Линклар

Бешариқлик капитан пахтанинг навбатдаги қурбони бўлди


Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.

Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.

Фарғона вилояти Бешариқ тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, 35 ёшли капитан Асилбек Мазокиров 18 октябрь куни кечаси ўз шахсий автомобилида пахта ортилган тракторнинг ташқи ёритгичлари ишламаган прицепига бориб урилиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу билан жорий йилги пахта мавсумида чироқсиз тракторлар билан боғлиқ Озодлик хабар топган автоҳалокатлар учтага етди. Учала воқеада ҳам одамлар қурбон бўлган.

Бешариқ тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, капитан Асилбек Мазокиров 18 октябрь куни кечаси автоҳалокат қурбони бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган бешариқлик манбага кўра, милиция зобити бошқараётган автомобиль пахта ортилган тракторнинг ташқи ёритгичлари ишламайдиган прицепига бориб урилган:

“Асилбек пахта теримига чиққан ҳашарчиларни машиналарда манзилларига кузатиб қайтаётганда, бу воқеа содир бўлган. Пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепининг орқасидан бориб урилган. Айтишларича, прицепнинг бирорта ҳам чироғи ишламас экан, шунинг учун қоронғуда кўрмай қолган. Асилбек воқеа жойида ҳалок бўлган”, деди бешариқлик манба.

Фарғона вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Асилбек Мазокиров бошқараётган автомобиль тракторнинг чироқсиз прицепига бориб урилганини тасдиқлади.

“Асилбек Мазокировнинг икки ёш боласи етим қолди”, деди мулозим.

Ўзбекистонда пахта ташийдиган тракторларнинг аксарият қисми эскирганлиги ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги оқибатида тунда авариялар содир бўлиши кўпроқ кузатилади.

Жорий йилги пахта мавсумида Асилбек Мазокиров фожиаси сингари айнан шундай ҳолатлар содир бўлгани ҳақида Озодлик илгари хабар берган эди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

17 сентябрь куни эса Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилди. Расмийларга кўра, трактор шатакка олган прицепларнинг ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

Асилбек Мазокировнинг ўлими билан Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони 18 нафарга етди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG