Линклар

Сирдарёда 60 кг пахта термаганлар "қонуний чора" билан қўрқитилмоқда


Баъзи маҳаллалар пахта теримига ихтиёрий таклиф қилса, мирзаободлик мелисалар аҳолига огоҳлантириш хатлари тутқазмоқда

Баъзи маҳаллалар пахта теримига ихтиёрий таклиф қилса, мирзаободлик мелисалар аҳолига огоҳлантириш хатлари тутқазмоқда

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани аҳолисини пахта теримига мажбурий жалб этиш учун ички ишлар бўлими зўравонлик ўтказмоқда. ИИБ бўлими бошлиғининг номи зикр этилган огоҳлантирув хатларида ҳар бир хонадон пахта теримига бир кишидан одам чиқариши талаб қилган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида истиқомат қиладиган Озодлик манбасининг айтишича, аҳолининг пахта теримига мажбуран чиқариш учун милиция томонидан босим ўтказиляпти:

“Участковой уйма-уй юриб ҳар бир хонадонга огоҳлантириш тарқатиб юрибди. Бизнинг “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам у билан юриб, имзо қўйдириб оляпти. Бу бир парча қоғозда агар хонадондан бир киши пахтага чиқмаса ички ишларга бориб тушунтириш бериши ҳақида огоҳлантирилган. Ҳуқуқини билмаган одамлар қўрққанидан пахтага чиқяпти”, деди манба.

Мирзаобод ИИБнинг огоҳлантирув хати ва тилхат.

Мирзаобод ИИБнинг огоҳлантирув хати ва тилхат.

Манба аҳолини мажбурий меҳнатга чиқариш ҳақидаги ИИБнинг огоҳлантиришида на имзо ва на муҳр борлигини айтади:

“Огоҳлантириш пастида Мирзаобод ички ишлар бўлими бошлиғи Р.А.Охунов ва туман ИИБ ЁХБ инспектори сержант У.Т.Расуловнинг номлари ёзилган”, деди манба.

Озодликка юборилган пахтага чиқиш мажбурияти ҳақидаги “тилхат” нусхасида фуқаролар ҳар куни 60 килограмдан пахта териб бермаса, "қонунда доирасида" жазоланишга розилик бериши ёзилган:

“Мен..... ҚФЙда яшовчи фуқаро....”Пахта 2014” йиғим-терими мавсуми давомида хонадонимдан 1 нафар фуқарони пахта теримига жалб қиламан. Ҳар куни маҳалладаги ташкил этилган отрядлар таркибига 60 кг пахта териб беришим тўғрисида кафолат бераман. Агарда кундалик пахта териш топширишиғини бажармасам туман ИИБ томонидан менга қонун доирасида чора кўришингизга розиман”, дейилади тилхатда.

Уруш йилларида фронтга юбоилаётган аскар қасамёдига ўхшаб кетадиган тилхатларни аҳолидан олиш кейинги икки-уч йил давомида урфга айланмоқда, дейди мирзаободлик “Эзгулик” жамияти фаоли, ўқитувчи Исроилжон Ризаев:

- Ҳар йили пахта бошланганда қишлоқ ҳудудларида маҳалла фаоллари, участка нозирлари гуруҳ бўлиб юриб, ана шундай огоҳлантириш ва тилхатларга имзо қўйдириб олади. Одамларда қўрқув бор ва улар милиция бошлиғи номини кўрганидан сўнг иши ва юмушини ташлаб пахтага чиқишга мажбур бўляпти. Бу мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг бир кўриниши,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Исроилжон Ризаевга кўра, сўнгги пайтларда милиция ходимлари соғлиқни сақлаш муассасалрига, мактабларга кутилмаганда бостириб борадиган бўлган:

- Ички ишларнинг формадаги ходимлари соғлиқни сақлаш муассасаларига ва ҳатто мактабларга келиб мажлис ўтказяпти. Нега сизлар пахта теримига ёрдам бермаяпсизлар деб, дағадаға қилмоқда. Ахир пахта етиштириш учун қишлоқ хўжалиги бошқармалари бор, ҳокимлик бор. Булар энди директорларнинг кабинетларигача кириб зуғум ўтказмоқда. Энди бир ками мелисанинг ўқитувчиларга хўжайинлик қилмагани қолган эди,- деди Исроилжон Ризаев.

Мирзаобод туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатан ҳам ИИБ бошлиғи номи ёзилган огоҳлантирув хатлари аҳолига тарқатилганини тасдиқлади. Мулозим бу хатларнинг қонунийлиги ҳақида ҳеч нарса деёлмаслигини айтди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловдан бундай тилхатга қўл қўйганларга айтилган чора кўрилиши мумкинми, дея сўрадик:

- Муҳр борми ўша хатда. Йўқ бўлса, бу хат ҳеч қандай кучга эга эмас. Агар муҳри ва имзоси бўлса ҳам қонуний ҳисобланмайди. Чунки мажбурий меҳнатга ҳатто президент ҳам буйруқ бера олмайдида. Мажбурий меҳнат фақат суднинг қарори билан ва фавқулодда ҳолатларда, ҳарбий хизматда қўлланилади, деди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, қонунда кўрсатилган ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 7-моддасида ҳам шундай қоида белгиланиб, мажбурий меҳнатга бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш дея таъриф берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG