Линклар

"Дода" ўтадиган пайтда Лоланинг уйига ўғри тушди


Ўзбекистонлик хонанда Лола Йўлдошева.

Ўзбекистонлик хонанда Лола Йўлдошева.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Лола Йўлдошеванинг Тошкентдаги уйига ўғри тушди. Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими вакиллари хонанданинг уйига босқинчилик қилинганини ва бу юзадан жиноят иши очилганини тасдиқлашди.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Лола Йўлдошеванинг Тошкентдаги уйига ўғри тушгани ҳақида Озодлик манбалари хабар қилишди.

"22 октябрь куни Лоланинг онаси Гулнора Йўлдошева яшайдиган Мирзо Улуғбек туманидаги уйига номаълум шахслар босқинчилик уюштирган", деб ёзди Озодлик манбаси Whatsapp орқали.

Бу хабарни хонанданинг қўшниларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, тасдлиқлади.

– Кеча эрталаб тўққиз яримларда ўғри тушган. Уйида онаси бўлган, онасини уриб, унга шикаст етказишган ва қочиб кетишган. Ҳозир Лоланинг уйини милиция ўраб олган,- деб билдирди хонанданинг исми сир қолишини истаган қўшниси.

Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси Лола Йўлдошеванинг уйига босқинчилик уюштирилганини тасдиқлади.

– Ҳозир бу иш прокуратурага оширилган. Номаълум шахслар Лола Йўлдошеванинг уйининг эшигини синдириб, тилла тақинчоқларини олиб кетишган. Онасига тан жароҳати етказишган. Ҳозирча жиноятчилар ушлангани йўқ, қидирилмоқда,- деди Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими расмийларидан бири.

Хонанданинг яна бир қўшниси сўзларига кўра, Лоланинг уйига ўғри президент Ислом Каримов кортежи йўлдан ўтадиган пайтда босқинчилик қилинган.

– Уларнинг ҳовлиси Миро Улуғбек туманидаги Мудофаа вазирлиги ёнида, Фанлар академияси олдида, шундоққина президент трассасининг бўйида жойлашган. Айнан "Дода" (Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов назарда тутиляпти-таҳр.) ўтадиган пайтда ўғри кирган,- деди хонанданинг қўшниси.

Лоланинг уйига ўғри нима мақсадда тушгани маълум эмас. Хонанданинг ўзини таништирмаган маъмури ўғирлик фактини тасдиқлаб, бу юзасдан изоҳ бера олмаслини билдирди.

– Шунақа бўлган, лекин бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман,- деди Лола Йўлдошеванинг маъмури.

29 ёшли хонанда Лола Йўлдошева ёшлигидан қўшиқ айтиб келади. У 2005 йилда энг яхши қўшиқ номинацияси бўйича “Тарона” мукофотини олган эди.

Ўша йили Лола турмушга чиқиб, эстрадани тарк этган эди. 2011 йилда эридан ажрашганидан сўнг у яна сахнага қайтди.

У эстрада қўшиқчиси Шахзода (асл исми Зилола Мусаева-таҳр.) билан бирга бир қатор филмларда ҳам суратга тушган.

Лола Йўлдошева "Тарона рекордс" студияси раҳбари Равшан Йўлдошевнинг қизидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG