Линклар

logo-print

Максим Бакиев иккинчи марта бир умрга кесилди


Максим Бакиев (ўртада) Лондонда ўзининг мақоми белгиланадиган суд жараёнига кетмоқда, 7 декабрь 2012 йил.

Максим Бакиев (ўртада) Лондонда ўзининг мақоми белгиланадиган суд жараёнига кетмоқда, 7 декабрь 2012 йил.

Бишкек суди 22 октябрь куни Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максимни сиртдан умрбод қамоқ жазосига, унинг бизнес ҳамкорлари Евгений Гуревич ва Михаил Наделни сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Максим Бакиевлар оиласининг сиртдан қамоққа ҳукм қилинган тўртинчи аъзоси бўлди.

Максим Бакиев, Евгений Гуревич ва Михаил Надел Қурмонбек Бакиев президент бўлиб турган даврда “Азия универсал банк” орқали Қирғизистон Ижтимоий ҳимоя жамғармасига тегишли бўлган 2 миллиард қирғиз сўмини хорижга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетганликда айбдор деб топилди.

Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди ҳукмида Бакиев, Гуревич ва Наделдан Қирғизистон ҳукумати фойдасига 3 миллиард қирғиз сўмини ундириб олиш шартлиги қайд этилган. Бу уч шахс суд ҳукми билан сиртдан 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

2010 йил апрель ойида Қурмонбек Бакиев халқ исёни йўли билан ҳокимиятдан ағдарилгач, Максим Бакиев, Евгений Гуревич ва Михаил Надел Қирғизистонни тарк этган эди. Кўп ўтмай Максим Бакиев Лондонда яшаётгани аниқланган. Британия Бишкек расмийларининг Максим Бакиевни Қирғизистонга қайтариш илтимосига рад жавобини бериб келмоқда.

-Максим Бакиевни ҳеч қачон Қирғизистонга қайтаришмайди. У Лондонга Латвия самолёти билан учган. Лондонда уни адвокатлари кутиб олган. У самолётдан тушибоқ ўзини Британия полицияси қўлига топширган. Британия қонунларига мувофиқ ўз ватанида жиноий жазодан қочиб, Британияга борганлар ортга қайтарилмайди, -деди Қирғизистоннинг Лондондаги собиқ элчиси Кубан Мамбеталиев.

Октябрь ойининг бошида Қирғизистонга иш сафари билан келган Британия адлия вазири лорд Эдвард Фолкс журналистлар билан учрашув пайтида Максим Бакиевнинг Лондондаги мақоми юзасидан саволларга жавоб беришдан бош тортган эди:

-Бирлашган Қиролликдаги ҳар қандай одамнинг мақоми юзасидан шарҳ беришдан олис бўлишимиз керак, -деган эди Фолкс.

Максим собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг кичик ўғли. У Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан коррупцияда айбланиб. 2010 йилда халқаро қидирувга берилган эди.

Максим Бакиев биринчи марта 2014 йилнинг апрелида Бишкек суди томонидан Қирғизистонда тадбиркорлик билан шуғулланган Британия фуқароси Шон Дейлига суиқасд уюштиришда айбдор деб топилиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2010 йил 7 апрелдаги халқ исёнидан сўнг Қирғизистондан қочиб Белорусдан бошпана топган Қурмонбек Бакиев ва унинг атрофидаги 28 одамга жиноят ишлари очилган. Қурмонбек Бакиев, унинг катта ўғли Марат Бакиев, укаси Жениш Бакиев жорий йил 25 июлида Қирғизистон суди ҳукми билан сиртдан узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган эди.

XS
SM
MD
LG