Линклар

Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни босиб олган “Исломий Давлат” гуруҳи сафига қўшилган ироқлик учувчилар гуруҳ жангариларига жанговар учқичларни бошқаришни ўргатмоқда. Жангарилар Сурияда ўлжа олинган самолётларда қанча масофага уча олиши маълум эмас. Бироқ АҚШ ҳарбийлари “Исломий Давлат” Сурия ёки бошқа жойда парвозлар амалга ошираётгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтмоқда.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти “Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари 17 октябрь куни ҳарбий учқичларда машқ парвозини амалга оширганини билдирди.

Ташкилот вакилига кўра, жангарилар Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги ҳарбий аэропорт артофида парвоз қилганига гувоҳ бўлган.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти раҳбари Рами Абдулраҳмон Рейтерс агентлигига жангариларни Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн даврида учувчи бўлган ироқлик зобитлар тайёргарликдан ўтказаётганини айтган.

- Одамлар самолётлар учаётганини кўришган. Улар аэропорт ва унинг ташқарисида парвоз қилиб қайтиб келаётганини кўришган,- дейди Рами Абдулраҳмон.

Миг-21 ва Миг-23 русумидаги самолётлар қуроллар билан жиҳозлангани ва учувчилар қанча масофага уча олиши ҳақида маълумот йўқ.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги матбуот котиби полковник Патрик Райдер “Исломий Давлат” жангарилари Сурия ёки бошқа жойда парвозлар амалга ошираётгани ҳақида Қўшма Штатлар маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Райдер АҚШ ҳарбийлари “Исломий Давлат”нинг Сурия ва Ироқдаги фаолиятини диққат билан кузатиш ва уларга тегишли техника, иншоотлар, шунингдек, жангарилар тўпланган жойларга ҳаводан зарбалар беришни давом эттиришини маълум қилди.

“Исломий Давлат”га хайрихоҳ бўлган Твиттер саҳифалари Суриянинг бошқа қисмида жангарилар ўлжа олган учқичларнинг фотосуратларини аввал чоп қилган эди.

Бироқ мутахассислар ва дипломатларга кўра, ўша учқичлар парвозга яроқсиз бўлган.

“Исломий Давлат” гуруҳи Сурия ҳудудининг учдан бир қисмини назорат қилмоқда.

Ҳалаб шаҳридан шарқ томонда жойлашган ҳудудлар “Исломий Давлат”нинг Суриядаги асосий қароргоҳи хисобланади.

Айни пайтда, 17 октябрь куни Ироқ ҳукумати кучлари Тикрит шаҳри яқинида “Исломий Давлат” жангарилари қарши ҳужумга ўтди.

Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн туғилиб ўсган Тикрит шаҳрини жанггарилар жорий йил август ойи охирида ишғол қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG