Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

Москвада илк ўзбекистонлик Россия фуқаролиги олиш учун имтиҳондан ўтди


Таниқли француз актёри Жерар Депардье рус тилини билмаса-да президент фармони билан Россия фуқаролигини осонлаштирилган тартибда олган.
Таниқли француз актёри Жерар Депардье рус тилини билмаса-да президент фармони билан Россия фуқаролигини осонлаштирилган тартибда олган.

Россиянинг турли минтақаларида рус тилини билиши тўғрисида имтиҳондан ўтиб, гувоҳномага эга бўлган ўзбекистонликлар сони ортмоқда. Қонунга мувофиқ, бундай ҳужжат соҳиблари осонлаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиши мумкин. Бунинг учун улардан ўз фуқаролигидан воз кечиш талаб этилади.

Россия Федерал миграция хизматининг турли минтақалардаги идоралари қошида иш бошлаган комиссиялар хориж фуқароларига рус тилини билиши тўғрисида гувоҳномаларни топшира бошлади.

Махсус комиссия аъзолари хорижлик номзодларнинг рус тилини қай даражада билишини текширмоқда.

Фейсбук тармоғида Москвада рус тилини билишини тасдиқловчи биринчи гувоҳнома эгаси экани айтилаётган ўзбекистонлик акс этган видео пайдо бўлди. Қўлидаги гувоҳномани кўз-кўз қилган фарғоналик 27 ёшли Улуғбек Турғунов соф рус тили имтиҳонидан ҳеч бир қийинчиликсиз ўтганини айтади.

- ФМС ходимлари аъло даражада, хушмуомалалик билан иш олиб боришди. Уларга бирор эътирозим йўқ. Рус тилини билсангиз бирор қийин жойи ҳам йўқ – 100 фоиз топширасиз! Билмасангиз – ўрганинг ва мана шундай ҳужжат эгасига айланасиз, дея кулади Улуғбек.

Рус тилини билишни тасдиқловчи биринчи гувоҳнома эгаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00
Бевосита линк

(Баҳром Исмоиловнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган видео)

Бу видеони олган Россия ФМС бошқармаси Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Москвадаги миграция масалалари билан шуғулланувчи “Ягона Миграция Хизмати” юристи Баҳром Исмоилов Озодлик билан суҳбатда 2014 йилнинг апрель ойида Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган 71-чи Федерал Қонунга мувофиқ гувоҳнома соҳиблари осонлаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиши мумкинлигини айтади.

- Украинадаги воқеалардан кейин жуда ҳам кўп украиналиклар Россия фуқаролигини оламан деб келди. Шунинг учун Россияда 71 Федерал Қонун қонун қабул қилинди. Бу қонунга асосан 1991 йилга қадар СССРда туғилган МДҲ давлатлари фуқаролари мана шу имтиҳонларга ҳужжатларни топшириб, рус тилини билишини тасдиқловчи маълумотнома олишга ҳаққи бор. Бу ҳужжат асосида тўғридан-тўғри фуқароликка топширсангиз бўлади, дейди Баҳром Исмоилов.

Муҳожирлар масалалари бўйича мутахассис, шунга қарамасдан рус тилини билган ҳар қандай шахс ҳам бу ҳужжатга даъвогарлик қила олмаслигини ҳам қайд этди.

Юрист Баҳром Исмоилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, аждодлари Россия империяси, СССР ёки Россия Федерациясида илгари яшаб келганларгина имтиҳонга қўйилади.

- Ота-онаси, буви-бобоси – фақат мана шу категория қариндошлари Россияда қачонлардир яшаганини исботлаб бера олса, у бемалол шу имтиҳонга қоғозларни тошириб, кейин икки ойда доимий яшашга рухсатнома, яъни “Вид на жительство” олиб, олти ойда фуқаролик олади. Видеодаги бу боланинг бувилари Россияда, Тула вилоятида туғилган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда, Баҳром Исмоилов сўнгги ярим йилда Россияда бошланган иқтисодий таназзул ҳукуматни миграция соҳасида жиддий ўзгартиш киритишга ундаётганини маълум қилди. Мутахассис Россиянинг турли минтақаларидаги ФМС бошқармаларида биринчи навбатда Украина қочқинларига хизмат кўрсатилаётгани ва марказий-осиёлик муҳожирлар сонини камайтиришга қаратилган сиёсат авж олдирилаётгани гувоҳи бўлаётганини айтади.

- Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари биринчи навбатда гуруҳ-гуруҳ қилиниб чиқариб юборилаяпти. Россия инқирозга тайёргарлик кўряпти. Ҳамма тушуниб турибдики, 1-2 йилда Россияда ўсиш бўлмайди, иш жойи камаяди, илгаридек катта қурилишлар бўлмайди. Ҳозир марказий осиёликларни бу ерга келтирмасликка ҳаракат қилишяпти. Уларга ишга рухсатнома бериш учун асос йўқ, аксинча уларни чиқариб юбормоқчи. Иккинчидан, Украинадан жуда одам кўп келяпти, ФМС идораларига навбатлар жуда катта,- дейди Ягона Миграция Хизмати” юристи Баҳром Исмоилов.

Россия оммавий ахборот воситалари Россиянинг Москвадан ташқари бошқа ҳудудларида ҳам бу маълумотномага эга бўлган ўзбекистонликлар кўпайиб бораётганини хабар қилмоқда.

“Россия фуқаролиги тўғрисидаги” Федерал қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисида” деб номланган 71-Федерал қонун 2014 йилнинг 20 апрелида қабул қилинган ва рус тили она тили, деб тан олинган фуқароларга осонлаштирилган тартибда фуқаролик беришга қаратилгандир.

Имтиҳондан ўта олган ва рус тилини билишини тасдиқловчи гувоҳномани қўлга олган шахс уч йилга Доимий яшаш рухсатномаси (ВНЖ)ни олади. Қонунда номзодга биринчи икки йил давомида Россия фуқаролигига топшириш ҳамда олдинги фуқаролигидан воз кечиш талаби қўйилади.

XS
SM
MD
LG