Линклар

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки яқин фурсатда MasterCard халқаро тўлов уюшмасига аъзо бўлмоқчи. Айни пайтда, Банк халқаро микрочипли Visa тўлов карталарини ҳам муомалага киритишишни режалаган. Тадбиркорлар "агар бу амалга ошса, онлайн савдонинг ривожига ҳисса қўшади", демоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки MasterCard халқаро тўлов уюшмасига аъзо бўлишга ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги хабарни банк расмийси Озодлик билан суҳбатда, тасдиқлади.

Исмини ошкор қилишни истамаган банк расмийси ҳозирда MasterCard ва Visa карталарини муомалага киритиш бўйича иккита алоҳида лойиҳа амалга оширилаётганини айтиб, бу ҳақда бошқа маълумот бера олмаслигини билдирди.

MasterCard ширкатининг Европадаги бўлими ходими Коринне Райс Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки MasterCard халқаро тўлов уюшмаси лицензиясига эга бўлиши ўзбекистонликларга MasterCard хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратишини айтди.

- Агар банк менежерлари MasterCard лицензиясини олса ва у карта чиқаришга рухсат берадиган лицензия бўлса, банк MasterCard номидан карталар чиқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари лицензия олган банк MasterCard ширкати ишлаб чиққан барча технологиялардан фойдаланиш, мобил телефон, Интернет орқали халқаро тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади,- дейди MasterCard расмийси.

Коринне Райс MasterCard картаси кичик бизнес юритувчилар учун ҳам жуда фойдали эканини қўшимча қилди:

- Бизда кичик бизнесга мўлжалланган карталар бор. У орқали кичик бизнес билан боғлиқ кўп хизматлар амалга оширилади. Бу картадан бир кишидан ёки ўн кишидан иборат ширкатлар пул оқимини, бюджет ва сарф-ҳаражатларни бошқаришда ундан осонликча фойдаланиш мумкин.

Тошкентлик тадбиркор Абдулбосит Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонликлар MasterCard эмас балки, Visa картасидан фойдаланишини айтди.

- Масалан, Европа ёки бошқа давлатларга борадиган ўзбеклар Visa картасидан фойдаланади. Лекин Visa карта фақат четга чиққанда ишлайди. Мамлакат ичида ишламайди, - дейди Отчопар бозоридаги савдогар.

Нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тошкентлик тадбиркор Баҳодир Икромов Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан MasterCard карталарининг муомалага киритилиши тадбиркорларга кўпроқ молиявий эркинлик яратишини айтди:

- MasterCard ва Visa жорий қилинса, хорижга сафарга кетаётган пайтимда банкимга бориб валюта ҳисобимга пул ташлайман, қўлимда нақд икки минг доллар олиб чиқиб кетаман ва пластик картам билан хорижда икки минг доллардан кўпга нарса сотиб олишим мумкин.

Бу молиявий эркинлик пайдо қилади. Бундан ташқари, MasterCard ва Visa карталарнинг жорий қилиниши онлайн савдони янада такомиллаштиради.

Айни пайтда Баҳодир MasterCard ва Visa карталарини муомалага киритиш баробарида банк пластик картадаги маблағдан фойдаланишга чеклов белгилаб қўйиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG