьерра-Леонада 930, Гвинеяда 778 одам ёстиғини қуритган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда ушбу хасталик вирусини халқаро миқёсдаги таҳдид, деб эълон қилганди.

Баланд иситма, қон кетиши ва марказий асаб тизимининг бузилиши - Эболанинг асосий белгиларидир.

​Вируснинг инкубацион муддати 21 кун. Ҳозирча аниқ давоси топилмаган Эбола дунёдаги энг мудҳиш касалликлардан бири саналмоқда.

Ҳозирда кўплаб мамлакатлар аэропортларида Эбола тарқалиши олдини олиш учун назорат кучайтирилган.

OzodWiki Сизга Ўзбекча Википедиянинг Gʻarbiy Afrikadagi ebola epidemiyasi мақоласини ўқиб чиқишни тавсия қилади.

Эслатиб ўтамиз, лотин ёзувида очилган мақола сарлавҳаси устида лотиндан кирилл ёзувига ўтказувчи тугма мавжуд.

Озодлик радиосининг илмий-маърифий дастури – OzodWikiнинг биринчи мавсуми жорий йилнинг 6 февралида бошланиб, 22 майида якунига етган эди.

Қисқа вақт ичида OzodWiki рукни остида берилган материалларнинг Ўзбекча Википедияга ижобий таъсир қилаётгани кузатилди.

OzodWiki эшиттириши бошланганидан кейин рўй берган ўзгаришларнинг барчаси айнан шу лойиҳа доирасидаги эшиттиришлар бошланганидан сўнг юз берди.

2014-йил январ ойида Ўзбекча Википедиянинг бош саҳифасига 20 368 марта ташриф қилинган бўлса, шу йилнинг март ойига келиб бу кўрсаткич 56 274 га етди. 2013-йил мартида бош саҳифага қилинган ташрифлар сони 20 403 ни ташкил қилган эди.

2014-йил апрел ойида бош саҳифага қилинган ташрифлар сони бўлса 136 592 ни ташкил қилди. 2013-йил апрелида бош саҳифага қилинган ташрифлар сони 12 134 ни ташкил қилган эди.

Мақолани тайёрлашда кўрсатган кўмаги учун Wiki-эксперт Нодир Отаевга OzodWiki ўз миннатдорчилигини билдиради.

XS
SM
MD
LG