Линклар

Пахта тераётган ўзбек шифокорлари Эбола вируси таҳликасидан бехабар


Аксар мамлакатлар Эбола таҳликасини бартараф қилиш учун, халқаро аэропортларида махсус камералар ёрдамида йўловчилар тана ҳароратини текширмоқда.

Аксар мамлакатлар Эбола таҳликасини бартараф қилиш учун, халқаро аэропортларида махсус камералар ёрдамида йўловчилар тана ҳароратини текширмоқда.

Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Нигерияда Эбола вируси эпидемияси авж олишининг олди олинганини эълон қилди. Вируснинг 42 кунлик инкубацион муддати давомида Нигерияда янги ҳолатларнинг аниқланмагани бундай хулосага асос бўлди. Айни пайтда, Эбола етиб борган бошқа мамлакатларда касалликнинг тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда. Дунёнинг аксар мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам ҳалокатли касалликни ўз ҳудудига киритмаслик чоралари кўрилганини айтмоқда. Лекин Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистонда давом этаётган пахта теримига жалб қилинган тиббиёт ходимларининг кўпчилиги Ғарбий Африкадан тарқала бошлаган вирусдан бехабар қолмоқда.

Дунёнинг деярли барча двалатлари Эбола вируси мамлакат ҳудудига киришининг олдини олиш чораси сифатида, биринчи навбатда, халқаро аэропортларда санитария-эпидемиология назоратини кучайтирмоқда.

Тошкент халқаро аэропорти ходимларидан бири Озодликка Ўзбекистоннинг асосий даврозси остонасида ҳам муайан текширув чоралари тадбиқ қилинганини билдирди. Лекин бошқа тафсилотларни мутасадди идорадан сўрашимизни тавсия қилди аэропорт вакили.

Тошкент халқаро аэропортининг эпидемиология хизмати вакили бунга оид маълумотни фақатгина соғлиқни сақлаш вазирлиги бериши мумкинлигини билдирди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология бошқармаси вакиллари эса, Озодлик билан умуман гаплашишни истамади.

Лекин мамлакат вилоятларидан биридаги санитария-эпидемиология хизмати врачи, Озодлик билан суҳбатда, тиббиёт ходимлари орасида Эбола вирусининг олдини олиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини гапириб берди. Исми сир қолишини сўраган санитар врач, Ўзбекистон касаллик тарқалган мамлакатлардан йироқ бўлишига қарамасдан, Эбола иситмасининг мамлакатга кириб келиши таҳликасини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслигини эътироф этди

- Ҳозирда одамларнинг мамлакатлараро ҳаракатланиши фаоллашган пайтда, техника ривожланган замонда бу бизга тааллуқли эмас, деб бўлмайди. Биздан одамлар хорижга бориб келяпти, улар келиши мумкин. Бизга ҳамма бу борада нарса бериляпти, Эболага доир махсус қўлланма ва топшириқлар берилган,- деди исми сир қолишини истаган санитар врач.

Унинг айтишича, мамлакат вилоятларининг ҳар бирида Эбола вируси тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус карантин марказлари ташкил қилинган.

Ҳар бир вилоят миқёсида карантин марказари бор, ўшаларнинг ҳаммаси ҳозир тайёргарлик ҳолатига келтирилган. Тайёргарлик, нафақат Эболага қарши, балки бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш чоралари кўрилган бизда, деди санитар врач.

Лекин санитар суҳбатдошимиз бутун мамлакат бўйлаб Эбола ҳақида ташвиқот ишлари олиб борилаётганини айтганига қарамасдан, тиббиёт ходимларининг ҳаммаси ҳам бундан хабардор эмас кўринади. Озодлик 21 октябрь куни суҳбатлашган самарқандлик врач, ҳозирда вилоятдаги тиббиёт ходимларининг аксари учун энг долзарб масала пахта мавсуми бўлиб қолмоқда, дея таъкидлади.

- Йўқ, хабарим йўқ бундан. Эбола ҳақида эшитганим йўқ. Ротавирус ҳақида эшитган эдим, бизга брошюраларни беришган эди. Эболани сиздан эшитиб турибман. Мана сиз билан гаплашдим, энди уйга бориб излаб кўраман бу ҳақда. Ҳозир бизда ҳамма шифокору ҳамширалар пахтада. Айниқса, бизнинг туманда пахта плани тўлмагани учун ҳамма пахта билан овора,- деди Самарқанд вилояти туманларидан бирининг соғлиқни сақлаш бўлими шифокори.

Айни пайтда, 20 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эбола виурси қайд этилган мамлакатлардан бири – Нигерияда касаллик тарқалиши тўхтатилганини эълон қилди. Нигерияда Эбола вирусининг илк ҳолати шу йилнинг 20 июль куни қайд этилган эди. Бу мамлакатга Лиебриядан келган фуқародан бу касаллик 19 кишига юқиб, 7 нафарини ўлдирди. Ўшандан бери мамлакатда кўрилган чоралар натижаси ўлароқ, вируснинг 42 кунлик инкубацион муддатида янги ҳолатлар аниқланмагани Эбола тарқалиши тўхтатилди, дейишга асос бўлди.

Ўтган ҳафта охирида ЖССТ Сенегалда ҳам вирус эпидемияси тўхтатилганини эълон қилган эди.

Лекин Эбола вируси етиб борган бошқа мамлакатлар, хусусан, Гвинея, Либерия ва Сьерра Леонеда вазият назоратга олинганича йўқ.

Эболанинг тарқалиш таҳликаси АҚШ ва Испанияда ҳам тўла бартараф қилингани йўқ.

Ўтган ҳафта АҚШнинг Техас штатидаги касалхонада Эбола билан оғриган бемордан америкалик икки ҳамширанинг виурсни юқтириб олгани маълум бўлди. Тиббиёт муассаси ходимлари бир неча кун давомида тегишли ҳимоя кийимисиз ишлашга мажбур бўлгани ва вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича етарли кўрсатма олмаганларидан шикоят қилди.

Сешанба куни ЖССТнинг Женевадаги қароргоҳи Эбола вирусига қарши вакцина ишлаб чиқишда муайан силжишларга эришилганини эълон қилди. Ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида бўлган иккита вакцинадан бири синовдан ўтказилиб, 2015 йилнинг январ ойида Ғарбий Африкага юборилишига умид билдирди ЖССТ.

Эбола вируси илк бор 1976 йилда Судан ва Заирда (ҳозирги Конго Республикаси-таҳр.) қайд этилган.

Ўшандан бери Эбола кўп марта эпидемия билан таҳдид қилган. Лекин жорий вазият булар орасида энг жиддийсидир. Ўтган йил охирида Гвинеяда қайд этилганидан бери Эбола Либерия, Нигерия, Сенегал, Сьерра Леоне, АҚШ ва Испания каби мамлакатларда жами 10 мингга яқин одамга юқди. Касалланганлардан шу пайтгача 4700га яқин одам нобуд бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ўлимлар сони ҳар уч ҳафтада икки баробарга кўпаймоқда.

Ташкилот Либерия, Сьерра-Леоне ва Гвинеяда кузатилаётган касаллик кўлами декабр ойига қадар ҳар ҳафта 10 минг кишининг вирусни юқтириб олишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG