Линклар

18 октябрь куни Минск шаҳрида фарғоналик ошпаз Ҳаким Ғаниев оғирлиги 351 кило 100 грамм, узунлиги 1 километрдан ошиқ лағмон тайёрлаб Гиннесс рекордини ўрнатди. Ҳозирда Россияда яшаётган Ҳаким Ғаниевнинг Озодлик билан эксклюзив суҳбатда айтишича, лағмонни тайёрлаш учун 70 кило қўй гўшти, 60 кило ҳамир ва 100 кило сабзавот ишлатган. Ўзбек ошпази эндиликда 3 тонналик ош пишириб, рекорд ўрнатишни режалаштирмоқда.

Асли фарғоналик таниқли ошпаз ва телебошловчи Ҳаким Ғаниев 18 октябрь куни Минск шаҳрида жойлашган “Манти- Понти” ресторанида дунёдаги энг узун лағмонни тайёрлашга муваффақ бўлди. Оғирлиги 3,5 центнердан ва узунлиги 1 километрдан ошган бу таом Гиннесс рекордлар китоби вакиллари томонидан қайдга олинди ва тегишли сертификат билан тақдирланди.

Эндигина Минскдан қайтиб келган Ҳаким ака Ғаниев Озодлик билан суҳбатда пазандалик шедеврини тайёрлашга 70 кило қўй гўшти, 60 кило ҳамир ва 100 кило сабзавот ишлатилганини гапириб берди:

- Минскда Ўзбекистон таомларига ўрганган дўстларимиздан бири япон суши- пушиси ресторанлари тўхтаб қолди, нима қилай, деб мурожаат қилган эди. Биз унга Ўзбекистон миллий таомлари ресторанини очсанг овқатлари мазали, таннархи арзон деб маслаҳат берган эдик. “Манти-Понти” деган ресторан очганди. Шу бола бизга спонсорлик қилди. Мен лағмон қилайлик, дедим. Лағмон 150 килоча Уйғурда қилинган экан рекорд. Мана қилинган лағмон ўша ердаги етим қолган болаларнинг хосписи орқали тарқатилди,- дейди нима учун рекорд ўрнатишга айнан Беларус пойтахти танланганини гапирган Ҳаким ака.

Лағмон тайёрлаш бўйича мусобақа иштирокчилари анъанасига кўра, бир коса таомни Тошкент шаҳрига – машҳур “Ялла” ансамбли мусиқачиларига юборилган. Ҳаким Ғаниевга кўра, “Ялла” ҳозиргача бутун собиқ Иттифоқ мамлакатларида Ўзбекистоннинг маданий рамзи сифатида эътироф этиб келинмоқда.

Суҳбат давомида таниқли ошпаз шу тариқа ўзбек таомларининг танилишига хизмат қилаётгани ва яқин келажакда ўзбек ошхонаси Европа ресторан бозорига чиқишига шубҳаланмаётганини гапиради:

- Мана ёнимда турибди сертификат – 351 килою 100 грамм лағмон! Менга бунинг шуҳрати керак эмас, менга ўзбегимизнинг таом тарафидан дунёга танилса бўлди. Ёшим ҳам 55дан ўтди. Ўзбекистонимиз жуда зўр жой эгаллаган. Буюк Ипак Йўли бошидан кириб оёғидан чиқиб кетган. Ҳа, бу йўлда нафақат мол-мулк ташилган: унда ҳунармандлар, ошпазлар, этикдўзлар, қурувчилар юрган. Ошпазлар ҳам карвон саройларда ишлашиб, энг зўр таомларни Ўзбекистонда қолдирган. Ўзбеклар бошқа давлатнинг овқатини пиширса ҳам ўзбекона қилиб пиширади! Масалан, Ўзбекистонда Украина борши ҳам Украинаники, ҳам Ўзбекистон зираворлари мазасини беради. Лекин Ўзбекистон миллий таомлари ҳозирча дунёга танилгани йўқ. Яқинда у Европага ҳам чиқиб, Италия, Франция қаторига кириб, улардан ўтса ўтадики, бас келмайди, Худо хоҳласа,- дейди Ҳаким Ғаниев.

Унинг айтишича, “Манти-Понтида” лағмонни ейиш тезлиги бўйича ҳам Гиннесс рекорди ўрнатилган.

Суҳбатимиз сўнггида ошпаз анчадан бери ош пишириш бўйича рекорд ўрнатишга тайёргарлик кўраётганини айтди. Ҳакиим ака 2,5 тонна ош пишириш бўйича Гиннесс китобига кирган Урумчи ошпазлари рекордини янгилаш ниятида:

- Ижевскда чўян заводи бор. Ўша ер билан гаплашдим, ноябрда борсам ва улар 3 тонна ҳажмдаги ош сиғадиган қозон қўйиб берса, бирор жойда янги рекорд ўрнатамиз. Гап шундаки, рекорд учун қозон бутун бўлиши керак, битта. Минскда ҳам лағмон пиширишда алоҳида 250 литрлик қозон, 500 литрлик кастрюл заказ қилинди. Шу фурсатдан фойдаланиб, бутун юртдошларимга, ҳаммаларига салом, оила аъзолари билан кам бўлишмасин. Мусофирчиликда юрган йигит-қизлар ота оналарини эсдан чиқармасин,- деди Ҳаким Ғаниев.

Эслатиб ўтиш жойизки, бу натижа ошпазнинг иккинчи Гиннесс рекорди.

2013 йилнинг 3 октябрида Москвадаги “Қозон” ўзбек ресторанида Ҳаким Ғаниев ўз касбдошлари билан бирга қарийб бир ҳафта ҳозирлаган норин тайёрлаш бўйича Гиннес рекордлар китобига киритилган эди. Оғирлиги ярим тоннадан ошган бу норинни ҳозирлаган Россиядаги ўзбек ошпазлари Наманганнинг Норинида 2011 йилда ўрнатилган олдинги рекордни ортда қолдирган.

Анча йиллардан буён Москвада фаолият олиб бораётган ва ўзбек ошхонасини рус шинавандаларига қатор телекўрсатувлар орқали танитаётган Ҳаким ака ўз соҳаси бўйича қатор китоблар муаллифи ҳамдир.

Унинг ўзбек таомларига бағишланган жами еттита китобдан иборат “Ҳаким Ғаниев билан шарқона зиёфат” (“Палов”, “Шашликлар”, “Ўзбек ошхонаси” ва бош.) серияси чиққан. Ҳаким Ғаниев Ўзбекистон Ошпазлар Ассоциацияси аъзоси.

Фарғона водийсининг Марғилон шаҳрида таваллуд топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG