Линклар

Виборгда ўзбек муҳожири ваҳшийларча ўлдириб кетилди


Ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади катта йўл трассаси бўйидаги ўрмондан топилди.

Ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади катта йўл трассаси бўйидаги ўрмондан топилди.

Россиянинг Ленинград вилоятида ваҳшийларча ўлдириб кетилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг жасади топилди. Оёқлари скотчланган, бир қўли узилган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси “Скандинавия” трассаси бўйидаги ўрмонзорга ташлаб кетилгани аниқланди.

Якшанба, 19 октябр куни Ленинград вилоятининг Виборг шаҳри яқинидан ўтувчи “Скандинавия” автомобил трассасининг 90-километрида иккига бўлиниб кетган меҳнат муҳожири танаси топилди.

Маълум бўлишича, жасадни ўша куни эрталаб соат 9-ларда автомобил йўлидан 150 метрча ичкарироқда Каменка қўрғонида ҳарбий хизмат ўтаётган аскар топиб олган. Чавақлаб кетилган мурдани аниқлаган ҳарбий дарҳол шу атрофдаги ДАН ходимларига хабар берган.

Россия Тергов қўмитасининг Виборг тумани бўйича бошқармаси расмий вакили Юлия Маталигина Озодликка буларни маълум қилди.

- Ҳозирча тергов ишлари олиб борилмоқда. Мурда ўлим сабабларини аниқлаш учун экспертизага юборилди. Ҳозирча бирор изоҳ бера олмаймиз – тафтиш натижаларини кутамиз. Унинг шахси аниқланмоқда, деди Тергов қўмитаси вакили Юлия Маталигина.

Бироқ Виборг туман полиция бошқармасидаги исмини ошкор қилмасликни сўраган оператив ходим Озодлик сўровига жавобан, жасад ёнида Ўзбекистон фуқаросига тегишли бўлган паспорт топилгани, ундан ўлдириб кетилган шахс 1993 йилда туғилган Бобур Асадов исмли фуқаро экани аниқланганини билдирди.

Ҳодиса жойига етиб келган полиция ва тергов ходимлари Бобур Асадовнинг танасини деярли иккига бўлиб ташланган, бутун танаси моматалоқ бўлиб ётган ҳолатда топган. Ундан ташқари, ўзбекистонлик муҳожирнинг ўзилган чап қўли аёллар кийимига ўралган ҳолатда жасад ёнидан топилган.

Ҳодиса жойини кўздан кечирган дастлабки тергов ходимлари қора куртка, яшил жинси шимда бўлган йигитнинг бўйни сингани ва оёқлари скотч билан боғланганини билдиришди.

Ҳозирча қора куртка, яшил жинси шим кийган ўзбекистонлик 21 яшар Бобур Асадов Петербургда қонуний яшаб келгани ва вақтинчалик қайдда тургани маълум. Терговчилар муҳожир ўлимидан олдин қаттиқ дўппослангани ва қийноққа солинганини тахмин қилмоқда.

Петербургда меҳнат қилаётган мигрантларнинг бундай вахшийларча ўлдириб кетилиши ҳолатлари биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Бобур Асадов мурдаси топилган 19 октябр куни Санкт-Петербургнинг “Московские ворота” метро бекати ёнида, эрталабки соат 4:40-ларда шаҳар тез ёрдам бўлимларидан бирига ўта оғир аҳволда бўлган 32 ёшли ўзбекистонлик муҳожир келтирилган.

Ҳеч қаерда ишламайдиган бу шахс метро бекати ёнида ноъмалум шахс ҳеч бир сабабсиз унга қуролдан ўқ узгани ва бели ҳамда юзидан ярадор қилганини айтган.

Терговчилар Бобур Асадов қотиллиги миллий адоват юзасидан қилинган бўлиши мумкинлигини инкор этмаган ҳолда, бу жиноятга ўлдирилганнинг юртдошлари алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилди.

Озодлик суҳбатлашган тергов ходими охирги пайтларда айрим этник жиноий гуруҳлар муҳожирларнинг Россияда мутлақо ҳуқуқсиз ҳолатда эканини тушунган ҳолда, ўз ҳамюртларини очиқдан-очиқ тунаётгани ёки уларни ўғирлаб, яқинларидан пул ундираётгани ҳолатлари кўпаяётганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG