Линклар

Ўзбек тилига давлат тили мақомини берган қонун қабул қилинганига 25 йил тўлган куни ҳамкасбим тингловчиларимизга яхши бир совға тайёрлабди: шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобидан узиндиларни маза қилиб ўқидим.

Эътиборингизни ўша узиндилардан биттасига қаратмоқчиман.

Шоир ёзади:

“Оғзингни юм, овозингни ўчир, деган сўзни туғилгандан ўлгунча эшитамиз. Жим бўлиш бизга асрлар давомида сингдирилган. Ҳужайраларимизга жо бўлган. Яшаган юртимиз ўчган овозлар мамлакати бўлди. “Ғунча то оғзини очди, бўлди вайрон оқибат” деган шеърлар бизни тарбиялади. Озод ва мустақил бўлиб ҳам ички ҳадикдан тўла фориғ бўлмадик…”

Мухбиримиз Шоирнинг китобидан олган бу узинди давомида яна бир жумла бор, лекин уни кейинга қолдирамиз.

Яхши гап айтибди Шоир. Аламли гап айтибди.

Принципда, Шоирнинг бу гапи янги гап эмас – Озодликнинг оз сонли экспертлари бот-бот такрорлаб турадиган гап.

Шундай бўлса-да, бу гапга эътиборингизни қаратаётганим сабаби уни Муҳаммад Солиҳ, Толиб Ёқубов ёки Камолиддин Раббимов кабилар эмас, айнан Эркин Воҳидовнинг айтганида.

Бас, Эркин Воҳидовки шундай фикрда экан...

Лекин Шоир фикрини ғалатироқ тугатганки (кейинга қолдирганимиз жумлани назарда тутаяпман), ўша “ғалатлик” боис ёзаяпман ўқиётганингизни.

...Озод ва мустақил бўлиб ҳам ички ҳадикдан тўла фориғ бўлмадик”дан кейин Шоир мана бу жумлани ёзган:

Дарҳақиқат, шаҳар қуриш осону онгни ўзгартириш қийин экан”.

Бу жумла аввалги аччиқ гаплардан муаллифнинг ўзида пайдо бўлган қўрқинч маҳсули эмасми?

Наҳотки Шоир “шаҳар қураётганлар” халқнинг “онгини ўзгартириш”га ҳаракат қилаётганига ишонади?

Аксинча, "озод ва мустақил" бўлгандан кейин аҳвол яна-да абгорлашмадими?

Ахир, миллатнинг “асрлар давомида сингдирилган ҳадикдан фориғ бўлолмаётгани” Cўз Айтиш Ваколати бор шоирларининг нозик нуқтада “шаҳарсозлар”га реверанс қилворишларидан эмасми?

Узр, реверанс девордим.

"Хушомад" бўлса керак ўзбекчаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG