Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

Фарғонада порахўр божгирлар узоқ муддатга қамалди


Хорижга чиқаётган ўзбекистонликлар орасида ОИТС кўпаймоқда. Хонанда Лола Йўлдошеванинг ярим яланғоч сурати интернетда дув-дув гап бўлди. Наманганда миллионларни ўмарган электр корхонаси раҳбарлари қўлга тушди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбек тилини бузганларга нега жазо берилмайди?”

Ўзбек тилига эътиборсизлик кучайиб бораётганига қарамай, фақат 21 октябрь санаси яқинлашгандагина ушбу масалага эътибор қаратилмоқда, қолган вақтда эса тил қайғуси унутилмоқда (“Оила даврасида”, 16 октябрь).

“Модомики, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳамиятини оширмоқчи эканмиз, аввало, она тили ҳақида октябрда ўйлаймиз деган қарашимизни ўзгартиришимиз шарт. Чунки бу ўзимизга ғирт ҳурматсизлик”, деб ёзади газета.

Нашр ўзбек тилининг қоидалари қўпол бузилишига доир бир қатор мисоллар келтиради.

“Агар коммунал тўловларни тўламасангиз, дарров суддан чақириқ қоғози келади, пеня ҳам ҳисобланади. Бирор бинони ўз-ўзидан бориб бир ғиштини қўпорсангиз, маҳкамага тортиласиз... Бироқ Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни талабларини бузаётганга, халқ ва давлат тилини менсимаётганларга, миллат маънавиятига зарар етказаётганларга ким чора кўради?” деб ёзади “Оила даврасида” нашри.

“Хорижга чиқаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ОИТС кўпаймоқда”

Хорижда ишлаб келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ОИТС (СПИД) кўрсаткичи ошмоқда (“Ҳуррият”, 15 октябрь).

Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Отабек Нурматовга кўра, 2012 йилда хорижда ишлаб келган фуқаролар орасида ОИТСга чалинган 272 нафар бемор аниқланган. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 418 нафарни ташкил қилган.

2014 йилда ОИВ инфекциясини юқтирганларнинг 53,6 фоизи эркаклар, 46,4 фоизи аёллар бўлган. 2013 йилда республика бўйича рўйхатга олинган беморларнинг 58,4 фоизи жинсий алоқа орқали, 27,8 фоизи парентерал (тери ва шиллиқ қаватлар) йўл билан, 13,8 фоизи вертикал йўл билан касалликни юқтирган.

“Фарғонада беш нафар божхона офицери пора ортидан узоқ муддатга қамалди”

Фарғонада божхона офицерлари – Ж.Бойматов, Қ.Қодиров, М.Мўйдинов, С.Ҳасанов ва А.Тўйчиевлар порахўрлик жиноятида айбдор деб топилди (“Ҳуқуқ”, 16 октябрь).

Божхоначилар давлат фойдасига мусодара қилинган товарларни махсус дўконга топшириб, дўкон эгасидан маҳсулот нархининг ўн фоизи миқдорида пора олиб келган.

Шу тариқа 2012-2014 йиллар давомида Ж.Бойматов 28,8 миллион сўм, Қ.Қодиров 20,6 миллион сўм, С.Ҳасанов 24,2 миллион сўм, М.Мўйдинов 14,3 миллион сўм ва А.Тўйчиев 1,9 миллион сўм пора олган.

Суд божхоначиларни лейтенант, капитан каби унвонлардан, шунингдек, божхона идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этган. Пора тариқасида олинган пулларни эса давлат фойдасига ундириш тайинланган.

“Наманганда электр корхонаси раҳбарлари мижозларни тўнаш билан шуғулланиб келган”

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Абдулқосим Раҳимов мижозларни тўнаш, давлат маблағларини талон-тарож қилишда айбланди (“Диёнат”, 16 октябрь).

Корхона раҳбари фуқаролардан трансформатор ўрнатиб бераман деган ваъда билан катта миқдорда пул олган. Масалан, фуқаро Р.Жумабоевдан шундай ваъда билан 2000 доллар ва бир миллион сўм олиб, ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган. Раҳимов, шунингдек, корхонага тегишли 33,7 миллион сўмлик мулкни ўзлаштирган.

Электр корхонаси раҳбари 5 йилу 2 ой озодликдан маҳрум этилган ҳамда 13,4 миллион сўм жаримага тортилган. Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ тумани суди раиси Азамат Ғаппоровга кўра, ушбу ишга дахлдор туман электр корхонаси бош муҳандиси ва бўлим бошлиқлари Т.Исақов, А.Юсупов, Ў.Жамолдинов, Ш.Сайдуллаев, О.Мирзаевларга ҳам ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

“Саримсоқдан банан арзонроқ”

Тошкент бозорларида витаминли мева ва сабзавотлар нархи ошиб кетмоқда (“Новий век”, 16 октябрь).

Масалан, наъматакнинг бир килоси 9 минг, саримсоқпиёз 10 минг, лимон 15 минг сўмгача кўтарилган. Мамлакатга четдан келтириладиган бананнинг килоси эса 5-7 минг сўмдан сотилмоқда.

Газетага кўра, нарх ошишига олибсотарлар ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Шу муносабат билан “Тошбозортайёрловсавдо” уюшмаси мутасаддилари саволга тутилади.

“Хонанда Лола Йўлдошеванинг ярим яланғоч сурати интернетда дув-дув гап бўлди”

Ўзбекистонлик хонанда Лола Йўлдошеванинг ижтимоий тармоққа жойланган ярим яланғоч сурати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди (“Даракчи”, 16 октябрь).

Асосан танқидларга учраган суратда Лола Йўлдошева газ плитаси ёнида ўтириб, яланғоч сонларига термулган ҳолатда акс этган. “Эээээ, Лола ҳам айнибди” дея муносабат билдирган ушбу суратга Мирзо исмли фойдаланувчи.

Хонанда Манзуранинг шу каби сурати ҳам танқидларга учраган. Айни пайтда, Дилфуза Хон исмли фойдаланувчи Манзуранинг очиқ-cочиқ кийинишини “Гап йўқ” деб баҳолаган.

“Масалан, була (эри ёки йигити назарда тутилмоқда) маниям шунақа кийинишимми хоҳлилла. Очу-cочуми, главний кўнгил тоза бўсин”, деб ёзган Дилфуза Хон исмли фойдаланувчи.

“Қозоғистондан ракета учирилиши Ўзбекистондаги об-ҳавога таъсир этадими?”

Халқ орасида об-ҳаво кескин равишда ўзгаришига ракета учирилиши сабаб бўлади деган қараш бор. Тошкент давлат педагогика университети профессори Муҳаммадмусо Мамадазимовга кўра, Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан учирилган ракета Ўзбекистон об-ҳавосига таъсир этмайди (“Ўзбекистон овози”, 16 октябрь).

Космик ракета 10-15 километр радиусдаги об-ҳавога таъсир этиши мумкин, холос. Аммо булут, туман қопламаларига сунъий таъсир этиш мақсадида учирилган махсус ракеталар албатта об-ҳавони ўзгартиради.

XS
SM
MD
LG