Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

Ўзбекистон - Испания қўшма корхонаси ишчиси пахтада ўлди


Пахта теримига мажбурий сафарбар этилган ҳашарчилар шом қоронғусида пахта топширмоқда
Пахта теримига мажбурий сафарбар этилган ҳашарчилар шом қоронғусида пахта топширмоқда

Жиззах вилоятининг Арнасой туманига пахта теримига сафарбар этилган Чирчиқдаги “МАХАМ-СHIRCHIQ” Ўзбекистон- Испания қўшма корхонасининг 53 ёшли ишчиси Наримон Мустапаев ижарада турган уйида 7 октябрь куни зинадан йиқилиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Наримон Мустафоев, Озодлик манбаларига кўра, кечаси ҳожатга чиқаётган пайтда, свет йўқлиги боис иккинчи қаватдаги уйнинг зинасидан йиқилиб кетган.

Жиззах вилоятининг Арнасой туманига бир ойга пахта теримига сафарбар этилган Чирчиқ шаҳридаги “МАХАМ-СHIRCHIQ” қўшма корхонасининг ишчиси Наримон Мустапаев 10 октябрь куни Арнасой тумани марказий касалхонасида жон берган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган арнасойлик манбага кўра, 7 октябрь куни электр чироғи ўчган пайт ҳашарчи иккинчи қаватдан тушиб кетган:

“Тошкентдан келган ҳашарчилар одамларнинг уйини ижарага олиб яшайди. Наримон деган киши ҳам ўша куни маззаси йўқлиги боис пахтага чиқмаган. Кечаси соат 10ларда туалетга чиқмоқчи бўлган. Свет йўқлиги ва қоп-қоронғу бўлгани боис иккинчи қаватнинг "лестницаси"дан мункиб йиқилиб, пастгача думалаб кетган. Бошидан қаттиқ жароҳат олгани боис, ўзига келмай ўлган”, деди арнасойлик манба.

Арнасой тумани марказий касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокорига кўра, Наримон Мустапаев касалхонада жон берган:

“7 октябрь кечаси олиб келишганди. Биринчи йиқилганда боши билан тушган экан. Жароҳати оғир эди. Уч кун қўлимиздан келган муолажани қилдик, бироқ ўзига келмади ва 10 октябрь куни жони узилди”, деди шифокор.

53 яшар Наримон Мустапаев “МАХАМ-СHIRCHIQ” Ўзбекистон- Испания қўшма корхонасида слесарь бўлиб ишлаган. Оилали, бир нафар фарзанди бор.

Арнасой тумани ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, пахта теримига “МАХАМ-СHIRCHIQ” қўшма корхонасининг 500 нафар ишчиси сафарбар этилган.

“МАХАМ-СHIRCHIQ” корхонаси қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар ишлаб чиқаради.

Ўзбекистондаги мажбурий пахта теримидан мамлакатдаги қўшма корхоналарнинг ишчилари ҳам бенасиб қолмаяпти.

5 октябрь куни GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган Асакадаги ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг 19 ёшли ишчиси Аббосбек Таптиев ҳам пахта теримида вафот этган эди.

Наримон Мустапаевнинг ўлими билан Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони 17 нафарга етди.

XS
SM
MD
LG