Линклар

logo-print

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги дори-дармонлар сақланадиган каттагина омборда юз берган ёнғинга, ИИВ изоҳича, қисқа туташув сабаб бўлган. Asklepiy, Gestiya Business, Amik Pharm, Neville Servis, Pharm Abidint ва Nika Farm ширкатлари ижарага олган омборнинг 5 минг квадрат метридаги маҳсулот ёниб кетди. Айрим манбалар, бу ёнғин қасддан содир этилганини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Байроқтол кўчасидаги 15-уйда жойлашган дори-дармон омборида 21 октябрь куни содир бўлган ёнғин қисқа туташувдан чиққанини маълум қилган.

Шунингдек, ИИВ расмий хабарида тонгги соат 4 да рўй берган ёнғинда ҳеч ким жабрланмагани қайд этилган.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизматига таянган Kun.uz ва Uzmetronom Интернет нашрлари хабар қилди. (21 октябрь оқшомида ИИВнинг айни хабар чоп этилган Интернетдаги саҳифаси 22 октябрь куни кун давомида очилмади – таҳр.) Озодлик ИИВ матбуот хизматидан бу борада бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Аммо, айни хизматга таянган Ўзбекистондаги Интернет нашрлари Asklepiy, Gestiya Business, Amik Pharm, Neville Servis, Pharm Abidint ва Nika Farm ширкатлари ижарага олган омборнинг 5 минг квадрат метри ёниб битгани, айни дамда етказилган зарар кўлами аниқланаётганини хабар қилди.

Номи тилга олинган ширкатлар ҳозирча ёнғиндан кўрилган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумот бермаётир.

Жумладан, бу ширкатлар орасида энг йириги бўлган Asklepiy ширкати маъмуриятидан: “Ҳозир омборларимиз ёпиқ, қачон очилиши ҳам номаълум” деган жавоб олинди.

Самарқандда рўйхатдан ўтган бу ширкатнинг эгаси сифатида эса Мирзашароф Толибов деган ишбилармоннинг номи тилга олинмоқда.

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларидаги хос манбаларига таянган Uzmetronom Интернет нашрининг ёзишича, Толибов омборлари ёниб кетган яна беш ширкат — Gestiya Business, Amik Pharm, Neville Servis, Pharm Abidint ва Nika Farm ширкатларининг ҳам эгасидир.

Тошкентдаги дори-дармон омборида чиққан ёнғиндан хабар қилаётган манбалар Ўзбекистон ва Россия бизнес доираларида бироз баҳсли кўринган бу самарқандлик ишбилармонга қарашли омбордаги ёнғин қасддан содир этилган, деган иддао илгари сурилмоқда.

Asklepiy ширкатининг Самарқанд шаҳридаги бош қароргоҳи ижрочи директори Абдуазиз Рустамов ширкатнинг ишбилармон Мирзашароф Толибовга қарашли экани ҳақидаги ахборотни инкор қилмади.

Мухбир билан суҳбатда ёнғин ва унинг қасддан содир этилаётгани ҳақидаги иддаоларга изоҳ бермаган Рустамов: “ИИВ берган маълумот тўғри. Ёнғин қасддан содир этилган деб ўйламайман. Мирзашароф Толибовни Тошкентдаги идорадан топишингиз мумкин”, дейиш билан чекланди.

Asklepiy ширкатидан ташқари омбори ёнган яна 5 ширкат ҳам айни шахсга тегишли экани ва уларнинг бир жойга жойланган омборларидаги ёнғин бир-бирига алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаолар борасида номи тилга олинган ширкатлардан бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Толибовга тегишли, деб берилган телефон рақами орқали Тошкентдаги идорага боғланган Озодлик мухбирига жавобан раҳбарнинг командировкага кетгани, қаерга кетганию қачон қайтиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаслиги айтилди.

Қизиғи, 6 та йирик фармацевтика ширкати омборида бир вақтда содир бўлган ёнғин сабабларини очиқлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий сайти ҳам 22 октябрь кун давомида очилмади. Вазирликка бунинг сабабни аниқлаш учун қилинган мурожаатларга аниқ жавоб берилмади.

Uzmetronom нашрида берилган иддаоларда, Asklepiy ширкати бир неча Россиядаги ҳамкорлари сўрови билан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига олингани айтилган.

Asklepiy ширкати устидан хорижлик ширкатлар сўрови билан бир неча бор ўтказилган текширувларда негадир ҳар доим муаммоларга “панжа орасидан қаралган”, деб ёзади, жумладан, мунтазам равишда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар қиладиган Uzmetronom Интернет нашри.

Asklepiy ширкатининг бир йиллик товар айланмаси 100 миллион АҚШ доллари атрофидадир ва бу ширкат Осиё, Европа, Россия ҳамда АҚШдаги 150 етакчи фармацевтика ширкатларининг Ўзбекистондаги дистрибьютери ҳисобланади. Шунингдек, бу ширкат Ўзбекистонда давлатга қарашли йирик Dori-Darmon фармацевтика ширкатининг асосий рақиби кўрилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG